Мақолалар

Унутилмаган, аммо ўрганилмаган аллома Ибн Синога муносиб авлод бўла оляпмизми?

Чоп этилди Avgust 17, 2019 Унутилмаган, аммо ўрганилмаган аллома Ибн Синога муносиб авлод бўла оляпмизми?da fikr bildirishni o'chirish

 

 

Алломаларни одатда таваллуд кунларида эслаймиз, улар ҳақида матбуотда мақола эълон қиламиз, тадбирлар уюштирамиз. Мақолалар ўқилади ё ўқилмайди, тадбир эса якунланади одамлар тарқалади, муаммолар унитилади. Уламоларимизга бўлган ҳурмат ва эътиборимиз афсуски шундай – уларни таввалуд айёмларида эслашдан иборат.

Бугун тиббиёт соҳасига беқиёс ҳисса қўшган олим – Абу Али ибн Сино таваллуд топган кун. Ибн Сино номи билан фахрланамиз, шундай буюк олим авлодлари эканлигимизни бот-бот такрорлаймиз, бироқ олимга бўлган ҳурмат фақатгина қоғозда ва баландпарвоз сўзларда қолиб кетмаяптими? Унинг қолдирган мероси бугун тўлиқ ўрганиляптими? Ибн Синонинг китоблари тиббиёт билим юртларида ўрганиладими?

Хитой, Корея давлатлари неча минг йиллик халқ табобатини асрлар оша бугунги кунгача сақлаб қола олган ва ривожлантирган. Биздачи, тиббиёт олий ўқув юртларида Ибн Сино меросини татбиқ қилувчи факультет ёки бўлимлар борми?

Мазкур саволларга жавоб топиш мақсадида 1999 йил Президент қарори билан ташкил этилган Ибн Сино фонди мутахассисларига мурожаат қилдик.

Ибн Сино фонди Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг бир бурчагидаги кондиционерсиз, таъмирланганига чамаси 15 йилдан ошган тор хонада жойлашган экан. Фонд томонидан нашр этилган китобларга тўла жавонлар ва икки компьютер унинг бор бойлиги. Хонада халқаро тадбирларда фонд жамоаси қўлга киритган статуэтка, дипломлар учун ҳам жой ажратилган. Фонд идораси содда кўринишда бўлса-да, унинг эришган ютуқлари ва фаолияти бизни ҳайрон қолдирди.

 

ХАЛҚ ТАБОБАТИ ХАЛҚАРО ТАЖРИБАДА ҚАНДАЙ?

Нозимхон МАҲМУДОВ, 

Абу Али Ибн Сино фонди раҳбари:

– Ибн Сино замонавий тиббиёт асосчиси, дея бемалол айта оламиз. Чунки, унинг изланишлари бугунги кун замонавий тиббиётига асос бўлиб хизмат қилмоқда. Ибн Сино тиббиётнинг Ал-Бухорийси бўлган. У Хитой, қадимги Рим, Юнон тадқиқотчилари илмий меросини ўрганиб, тўғриларини ажратиб олган. Ибн Синонинг аксарият асарлари фалсафий маънога ҳам эга. У руҳ ва танани биргаликда даволаш тамойилини илгари сурган. Бугунги кундаги замонавий ускуналар руҳни даволамайди. Ҳозирги кунда тиббиётда инсоннинг ҳар бир аъзоси алоҳида даволанади. Ибн Сино эса инсон танасини комплекс, касаллик келиб чиқиш сабабларига беморнинг яшаш тарзи ва шароитларини эътиборга олган ҳолда даволашни таклиф этади.

Хитой, Корея давлатларида замонавий тиббиёт билан биргаликда халқ табобатидан кенг фойдаланилади. Шифохоналарда беморга ўз хоҳишига кўра, халқ табобати даво усулларидан фойдаланишга имкон берилади. Биз эса собиқ иттифоқ даврида халқ табобатидан бутунлай воз кечдик ва ҳозирги кунгача уни тўлиқ тиклаб, ўргана олмаяпмиз. Бугунги кунда ҳам халқ табобатига, Ибн Сино меросига эътибор етарли даражада дейиш амримаҳол.

Президентимизнинг фармонларидан сўнг табиблар фаолиятига ҳуқуқий асос берилди, энди илмий йўналиш берилиши лозим. Бу биз олмларнинг зиммасидаги иш. Бизда табиб мутахассислар йўқ. Халқ табобати илмий даражада ўрганилишида муаммолар бор. Хитойда халқ табобати институтлари бор. Хитойнинг игна билан даволаш усуллари бутун жаҳонда машҳур, институтларда 7 йил давомида халқ табобати курслари ўргатилади. Бизнинг халқ табобати илмимиз ҳам Хитойникидан қолишмайди, афзалликлари ҳам бор. Бироқ уни ўрганиб, ривожлантираётанимиз йўқ. Биз ҳозирда Тошкент врачлар малакасини ошириш институти билан ҳамкорликда ҳеч бўлмаса икки йиллик табиблар учун махсус курслар ташкил қилишни кўзлаяпмиз. Замонавий тиббиёт мутахассисларига ҳам халқ табобати илмини ўрганишлари фойдадан холи бўлмайди. Аммо, бугунги кунда тиббиёт билим юртларида, врачлар малакасини ошириш институтларида халқ табобатини ўрганишга ва ўргатишга жиддий эътибор берилмаяпти. Тиббиёт билим юртларида Ибн Синонинг биографиясини ўргатиш билан чекланилади. Халқаро тажрибада янги тенденция вужудга келган. У халқ табобати ва замонавий тиббиётни бирлаштириб интегратив равишда ўрганиш ғоясига асосланган. Биз ҳам халқ табобати бўйича кадрларни тайёрлашимиз керак.

Ибн Сино тўплаган илмни талаба ва шифокорларга беришдан аввал, у қолдирган асарларни тўлиқ таржима қилиш, ўграниш керак. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида Ибн Сино 50 номдаги асарининг 60 та қўлёзмаси сақланади. Китоблар тарижимаси билан бирга халқ табобати бўйича мутахассисларни тайрлашга эътибор қаратсак, сохта табиблар сафи камаяди. Чунки, биз хоҳлаймизми, йўқми инсонларда табибларга бўлган эҳтиёж бор. Маълум бир одамлар замонавий кимёвий дорилар эмас, шифобахш ўсимликлар ёрдамида даволанишни афзал кўради. Бугунги кунда жаҳонда ҳам кўпчилик табиий воситаларга жиддий эътибор қаратмоқда. Ҳиндистон неча минг йиллик табобат илмини ривожлантириш, замонга мослаштириш билан фармацевтика соҳасида дунёда етакчи ўринга чиқиб олган. Биз ҳам илмий меросимизни ўрганиб, замонга мослаштирсак, фармацевтика бўйича импорт дориларга талаб қолмайди. Бунинг учун илмий салоҳиятни кучайтириш керак. Фонд илмий жамоаси томонидан Ибн Сино мероси асосида 10 га яқин илмий китоблар 1 ёки 2 нусхада чоп этилди. Уларни кўп ададда чиқаришга маблағ етарли эмас. Фонд молиялаштиришдаги муаммоларга қарамай ҳар йили Бухорода Ибн Сино ўқишлари кунини ўтказиб келади. Жорий йилинг 20-21 сентябрь кунлари ҳам илмий амалий анжуман ўтказилади. Франция, Туркия ва исроиллик олимлар тадқиқотларимизга юқори баҳо беришмоқда. Ўзимизда эса…

 

“ИБН СИНО МЕРОСИНИ ТАРИХЧИ, ФАЙЛАСУФ, ШАРҚШУНОС ВА ДИНШУНОСЛАР ҲАМКОРЛИКДА ЎРГАНИШИ КЕРАК”

Фахриддин ИБРАГИМОВ, 

шарқшунос, манбашунос:

Ибн Сино меросини ўрганиш фақатгина тиббиёт ходимларининг вазифаси эмас. Олимнинг қўлёзмаларини ўрганишда шарқшунос, диншунос ва шифокорлар бирлашиши керак. Туркияда аллома асарларининг 1 минг 180 дан ортиқ нусхалари сақланади. Буларни ўрганиш бизнинг зиммамиздаги қарз эмасми?

Шу кунгача Ибн Сина илмий мероси бўйича Эронда 45 та, Туркияда 13 та докторлик иши, 26 магистрлик ҳимояси амалга оширилган. Бизда эса бу рақамлар ҳавас қилгули эмас. Мамлакатимизда бугунги кунда Ибн Сино ҳақида нашр этилаётган асрларнинг аксарияти аслиятга тўғри келмайди. Бунинг сабаби бу асарлар асл манбадан эмас, балки собиқ тузум даврида нашр этилган бирёқлама китобларга таянилган ҳолда чоп этилган. Шу боис Ибн Сино меросини холис ва ишончли манбалардан ўрганиш буюк аллома шахсиятини очиб бериш ва унинг асарларини илмий тадқиқ қилиш имконини беради.

Яқинда Ибн Синонинг шу вақтгача маълум бўлмаган асари – Кичик тиб қонуни Туркияда топилди. Бу асарни Ибн Сино тиб қонунлари қаймоғи дейиш мумкин. Ушбу китобни араб тилидан ўзбек тилига таржима қилдим ва илмий изланишлар олиб боряпман. Туркиялик ҳамкасбларимиз китобни турк тилига ўгирди. Ҳозирги кунда бу китобни ўзбек тилидаги нусхасини кенг ададда чоп этиш ва уни ўрганиш масаласи савол остида турибди. Ибн Сино тиб илмини чуқур ўрганиб, татбиқ этиш учун фонд олдида бир қанча муаммолар бор. Бу кадрлар, китобларни нашр эттириш масалаларидир. Фонднинг илмий мутахассисларидан бўлган Абдукарим Усмонхўжаев Ўзбекистонда ўсувчи фойдали ўсимликлар энциклопедиясини ёзган. Бу жуда фойдали китоб бўлиб, унда ўсимликларнинг қайси қисми илдизими барги ёки гули фойдали эканлиги бўйича маълумот берилган. Мазкур китобни ҳам нашр масаласи муаммолигича қолмоқда. Жаҳонда Ибн Сино қолдирган хазинани тадқиқ қилувчи фондлар, ташкилотлар мавжуд. Эрон, Туркия, Франция, Исроил давлатларида унинг асарларини татбиқ қилишга қизиқиш катта. Эрон тадқиқотчилари Ибн Синони ўз юртдошлари деб билиб, жаҳон ҳамжамиятига ҳам шундай тақдим этмоқдалар. Биз аслида Ибн Сино мамлакатимиз ҳудудида туғилгани, у бизнинг юртдошимиз эканлигини халқаро ҳамжамиятга кўрсата билишимиз лозим.

 

ТИББИЁТ ОЛИЙГОҲЛАРИДА ИБН СИНО МЕРОСИ ЎРГАНИЛАДИМИ?

Қаҳрамон ҲАИТОВ, 

Тошкент педиатрия тиббиёт институти ўқув ишлари бўйича проректори:

– Ибн Сино мероси тиббиёт билим юртларида фан тарихи сифатида ўргатилади. Унда Ибн Сино биографияси ва яратган асарлари ҳақида маълумот бериш билан чекланилган. Бироқ, умуман олганда олийгоҳларда ўргатилаётган фанларнинг ҳар бири замирида Ибн Сино тадқиқотлари мужассам.

ИБН СИНО МЕРОСИНИ ЎРГАНИШГА ХОҲИШ БОР, БИРОҚ МАБЛАҒ…

Ибн Сино фонди илмий мутахассислари етарлича моддий маблағ бўлмаса-да, тадқиқотларни давом эттирмоқда. Алломани ўрганиш бўйича илмий конференциялар ўтказиб келинмоқда. Конференциялар кўламини халқаро миқёсга олиб чиқишни ҳам кўзлаган. Ибн Сино фонди мутахассис ва олимлари маблағлари камлигини рўкач қилиб қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Франция, Исроил, Эрон давлатларида ўтган халқаро анжуманларда қатнашиб турли совринларга эга бўлмоқда. Лекин, фонднинг бугунги кундаги моддий аҳволини унга нисбатан тегишли вазирликлар эътиборини етарли деб бўлмайди. Фонд Ибн Сино меросини ўрганишга бел боғлаган ёшлар сафини кенгайтириш ва уларга турли грантлар ажратиш, бир сўз билан айтганда, олим меросини кенг тарғиб қилиши лозим. Ибн Сино ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш, асарларини ёшлар учун тушунарли, содда тилга ўгириш ҳам фонд мутахассислари режасида бор. Ибн Сино фондининг қоронғу йўлакда жойлашган кичиккина хонасида ўтириб мутахассислар билан суҳбатлашар эканман улар ўз олдиларига қўйган мақсадлари катта эканлигига амин бўлдим. Улар бутун жаҳонга машҳур бўлган алломанинг мероси бугун етарли ўрганилмаётганидан хавотирда. Шунга қарамасдан тегишли ташкилотларни маблағ билан таьминламасликда айблаганлари йўқ. Лекин шуниси аёнки фонд кўзлаган мақсадларни амалга оширишда етарли маблағ ва давлат миқёсидаги эътибор зарур. Баъзи фонд ва ташкилотларга давлат томонидан йирик маблағ ажратилганига қарамай кўпчилик уларнинг нима билан шуғулланаётганини билмайди. Кўпинча улар ОАВларга нишон бўлиб қолади.

Ибн Сино меросини ўрганиш бизнинг қарзимиз. Токи унинг меросини ўрганиб, бугунги кун тиббиётида ҳам фойдали бўлган жиҳатларини олмас эканмиз, ёшларга “Ибн Синодек аллома авлодимиз”, деб фахр туйғусини сингдиришимиздан наф бўлмаса керак. Ал-Хоразмий алгоритмларидан Ғарб олами уяли алоқа воситаларини яратиб, инқилоб қилди. Хитой қадимдан мерос қолган игна билан даволаш усулини бутун дунёга тарғиб қилмоқда. Ҳиндистон қадимий халқ табобатини замонга мослаб, дунёда дори саноати бўйича етакчи бўлди. Биз эса дунёга машҳур Ибн Сино авлодларимиз, деган қуруқ гапдан нарига ўтолдикми?

 

Анора СОДИҚОВА, ЎзА