
Қобилиятни тўғри сарфлаш, ривожлантириш
Инсон мияси жуда катта имкониятларга эга. Мутахассисларнинг фикрича, инсон миясида 16–17 миллиардгача нерв ҳужайралари бўлиб, одам боласи унинг ўртача 3, нари борса 4 ёки 6 фоизидан фойдаланиши мумкин экан. Аммо инсон мияси чексиз ўлчовдаги ахборотларни қисқа вақт ичида қабул қилганида кучли руҳий толиқишга учраши мумкин. Инсон ихтиро қилган компьютер 80 мегабайтдан 1000 мегабайтгача ахборотни қабул қила олган ҳолда, инсоннинг ўзи ҳар доим ҳам ана шундай имкониятларга эга бўлолмаслиги мумкин.
Бугунги тезкор ривожланишлар жараёнида ахборот тарқатишнинг энг замонавий ва самарали таъсирчан воситалари кашф этилмоқдаки, улар олдида ўқитувчининг маърузалари зерикарли тусга кириб қолди. Бугунги кун боласи компьютер, интернет, кўп каналли телекўрсатувлар, видео, турли дисклар каби воситаларга “асир” бўлиб қолди, айримларининг кўнгли ўқишдан совиб бормоқда. Ачинарлиси, ахборот тарқатиш воситаларидан берилаётган ахборот ва маълумотлар оқими ёшлар томонидан тўғридан-тўғри “филтрлашсиз” қабул қилиняпти, бу эса улар онгини заҳарлаб, маънавий-ахлоқий дунёсини заифлаштирмоқда. Бу каби зарарли ҳолатларнинг олдини олиш учун маънавий тарбияни оиладан, яъни боланинг илк тасаввурлари, тушунчалари шаклланган даврдан бошлаш мақсадга мувофиқдир.
Усмонхон АЛИМОВнинг
“Ёшлар келажагимиз” китобидан
Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.
Нашриётдан харид нархи 24000 сўм