Мақолалар

КАСБ-ҲУНАР – КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИ

Чоп этилди Avgust 19, 2019 КАСБ-ҲУНАР – КЕЛАЖАК ПОЙДЕВОРИda fikr bildirishni o'chirish

Имом Байҳақий (раҳимаҳуллоҳ) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оила­сини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ тао­лога юзи ўн беш кунлик ойдек ёруғ бўлган ҳолида йўлиқади” (Имом Байҳақий ривояти).

Энг улуғ зотлар саналмиш пайғамбарлар ҳам ўз ризқларини ҳалол пешона терлари билан топганлари, яъни касб-ҳунар билан шуғулланганлари барчамиз учун буюк ибратдир. Улар ризқ Аллоҳ тарафидан эканини билган ҳолларида ҳам ҳунарсиз ўтирмадилар. Тарихдан маълумки, Одам (алайҳиссалом) деҳқончилик, Нуҳ (алайҳиссалом) дурадгорлик, Довуд (алайҳиссалом) темирчилик, Идрис (алайҳиссалом) эса хаттотлик билан шуғулланганлар.

Маълумки, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, ўз касбининг моҳир устаси бўлиш учун ана шу касбга тааллуқли илмни мукаммал эгалламоқ керак. Касбига муҳаббати бор инсон ўз меҳнатидан чарчамайди, балки роҳатланади. Касби туфайли атрофдагиларга ёрдами тегса, инсон ўзини бахтли ҳисоблайди. Шунинг баробарида Аллоҳ таолодан улуғ ажру ҳасанотлар берилишига муносиб эканини ҳис қилиш билан руҳияти енгил тортади, имони қувват олади.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракатгина каффорат бўлади”, деб марҳамат қилганлар.

Дарҳақиқат, инсон ҳалол меҳнати билан улуғ савоблар ваъда қилинган даражотларга эришиши мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир ҳадисда: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳунарманд мўминни севади”, деганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг яна бирида: “Ҳеч ким қўл меҳнати билан топган таомидан кўра яхшироқ нарса еган эмас. Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд (алайҳиссалом) ҳам қўл меҳнати орқали кун кўрганлар”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Халқимизда фарзандларни ёшлигидан бирор ҳунарга ўргатиш мақсадида устозга шогирд беришдек жуда яхши анъана бор. Истиқлолнинг шарофати билан бугун она заминимизда сертароват, жаҳон андозаларига тўла мос келадиган юзлаб касб-ҳунар коллежлари бунёд этилди. Ўсиб келаётган ёш авлод бугуннинг энг илғор техника ва технологияларини мукаммал эгаллашини таъминлаш мақсадида ушбу ўқув таълим муассасалари юқори сифатли анжомлар билан жиҳозланиб талабаларга такдим этилди. Бу ҳам бўлса ёшларга бўлган эътибор ва ишонч тимсолидир.

Мана шундай юксак эътиборни қадрига етиб, ўз вақтида ўқишларни бажариб, мен, албатта, келажакда элимга, юртимга хизмат қиламан деб ҳаракат қилиш ҳар бир ўқувчининг асосий мақсади бўлмоғи лозим.

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг фарзандларимизни салоҳиятли ва комил инсон бўлиб улғайишида Ўзи мададкор бўлсин.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм