Мақолалар

Саломатлик оҳисталикда

Чоп этилди Avgust 21, 2019 Саломатлик оҳисталикдаda fikr bildirishni o'chirish

Бугун йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қонун-қоидаларни мукаммаллаштириш ва уларга жиддий риоя этиш тобора аҳамият касб этмоқда. Ислом дини  таълимотларида ҳаётнинг барча соҳаларида тартиб-низом ва қонун-қоидаларга қатъий амал килиш ва ман этилган ҳар қандай ишдан узоқ бўлиш алоҳида таъкидланган. Йўлдан зарар етказувчи тош, сим, шиша каби нарсаларни четга олиб ташлаш ҳам имоннинг бир бўлаги ҳисобланади.

Одобли, мулоҳазали инсон бошқаларга озор бермаслик, қийинчилик туғдирмаслик учун йўлни тўсмайди,  атрофидагиларни ҳурмат қилади. Лекин кейинги пайтларда баъзи кишилар гавжум жойлар, яъни бозорлар, бекатлар, спорт мажмуалари, тўйхоналар, шунингдек, масжидлар (айниқса, жума намози вақтида) олдидаги катта кўчалар ва ҳатто пиёдалар учун йўлакларга  автоуловларини тартибсиз қўйиб кетишлари кўпчиликка қийинчилик туғдирмоқда. Бунинг оқибатида тез тиббий ёрдам ва ўт ўчирувчи машиналар кўчанинг очилишини кутиб қолаётган, кўзланган манзилга бошқа йўллардан айланиб  бораётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:  «Мусулмон киши мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир», деганлар.

Масаланинг яна бир муҳим томони – ҳайдовчилар йўл қоидаларини бузмасликлари, йўл белгиларига қатъий риоя қилиб, тезликни кўрсатилган меъёрдан оширмасликлари  зарур. Афсуски, йўлларда юз бераётган бахтсиз ҳодисаларнинг кўпи ҳайдовчи “учириб” келаётган машинасини кутилмаган вазиятда бошқаролмай, тўхтатолмай қолиши оқибатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шошиш ва ҳовлиқишдан қайтарганлар: “Эй одамлар, хотиржамликка интилинглар. Чунки яхшилик шошқалоқлик билан амалга ошмайди”. Бу кўрсатмага, айниқса, яшил йўлчироқ ёнмасдан туриб йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдалар, ҳаракатга йўл очилишини кутишга тоқати йўқ ҳайдовчилар амал килишлари ўзлари ва ўзгалар учун жуда муҳим, фойдалидир. Озроқ сабр билан ҳаётимизни хатардан сақлаган бўламиз, иншоаллоҳ. Зеро, оҳисталикда саломатлик, шошқалоқликда надомат бўлади, деб бежиз айтилмаган.

                                      

Отабек ЮЛДАШЕВ

Пахтакор тумани бош имомхатиби

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан