Мақолалар

Қалдирғочлар сабоғи

Чоп этилди Avgust 21, 2019 Қалдирғочлар сабоғиda fikr bildirishni o'chirish

Ҳаётимда катта из қолдирган бу воқеага ўттиз йилдан ошди.

Ўшанда май ойи эди. Касалхонадан уйга қайтдим. Дарвозадан киришим. билан ҳовлида безовталаниб учаётган икки қалдирғочни кўрдим. Бобом қурган олди айвонли даҳлиз ва катта хонанинг эшигини очишим билан қушлар мендан олдин ичкарига ўқдай отилишди. Кўзим уларнинг инига тушди. Ярим метрдан узун, теша сопидай йўғонликдаги илон тўсинга ўралиб олган, полапонларни аллақачон ютиб бўлгани аён эди. Қалдирғочлар эса ёрдам сўрагандек чирқиллашарди.

Кечаси оғриқ қаттиқлигидан мен ўз ўрнимда, қушлар инларида ухламай чиқдик. Бир вақт маҳалла масжидидан азон янгради. Шипдаги қалдирғочлар овози тинди. Умримда биринчи марта намоз ўқиш учун турдим. Билганимча таҳорат қилиб ибодатга киришдим. Қизиқ, бу вақт ичида қушлар бирор марта ҳам овоз чиқаришмади.

Шундан кейин каравотимни қулай жойлаштириб, уларни кузата бошладим. Икки ҳафтадан кейин янгитдан тухум қўйиб, галма-гал босиб ёта бошлашди. Ҳаракатларини соатма-соат кузатиб бориб, тартибга қатъий амал қилишларига гувоҳ бўлдим. Нар ва мода қуш ҳар соатда алмашади. Биттаси тухумларни босиб ётса, иккинчиси чиқиб кетиб, роппа-роса йигирма беш дақиқадан кейин жуфтига егулик олиб келади. Қалдирғочларга маҳлиё бўлиб танам кучга тўлаётгани, оғриқларим камаяётганини ҳис қилардим.

Ниҳоят полапонлар очиб чиқди. Улар тўртта эди. Қанотли ҳамхоналарим энди уларга галма-гал емиш таший бошлашди. Чиқиндиларни ҳам навбатма-навбат олиб чиқишар, инларини озода сақлашга ҳаракат қилишарди. Полапонларини 45 кун парвариш қилгач, учишга ўргата бошлашди. Аввал уй ичида учиришди, кейин ташқарига олиб чиқишди. Шу билан бирга, ҳашарот тутиб ейишдан ҳам “сабоқ” беришди.

Куз кунларининг бирида қушлар уй ичини, ҳовлини ҳар дамгидан бошқача айланиб учишди. Худди хайрлашаётгандек… Мен топширган таҳлилларим натижасини олиш учун касалхонага бордим. Уйга хурсанд қайтдим, чунки хасталик бутунлай йўқолган эди! Севинганча қалдирғочларимни қидирдим. Бироқ уларни ҳам тополмадим…

Сўнгги гап. Қалдирғочларда жуда қизиқ ҳолатни кўп кузатдим: улар ҳар гал азон айтилганидан сўнг бир муддат тумшуқларини қиблага қаратганча тек туриб қолишарди. Бу билан “улар намоз ўқишарди”, деб айтиш ниятидан йироқман. Айтмоқчи бўлганим, биз одамлар кўпинча лоқайд бўлган нарсаларга қалдирғочлар жуда жиддий қарашаркан. Улар менга катта таъсир кўрсатишди. Бировга айб тўнкаш ўрнига, ҳар ишни ўз вақтида ва сифатли бажариш, муносабатларда самимийлик, тоза-покиза, тартибли яшаш завқли ҳаёт асоси бўлишини ўргатишди.

Абдумалик ЎРИНБОЕВ

Шаҳрихон тумани

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 6-сонидан