Мақолалар

Таомнинг ейилиб янада зиёда бўлиши ва бир лаган овқатнинг ўн кишига етиши

Чоп этилди Avgust 21, 2019 Таомнинг ейилиб янада зиёда бўлиши ва бир лаган овқатнинг ўн кишига етишиda fikr bildirishni o'chirish

Абдураҳмон ибн Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади:

«Суффа аҳли фақир кишилар эди. Бир сафар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг икки кишига етгулик таоми бўлса, учинчи кишини ҳам олиб кетсин ва кимнинг тўрт кишига етгулик таоми бўлса беш ёки олти кишини олиб кетсин”, дедилар.

Абу Бакр уч кишини ва Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўн кишини олиб кетдилар. Уларни уйга қўйгач, Абу Бакр Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бориб, у зот билан кечки овқатни еди ва хуфтон намозини ҳам бирга ўқишди.

Кечадан қанчадир вақт ўтгач, уйга қайтди. Абу Бакрнинг хотини (яъни онам): “Нима сабабдан меҳмонларингиз олдига кечикиб келдингиз?” деб сўради.

– Ҳали овқатланмадиларингми?! – деди у зот.

– Йўқ, уларга овқат бергандик, аммо сиз келгунингизча овқатланишдан бош тортишди, – деди. Отам мени урушишидан қўрқиб бекиниб олдим.

Абу Бакр ғазабланиб хотинини (онамни) койиди ва меҳмонлар олдига бориб: “Узр, мени деб таомни вақтида ея олмабсизлар. Олинглар, енглар, Аллоҳга қасам, мен энди овқатланмайман”, деди.

Аллоҳга қасам, таомдан қанча емайлик, камайиш ўрнига тагидан кўпайиб бораверди. Буни кўрган отам онамга: “Бу қандай ҳол?” деди. Онам: “Кўзим гавҳарини яратган Зот ҳаққи, таом ҳозиргидан уч баробар кўп, дея оламан, холос”, деди.

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Дарҳақиқат, бу (овқат емайман деб ичилган қасам) шайтоннинг қилмиши эди”, деди ва меҳмонларнинг кўнгли учун ундан бир луқма олиб еди.

Қолган таомдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳам илиниб олиб борди ва у зотнинг ҳузурларида тонг оттирди.

Биз билан бир қавм ўртасида сулҳ тузилганди ва ўша қавм сулҳ муддати тугаганлиги учун келиб қолишди. Улардан ўн иккитасини ажратиб, ўз қавмларига бошлиқ қилиб тайинладик, ҳар бирининг қўл остида қанча киши борлигини Аллоҳнинг ўзи билади.

Улар ҳам Абу Бакр келтирган таомдан тановул қилишди»[1].

 

[1] Имом Бухорий ривояти.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм