Мақолалар

ВАҚТНИ ҚАДРЛАШ ХУСУСИДА

Чоп этилди Avgust 20, 2019 ВАҚТНИ ҚАДРЛАШ ХУСУСИДАda fikr bildirishni o'chirish

Вақтга катта эътибор берадиган, ҳатто уни ҳақиқий ҳаёт деб биладиган мусулмон кишининг вақт олдидаги вазифалари бор. Шундай экан, ҳар бир муслим уни кўз ўнгига келтирган ҳолда чуқур идрок этмоғи ва уни маърифат, идрок доирасидан имон ва эътиқод доирасига, ундан сўнг эса амал қилиш ва ижро этиш доирасига кўчириши лозим.

Мусулмоннинг вақт олдидаги биринчи вазифаси вақтдан унумли фойдаланишга интилиш, уни худди молини асрагандек, балки ундан ҳам ортиқроқ қиймат бериб асрашдир. Вақтнинг ҳар бир сониясидан унумли фойдаланиб қолиши, дини ва дунёсида фойда берадиган, миллатини яхшилик ва фаровонликка, моддий ва маънавий юксалишга олиб борадиган ишлар билан машғул бўлиши лозим. Ўтмишдаги олимлар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) вақтларига қизғанчиқроқ бўлишган, чунки улар вақтнинг қийматини бошқалардан кўра яхшироқ билишган.

Ҳасан Басрий айтади: “Мен бир қавмни кўрдим, сизларга қараганда улар вақтларига дирҳаму динорларидан ҳам кўра ҳирслари қаттиқ эди!” Яъни, улар вақтларини доимий амал билан обод қилишга қизиқувчан, уни беҳуда кетишидан ўта эҳтиёткор эдилар.

Умар ибн Абдулазиз айтади: “Кеча ва кундуз сенинг вужудингда ўз ишини кўрсатяпти, демак, сен ҳам уларга амал қилиб қол!”

Олимлар: “Манфурликнинг аломати вақтни зое кетказишдир”, деб уқтиришган. Ва яна: “Вақт бир қиличдир, агар сен уни кесмасанг, у сени кесади!” дейишган. Улар (олимлар) ўзлари турган мавқедан яна ҳам гўзалроқ даражага интилар эдилар. Шу жиҳатдан уларнинг бугуни кечасидан, эртаси бугунидан афзалроқ бўлар эди. Бу хусусда улардан бири: “Кимнинг бугуни кечаги куни каби бўлса, у алдангандир ва кимнинг бугуни кечагисидан ёмон бўлса, у лаънатлангандир!” деган.

Улар вақтларини манфаатли илм таҳсил қилишга, фойдали ишларга ё нафс тарбияси, ёхуд бошқаларга фойда келтиришга сарфлашларидан ташқари бирор кунни ва ё қисқа бир муддатни бўлсин, беҳуда ўтказишдан қизғанишар эди. Токи ўзлари сезмай қолиб, умрлари бекорчи ишларга сарф бўлиб, гарду ғуборга, кўпикка айланиб кетмасин. Ўтаётган ҳар бир кунни ҳам ўзи учун ва ҳам атрофдагилар учун илм, маърифат, имон ва эзгуликларни юксалтиришга фойдаланмасликни улар Аллоҳ неъматига ношукрчилик ва вақтга ҳурматсизлик бўлади, деб ҳисоблашар эди.

Ибн Масъуд (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Мен бир куннинг қуёши ботиб, ажалим билан орамиздаги масофа қисқариб, ўша кунги яхши ишларим кўпаймаганига қилган пушаймонимдек пушаймон қилмадим!” Бошқа бир сўзида: “Агар кун ўтган ва мен ўзимни Аллоҳ таолога яқин қиладиган илмимни зиёда қилмаган бўлсам, шу куннинг чиққан қуёши мен учун баракали бўлмагандир”, дейди. Мазкур сўзни баъзилар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га нисбат берадилар. Бироқ Ибн Қайюм ўзининг «Саодат калити» номли асарида бу тахминни рад қилиб, ушбу сўз баъзи саҳоба ёки тобеинларга тегишли эканини таъкидлайди.

Қуръони каримда:

وَاضْرِبْ لَهُمْ مَثَلَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنْزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ فَأَصْبَحَ هَشِيمًا تَذْرُوهُ الرِّيَاحُ وَكَانَ اللَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ مُقْتَدِرًا

«(Эй Муҳаммад! Одамларга) дунё ҳаёти мисолини келтиринг. (У) худди бир сув кабидирки, Биз уни осмондан ёғдиргач, (баҳорда) у сабабли ер ўсимликлари (бир-бирига) аралашиб (қалинлашиб) кетур, сўнгра (кузда) шамоллар учириб кетадиган хашакка айланиб қолур. Аллоҳ ҳамма нарсага қодир Зотдир», дейилган (Каҳф сураси, 45-оят).

إِنَّمَا مَثَلُ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا كَمَاءٍ أَنْزَلْنَاهُ مِنَ السَّمَاءِ فَاخْتَلَطَ بِهِ نَبَاتُ الْأَرْضِ مِمَّا يَأْكُلُ النَّاسُ وَالْأَنْعَامُ حَتَّى إِذَا أَخَذَتِ الْأَرْضُ زُخْرُفَهَا وَازَّيَّنَتْ وَظَنَّ أَهْلُهَا أَنَّهُمْ قَادِرُونَ عَلَيْهَا أَتَاهَا أَمْرُنَا لَيْلًا أَوْ نَهَارًا فَجَعَلْنَاهَا حَصِيدًا كَأَنْ لَمْ تَغْنَ بِالْأَمْسِ كَذَلِكَ نُفَصِّلُ الْآَيَاتِ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

Ояти каримада инсон умрининг баҳори – ёшлик даври ва кузи – кексалик айёми экани ҳақида мисол келтирилмоқда. «Ҳақиқатан, дунё ҳаётининг мисоли худди Биз осмондан туширган сув (ёмғир) бўлиб, одамзод ва ҳайвонот ейдиган нарсалардан иборат ер гиёҳлари у билан аралашиб, то ер ясаниб ва зийнатлангач, ер эгалари ўзларини унга қодир деб билган бир пайтда, ерга тунда ёки кундузи Бизнинг амримиз келиб, уни кечаги куни обод бўлмагандек (йиғиб олинган) ҳосилга айлантириб қўйганимизга ўхшайди. Тафаккур қилувчи қавм учун (Биз) оятларни шу тарзда батафсил баён қилурмиз» (Юнус сураси, 24-оят).

Охиратда зое кетказилган умр учун афсус-надомат чекиб, бу дунёга яна бир марта қайтиш сўралганида, Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ

«…Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳгантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!..» деб хабар беради (Фотир сураси, 37-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладиларки: “Бешта нарсадан олдин бешта нарсани ғанимат билинг: кексалигингдан олдин ёшлигингни, бетоб­лигингдан олдин саломатлигингни, камбағаллигингдан олдин бойлигингни, бандлигингдан олдин бўш вақтингни, ўлимингдан олдин тирик­лигингни” (Иккала шайх ривоят қилган).

Ушбу ҳадисга биноан, ёшликни кексалик келишдан олдин ғанимат билиш ҳар бир ўспирин учун жуда муҳимдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўғри нарсадан сўралмагунча, жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани” (Имом Термизий ривояти).

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ҳикматларидан бирида бундай дейилади: «Ҳар куни тонг ёришганида Аллоҳ таоло томонидан бир жарчи: “Эй Одам боласи! Мен янги кунман, сенинг барча амалингга гувоҳман. Мендан солиҳ амаллар қилиб фойдаланиб қол, чунки мен то қиёматгача қайтмайман”, деб жар солади.

Ислом динида вақтнинг қадри баланд бўлгани учун ҳам тонгда эрта уйғонишга тарғиб қилинган. «Аллоҳ таоло ўз бандалари ичида ғайратлисини ёқтиради» (Имом Табароний ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса: «Ёшларингизнинг яхшилари ўзини катта ёшдагилардан оғир тутадиганлардир. Катта ёшдагиларнинг ёмони эса ўзини ёш болалардек енгил тутадиганларидир», дейилган (Имом Табароний ривояти).

Мусулмон киши ўтаётган ҳар кечаю ҳар кунидан ибрат олмоғи лозим. Чунки кеча ва кундуз янгиларни эскитади, узоқларни яқин қилади, умрларни қисқартиради, ёшларни қаритади, кексаларни фонийлик сари етаклаб ўтаверади.

Албатта, мусулмон киши замоннинг ўтиши, кеча ва кундузнинг алмашинуви хусусида фикр юритмаслиги мумкин эмас. Ўтаётган ҳар бир кун, балки кечаётган ҳар бир соатда, балки тугаётган ҳар бир лаҳзада борлиқ ва ҳаётда турли ҳодисалар рўй бермоқда. Баъзиларини кўрамиз, баъзиларини кўрмай ҳам, билмай ҳам қоламиз. Ер жонланади, уруғ униб чиқади, ўсимлик гуллайди, гул мева тугади, ҳосил йиғиштирилади ва экин хас-чўпга айланиб, шамоллар уни учириб кетади. Ёки она қорнидаги бола шаклланади, бола туғилади ва чақалоқ ўсиб, ўсмир улғайиб, улғайган кексайиб, кексалар вафот этади.

Осмон ва Ер курраси тинмай айланар экан, инсонлар енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат орасида айланаверади. Улар ақли бор кимсаларга бир сабоқ, қалби борларга панду насиҳат, кўзи очиқларга ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб эгалари шуурдан, кўз эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм