Мақолалар

Гилос

Чоп этилди Avgust 22, 2019 Гилосda fikr bildirishni o'chirish

– Иккинчи боламда ҳомиладорлик даври жуда оғир кечди, – дея гап бошлади Ҳулкар хола. – Бир қултум сув ичсам ҳам, қайт қилавердим. Озиб-тўзиб кетдим. Дўхтирда ярим ой ётган бўлсам, бир кун ҳам дори қуйишни тўхтатишмади. Ўтиб кетавермагач, уйга жавоб беришди. Айни далада иш қизғин пайтда қайнонам олдида қандай ётаман? Узоқ йўл бўлсаям, онамникига обориб қўйинг, деб туриб олдим.

Аҳволимни кўриб ота-онамнинг юраги ёрилай деди. Қанча сўрашмасин, куёвлари ҳомиладорлигимни айтмади. Онам ҳарқалай сезди шекилли, нуқул нима егинг келяпти, деб сўроқлайди. Қанийди бир нима егим келса!

Намозшом пайти эди. Бошимда елпиб ўтирган онам сигир соғиш учун қўзғолди, ўрнига отамни чақирди. Отам олдида чўзилиб ётиш қанчалар қийин… бироқ қўзғалмоққа мадор қани?

– Она қизим, ёмон қийналдинг-а?

Отамнинг титроқ овози вужудимни зирқиратиб юборди. Шуларни қийнаб ўтирмай, гумонам борлигини айтсам-чи?.. Отамнинг майин ажинлари оралаб оқаётган кўзёшларини кўрмаслик учун бошимни кўча томон ўгирдим. Пастак пахса девор устидан ярмиси кўриниб, қуюқ чанг кўтарганча юк машинаси ўтиб борарди. Бир пайт аста-секин чанг босилиб, ғубордан бўзрайган япроқлар орасидан қип-қизил гилослар мўралади. Сўнгги пайтда мени бутунлай тарк этган ширин туйғу бостириб келди.

– Ота, гилос…

– Нима дединг, болам?

– Гилос, – базўр такрорладим ўша томонга қараб.

– Ие, дардинг шугина экан-ку, илгарироқ айтсанг бўлмасмиди?! Бозордаги ҳамма гилосни ташиб келаман!

– Анув-чи, ота, шуям бўлаверади.

– Шу Эсоннинг нарсасини қўй, – ҳозиргина ёришган юзи тиришди отамнинг. – Биласану, неча йилдан бери гаплашмаймиз.

– Ҳа, нима гап? – аралашди сўри олдига келган онам.

– Шукр қил, онаси, қизингни таъби очилди. Гилос сўраяпти. Мен ҳозир, дарров гузарга чиқиб келаман.

Отам кетди.

– Шу иккала чолнинг ҳеч эси кирмади, – тутоқди гап нимадалигини тушунган онам. – Буларнинг арази деб ҳаммамиз салом-аликни йиғиштирдик. Шунча чидадим, етар! Сени жавдиратиб қараб турмайман!

Шундай дея шартта туриб, дарвозадан чиқиб кетди.

– Саломатхон! Ҳув Саломатхон!

Девор ортидан икки қўшнининг узоқ омонлашганини эшитиб ётдим.

– Вой, Ҳулкаройдан гилос айлансин! Эшигимга қадам босибсиз, бошим осмонга етди!

“Хайрият, бераркан”. Яна ўша томонга қарадим. Мени асир этган мевали шохлар енгил титраб, бир-икки силкинди. Хиёл ўтмай онам катта хитой чиннисида гилос билан кириб келди. Ёш боладек энтикиб, шошиб-пишиб ейишга киришдим. Чангини ювиш на менинг, на онамнинг хаёлига келмасди…

Шу-шу овқатга кириб кетдим. Баҳонада қўшнилар ярашиб олганини айтмайсизми! Лекин ўшандан кейин анча вақт отам кўзига қаролмай юрдим.

Ҳозир замон бошқача. Аёлларни давлатнинг ўзи кафтида тутади. Ҳомиладор бўладики, ҳамма атрофида парвона. Ўта нозик даврда у шунга арзийди ҳам. Аммо, айрим эрка-инжиқликларини пинҳон тутишса, ибо пардасини четга суришмаса, дейман-да. Илоҳим, эсон-омон фарзандларини бағирларига босишсин.

Гулчеҳра АСРОНОВА

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан