Мақолалар

Тақводорлик – саодат калити

Чоп этилди Avgust 22, 2019 Тақводорлик – саодат калитиda fikr bildirishni o'chirish

Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади: “Мол (ва бой лик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).

Кейинги пайтларда жамиятимизда ўзгалар молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, афсуски, одатий ҳолга айланиб бормоқда. Алдов ва фирибгарлик оммавий тус оляпти. Одамлар ўзлари ва фарзандлари қорнига кираётган нарсанинг ҳалол ёки шубҳали экани ҳақида ўйламай қўйди. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди”, деб огоҳлантирганлар (Ибн Ҳиббон ривояти).

Ҳаром луқманинг ибодатга ҳам зарари бор. Киши нопок егани сабабли ибодатларида танбаллик пайдо бўлади, хушу йўқолади, қалб қаттиқлашади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Қорнига ҳаром кирган инсоннинг намозини Аллоҳ таоло қабул қилмайди”, деган.

Айримлар ҳаром ёки шубҳали йўллар билан дунё орттиради-да, виждонларига “сув сепиш” учун ўша молларидан садақа, эҳсонлар қилади. Шуни яхши билиш керакки, нопок молдан қилинган садақа мақбул эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қайси бир банда ҳаромдан мол топиб уни садақа қилса, қабул қилинмайди, инфоқ-эҳсон қилса, баракаси бўлмайди, ўзидан кейин қолдирса, дўзах учун ҳозирлаган озуқаси бўлади. Аниқки, Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан ўчирмайди, билакс, ёмонликни яхшилик билан ўчиради. Шубҳасиз, нопок нопокни ўчирмайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Суфён Саврий бундай деган: “Ҳаромдан топилган нарсани нафақа қилиш нажосат теккан кийимни сийдик билан ювишга ўхшайди. Ваҳоланки, нопок кийимни фақат покиза сув поклайди. Гуноҳга фақат ҳалол, солиҳ амал каффорат бўлади.

Баъзилар савдода, шерикликда ҳар хил ҳийла-найранглар ўйлаб топишади. Айниқса, савдо-сотиқ вақтида харидорга фириб бериш, айбли молни мақтаб ёки сохта молни асл мол деб сотиш энг оғир гуноҳдир.

Алҳамдулиллаҳ, мамлакатимизда жамият фаровонлигини юксалтириш мақсадида тадбиркорлар га кенг имкониятлар берилмоқда. Ана шундай шароитда халқимиз, хусусан, тадбиркорлар тақводор бўлишлари – савдо илми ва шериклик қоидаларини, одобларини яхши билиб олишлари лозим. Зеро, тақво ва парҳез Аллоҳ таолонинг ризолигини топишда асосий омилдир.

Азимжон АЛИМЖОНОВ

Тошкент шаҳридаги “Мулла Қосим домла” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан