Мақолалар

Яшнаб турсин яшил оғочлар

Чоп этилди Avgust 20, 2019 Яшнаб турсин яшил оғочларda fikr bildirishni o'chirish

Тоза ҳаво корхоналари

Ён-атрофга, борлиққа теранроқ боққан киши Аллоҳнинг белги-аломатларини топади. Сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлар – барча-барчаси собит қонуният асосида яшаётганини кўради. Лекин инсон кўпда ҳам бу белгиларга эътибор беравермайди. Масалан, ҳавони олайлик. Озгина нафас олмай турган ёки ифлос ҳаво ютган киши тоза ҳавонинг қадрини бирдан англайди. Назарий жиҳатдан олганда, завод-фабрикалар ва транспортлардан чиқаётган заҳарли газлар туфайли аллақачон ҳаво қолмаслиги керак эди. Аммо у тозариб-янгиланиб қолаверади. Бунинг энг асосий сабабчилардан бири дарахтлардир.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотига қараганда, ўрмонлар қуруқликнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этади, умумий майдони 38 миллиард квадрат километр атрофида. Унинг 264 миллион гектари ёки 7 фоизи инсон қўли билан бунёд бўлган. Ер юзи ўсимликлари биомассасининг 80 фоизи дарахтлардан иборат.

Дарахтлар ва дарахтзорларнинг фойдали хусусиятлари ҳақида жилд-жилд китоб ёзиш мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, бир гектар дарахтзор йилига ўн саккиз миллион куб метр ҳавони тозалаб беради. Ўрмонлар сув айланишларини тартибга солади, дарёларнинг мунтазам тўлиб оқишига шароит яратади, ерости сувларини “сузгичдан ўтказади”, иқлим мўътадиллигини таъминлайди, ҳавонинг мавсумий кескин исиши ёки совушини енгиллаштиради, шамолнинг кучини кесади ва ҳоказо.

 

Дарахтлар – шаҳарларнинг санитарлари

Жаҳоннинг Ню Йорк, Лондон, Париж, Токио, Москва, Пекин, Берлин каби мегаполисларида йирик экопарклар қурилган. Бу бежиз эмас. Тоза ҳаводан нафас олмаган, миясига етарли миқдорда кислород етиб бормаган кишининг соғлиғига, энг аввало асабига путур етади. Агар бу ҳолат оммавий тус олса, бир-бирини ҳурмат қилмайдиган, жиззаки, худбин одамлар жамияти шаклланиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам шаҳар-қишлоқларнинг экотизими, “яшиллик” даражаси умуммиллий даражадаги муҳим масаладир.

Ҳавони чанглардан, заҳарли моддалардан тозалагани сабабли ҳам дарахт ва буталар зич жойларда намлик ва кислород кўп, натижада ҳаво соф ва ёқимли.

Яшил парклар шовқин ютиш қобилиятига ҳам эга. Бундай жойга келган киши шаҳар ҳудудини тарк этмай туриб, табиатдан баҳраманд бўлади, кўксини тўлдириб нафас олади, ҳиссий-асабий тарангликдан қутулади, куч-ғайрат тўплайди.

Барча шаҳарларимизда ана шундай яшил паркларни қуриш, борларини кенгайтириш, дарахтларнинг сон ва сифатини ошириш керак. Биргина боғлар эмас, йўл бўйлари, хиёбонлар, умуман, дарахт ва бута экиш мумкин бўлган ҳар қандай жойдан фойдаланиш зарур.

Экотизимнинг жиноятчиликка қарши курашда ҳам ўрни беқиёс. Италияда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳавоси ва суви ифлосланган шаҳарларда электр энергиясини исроф қилиш, жиноятлар ва йўр ҳаракати ҳодисаси қурбонлари сони кўплиги кузатилган. Масала фақат шаҳарларга тегишли эмас. Қишлоқлар, далаю йўлларда ҳам дарахтлар кўпайиши керак.

Ород денгизининг суви қуриган ҳудудларида яратилган иҳота ўрмонларининг ҳам экологияга таъсири беқиёс. Дарахт ва буталар тупроқ мустаҳкамлигини ошириб, чанг-қум кўтарилишини камайтиради, тупроқ ва ҳаво таркибида намликни кўпроқ ушлаб туришга хизмат қилади.

 

Динимиз нима дейди?

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қиёмат бошланса ва бирингизнинг қўлида кўчат бўлса, қиёмат қоим бўлмасдан уни экишга улгурса, экиб қолсин”, деганлар (Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад”да ривоят қилган). Ҳадиснинг маъноси кенг. Уст маъноси эса бевосита мавзумизга тегишли. Қаранг, қиёмат бўлиши аниқ, экилаётган ниҳол мева бериши тугул, кўкариши амримаҳол. Лекин эзгу ва савобли ишни тўхтатмаслик керак.

Баъзи бир манзараларга кўзи тушганда ичи ачийди одамнинг. Суви бор, имкони етарли ерлар ҳам баъзида Саҳройи Кабирни эслатадиган ҳолга келади. Ҳайҳотдай томорқа бўм-бўш ёки бир пайтлар беда сочилган-у, ҳозир қаровсиз, ўсиб, хунуклашиб, ерга қапишиб ётибди. Ўша ерда яхшигина боғ барпо этиш ёки деҳқончилик қилиш мумкин.

Юқорида дарахтларнинг камайиши одамлар ва шаҳарлар ҳаётига қай даражада таъсир этиши, турли касалликлар ва жиноятчилик ортишига олиб бориши ҳақида тўхталдик. Дарахтларни сабабсиз ёки пул илинжида кесаётганлар Яратганнинг олдида албатта жавоб беришини унутмаслиги керак. Бу оддий ўғирлик ёки талончилик эмас, кўпчиликнинг ҳаққига, жамият ҳаққига тажовуздир. Ҳатто ўз мулки бўлган дарахтни арзирли сабаб билан кесаётган киши ҳам унинг ўрнига албатта бошқасини экиши зарур.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) борлиққа, жонли-жонсиз табиатга ғамхўр бўлишни, жумладан, дарахт экиб, боғ яратишни таълим берганлар. Анас ибн Моликдан ривоят қилинган бир ҳадисда: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки экин-тикин қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта, унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, дейилади (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти).

Агар ҳовлингиз, томорқангиз, уйингиз атрофида бўш жой бўлса, уни қаровсиз қолдирманг. Экин-тикин қилинг, рўзғорингизга ёрдам бўлади – харажатингиз камаяди; мабодо ортса, қўшимча даромадга ҳам эга бўласиз. Боғ яратинг, эккан дарахтларингиз мевасидан ё соясидан болаларингиз, невараларингиз, яқинларингиз, қўни-қўшнилар, ўтган-кетганлар, келгуси авлодлар ҳам баҳраманд бўлсин. Сизни эслаб, ҳаққингизга дуолар қилишсин. Ҳатто номингиз эсланмаса ҳам, биров дуо қилмаса ҳам, савоби ёзилиши аниқ. Чунки бу билан бир уммат сифатида Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг ўгитига амал қилган, яқинларингизга, бегоналарга, табиатга меҳр кўрсатган бўласиз ва натижада Яратганнинг иноятига эришасиз, иншоаллоҳ.

Ориф ТОЛИБ

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан