Янгиликлар

Кимёвий ўғитларсиз мева-сабзавот етиштириш йўллари ўрганилмоқда

Чоп этилди Avgust 20, 2019 Кимёвий ўғитларсиз мева-сабзавот етиштириш йўллари ўрганилмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

 

Пойтахтимизда “Барқарор қишлоқ хўжалиги“ мавзуида VI Осиё PGPR халқаро анжумани ўтказилди.

Анжуман Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ўсимликларнинг турли хил касалликларига қарши самарали ва инновацион тарзда ишлаб чиқарилган сўнгги авлод биоўғитларидан фойдаланишнинг янги усулини амалиётда кенг татбиқ қилиш, биологик ўғитлар ва биофунгицидлар технологияларини ривожлантириш орқали етиштирилган кимёвий ўғитлардан холи, тоза ва органик мева ҳамда сабзавотларнинг экспортбоп навларини етиштириш масалаларига бағишланди.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, “Ecobiome Research & Development Ltd” компанияси ва “Green Tech Solutions” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этилган тадбирда Ҳиндистон, АҚШда фаолият юритаётган ҳамкор ташкилотларнинг 200 дан ортиқ мутахассиси, олимлар, маҳаллий қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари, профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

2050 йилга келиб дунё аҳолиси нуфуси 9,6 миллиардга етиши кутилмоқда. Қулай глобал савдо сиёсати жаҳонда тўкинчиликни таъминлашга хизмат қилади. Аҳоли яшаш даражасининг юксалиши эса озиқ-овқатга бўлган талабни янада оширади. Экспертларнинг тахминига кўра, 2050 йилга бориб аҳоли талабларини қондириш мақсадида озиқ-овқат ишлаб чиқаришни тахминан 80-100 фоизга ошириш лозим.

Ҳозирги кунда ўсимликларнинг ўсиш-ривожланиш босқичларида ташқи стресс биотик ва абиотик омиллардан ҳимоя қилиш муҳим омиллардан биридир. Маълумки, қишлоқ хўжалигида йўқолаётган ҳосилнинг 40 фоизи зараркунанда ҳашаротларга қарши, 30 фоизи касалликларга қарши қўлланиладиган воситалар асосида сақланиб қолинади. Демак, ўсимликларни ташқи стресс омиллар таъсиридан сақлаш қишлоқ хўжалиги иқтисодиётидаги муҳим масалалардан биридир.

Анжуманда мутахассислар мазкур йўналишларда олиб борилаётган тадқиқотлар ва уларнинг натижалари юзасидан тақдимотлар ўтказди.

– Доривор ўсимликлар, жумладан, занжабилни мамлакатимизда кўпайтириш истиқболлари бўйича уч йилдан буён тадқиқот олиб борамиз, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти лабораторияси мудири Дилфуза Жабборова. – Ушбу доривор ўсимликнинг асл ватани Ҳиндистон, Хитой ва Япония каби давлатлар бўлиб, ундан олинадиган маҳсулот мамлакатимизга импорт қилинади. Шуни эътиборга олиб, маҳаллий шароитда занжабил ўсимлигини кўпайтириш ишларини бошлаб юбордик. Сурхондарё вилоятининг Термиз, Узун ва Қумқўрғон туманларида мазкур доривор ўсимлик парваришланмоқда. Унинг инсон саломатлиги учун фойдали жиҳати юқори бўлиб, шамоллаш, иммунитетни кўтаришга ёрдам беради. Хориж давлатларида занжабил чойи, яхна ичимликлар севиб истеъмол қилинади. Таом тайёрлашда эса зиравор сифатида фойдаланилади. Бозорларимизда занжабилнинг қиммат нархда баҳоланишини ҳисобга олиб, уни маҳаллий шароитда етиштиришни янада кўпайтириш чоралари кўрилмоқда. Бугунги тадбирда мазкур йўналишдаги изланишларимиз ва ютуқларимизни кенг жамоатчиликка кўрсатмоқдамиз.

Мазкур халқаро анжуман мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган бўлиб, ҳар икки йилда бир марта ташкил этилади. Анжуманга 2009 йилда Ҳиндистон, 2011 йилда Хитой, 2013 йилда Филиппин, 2015 йилда Вьетнам, 2017 йилда Индонезия мезбонлик қилган.

 

Абдулазиз МУСАЕВ, ЎзА