Мақолалар

МУҲАММАД ТОЛИБ ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДА

Чоп этилди Avgust 21, 2019 МУҲАММАД ТОЛИБ ҒИЖДУВОНИЙ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

«Матлаб ут-толибин» («Толибларнинг мақсади») китоби Абул Аббос Муҳаммад Толиб ибн Ҳазрат Хожа Тожуддин Ҳасан Хожа Ҳусайний Сиддиқий томонидан форс тилида ёзилган. Саккиз бобдан иборат ушбу асарда Хожагон тариқати, унинг силсиласи ҳамда Бухоро жўйборий шайхлари ва муридларининг аҳволи баён қилинади.

Абул Аббос Муҳаммад Толиб силсиланинг 38-ҳалқасида Ғиждувонийнинг устози Хожа Юсуф Ҳамадонийни, 39-ҳалқасида эса Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг таржимаи ҳолини келтирган. Муаллиф Ҳамадоний ҳақидаги маълумотларни қайси манбадан олганини ёзмаса-да, бироқ улар Жомийнинг «Нафаҳот», Али Сафийнинг «Рашаҳот», айниқса, Ғиждувонийнинг «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний» асарларидан олинганини пайқаш қийин эмас. Ғиждувоний ҳақидаги маълумотлар ҳам муаллифи номаълум бўлган «Мақомоти Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» ҳамда «Рашаҳот» асосида ёзилган. Қуйида муаллифнинг Ғиждувоний ҳақидаги маълумотларнинг ўзбекча таржимаси келтирилмоқда.

 

Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний

Уларнинг иродат нисбатлари Хожа (Юсуф)гадир. Оталарининг номи Хожа Абдулжамил бўлиб, Имоми Молик (Аллоҳ унга раҳматини сочсин) авлодларидан эди. Уларнинг муборак ёшлари бир юз ўн учга етган бўлиб, фарзандлари йўқ эди ва Худойи таолодан фарзанд тилар эди.

Нақл қилишларича, Рум подшосига қарши кучли душман пайдо бўлиб, уни мамлакатдан қу­виб чиқарган ва мулкини тортиб олган эди. Подшо Имоми Молик (раҳимаҳуллоҳ) мозори яқинида яшайдиган Хожа Абдулжамил паноҳида яширинган эди. У, агар мамлакат яна қўлимга кирса, қизимни сизга бераман, деб Абдулжамилга ваъда беради. Худойи таолонинг фармони ҳамда ав­лиёнинг кўмаги билан мамлакат унинг қўлига ўтди. Қизини Хожа (Абдулжамил)нинг никоҳига киргизди.

Аллоҳ таоло Хожага бир ўғил ато қилди. Ҳазрат Хизр (алайҳиссалом) унга Абдулхолиқ деб от қўйди. Хожа (Абдулхолиқ)нинг ёши йигирма иккига етгач, Ҳазрат Хизр (алайҳиссалом) бир ҳовуз қирғоғида Хожа (Абдулхолиқ) билан учрашиб қолдилар ва зикр таълимини бердилар. Сўнг уларга: «Ҳовузга кириб, сувга шўнғи ва дилингда “Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” дегин» дедилар. Айтганини қилдилар ва  бу сабоқни ҳазрат Хожа Хизрдан олдилар.

Шундан сўнг Хизр (алайҳиссалом) Хожа (Абдулхолиқ)ни Хожа Юсуф Ҳамадоний хизматларига топширдилар. Сўнг Мовароуннаҳрда  Ғиждувон қарясида сокин бўлдилар ва y ерда  нашъу намо топдилар.

(Хожа Абдулхолиқ) зоҳирий ва ботиний илмларни эгаллаган эди. Муфассир (тафсирчи) ва муҳаддис (ҳадисчи) олим эди. Тасниф (асар)лари бор. Ўз ҳоли (авлиёлиги)ни халқдан яширин тутар эди. Уларнинг валоятлари шу даражага етган эдики, бир намоз вақтида Маккаи Муаззамага бориб кела олар эди. «Ҳуш дар дам» (нафас олишда ҳушёр бўлиш), «назар дар қадам» (юришда эҳтиёт бўлиш), «сафар дар ватан» (ватанда сафар қилиш) ва «хилват дар анжуман» (одамлар ичида хилватда бўлиш) хожанинг қудсий калималаридан эди.

Умри охирига етгач, ёронларини чақириб:

«Эй, ёронлар, сизларга хушхабар бўлсинки, Ҳақ таолодан, ҳар ким бу йўлда бўлса, барисини кечираман, деган башорат келди, сизлар бу йўлдан юришга жидду жаҳд қилинглар» дедилар. Шундан сўнг:

 «Эй хотиржам (сокин) жон! (Ато этилган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ томонидан) ҳам рози бўлинган ҳолингда, Раббинг (ҳузури)га қайтгин!» (Фажр сураси, 27–28-оятлар) деган овоз келди.

Хожа (Абдулхолиқ)нинг вафотлари 615/1218 йил юз берди. Уларнинг муборак марқад (қабр)лари Ғиждувондадир ва бу қабр Бухоронинг шимолида олти фарсанглик йўлда жойлашган.

 

 

 

 

“Мақомоти Юсуф Ҳамадоний”

(Рисолаи соҳибия) “Васиятнома” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 11500 сўм