Мақолалар

Эскирмайдиган газета

Чоп этилди Avgust 21, 2019 Эскирмайдиган газетаda fikr bildirishni o'chirish

 

 

 

Эскирмайдиган газета қандай бўлади? Нима қилса ва қандай ёзса сарғайиб, вақт шамолида варварак бўлиб кетган қоғоздагини ўқиб: қаранг, эскирмабди, дейиш мумкин?

Раҳматли устозимиз, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг навбатдаги сонига мақолалар қўйишни режалаштириш пайтида: “Газета бир кунлик бўлиб қолмаслиги керак. Уни одамлар эртага, индинга ҳам ўқишсин”, деган гапни кўп айтардилар.

“Маърифат саодати” газетасининг биринчи саҳифасидаги айлана муҳр ичига битилган “Эскирмайдиган газета” ёзувини кўриб, беназир ёзувчимизнинг юқоридаги сўзларини эсладим. Ростдан ҳам бир кунлик газетанинг умрбоқий қилиш ким ва кимларнинг қўлида?

Газета тахламларини уринтирмай-суринтирмай бизгача етказиб берган кутубхоначига “раҳмат” дейликми ёки ўша газетанинг ноширигами? Ўша топда эса биринчи бўлиб, кўз ўнгингизда мақола муаллифи гавдаланади ва раҳмат-е, деб юборганингизни билмай қоласиз. Аслида бу раҳмат муаллифга қанчалик тегишли бўлса, кутубхоначи-ю, ноширга ҳам шунчалик тегишли.

Хўш, эскирмайдиган газета қандай тайёрланади? Бу борада ҳам Одил Ёқубовнинг айтган гаплари ҳамон ўз кучида турибди: газета сўраб-суриштириб, қидириб ўқиладиган бўлиши керак. Бунинг учун узоққа бориб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Рост гапни ёзсангиз бўлди. Аммо қисталоқнинг энг қийини ҳам шу, деганча баъзан ўйга толиб қоларди…

Ҳақиқатан ҳам рост гапни ёзиш осон эмас. Демакки, эскирмайдиган газета қилиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Шу жойда таниқли публицист Аҳмаджон Мелибоевнинг инсониятнинг буюк ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг мақолалари ҳақидаги тадқиқотларида келтирган мисоллар ёдга тушади. “Чингиз Айтматов “Правда” газетасининг Ўрта Осиё бўйича мухбири бўлиб ишлар экан, минтақа кенгликларини кезиб юриб, юртимизда турли касб эгалари — академиклар Ғафур Ғулом, Қори Ниёзий, ўша йилларнинг машҳур пахтакорлари Манноп Жалолов, Турсуной Охунова, Жўрабой Ғойипов, Ўсканбой Саримсоқов ва бошқа кўплаб донгдор кишилар билан суҳбатлашади.

Мирзачўл ва Андижондаги илғор пахтачилик хўжаликларида бўлиб, пахтакорларнинг ҳаёти билан бевосита танишади. Тошкентдаги кинохроника студиясида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро тарихига оид ноёб ленталарни томоша қилади, қўриқ ва бўз ерларнинг ўзлаштиришга оид тарихий ҳужжатларни ўрганади. Мирзачўлда янги ер очаётган чўлқуварлар билан суҳбат қуради, яйдоқ дашт изғиринларини, тупроқни эндигина ёриб чиққан нимжон пахта кўчатлари гармсел шамолида қандай нобуд бўлаётганини, одамлар қайта-қайта ерга уруғ қадаётганларини ўз кўзи билан кўради. Ва шундан кейингина қўлига қалам олади.

Натижада машҳур “Пахтанинг ойдин йўли” (“Лунная дорога из хлопка”) сарлавҳали публицистик-тадқиқот мақоласи юзага келади.

Публицист мақола учун кўпдан-кўп рақамлар, фактлар тўплаган, пахта толасини қайта ишлаш жараёнини ўрганган, бу ноёб экин туридан ишлаб чиқиладиган газлама-ю, ёғ, совун, кунжарагача қизиққан бўлса-да, мақолада уларни қалаштириб ташламайди. Пахта ўзбек халқининг миллий ифтихори, деган баланд парвоз сўзларни такрорламайди. Аксинча, ўқувчи эътиборини гоҳ ўтмишга, гоҳ фазода учиб бораётган космик кемага, пахта далаларига қаратади, мулоҳаза юритишга чорлайди.

Дастлабки “юк”ли сатрлардаёқ муаллифнинг мақсади аниқлашади: “Қадимий ўзбек маданияти ўзининг ажойиб ютуқлари билан азалдан ҳам машҳур, – деб ёзади у. – Ўзбеклар Ўрта Осиёда тенги йўқ ирригатор, деҳқон сифатида танилган. Ўзбек меъморлари фусункор Самарқанд ва Бухорони бунёд этдилар. Ўзбек халқи орасидан ўрта асрнинг машҳур астроном олими Улуғбек, абадий барҳаёт Алишер Навоий етишиб чиқди. Кейинчалик демократ шоир ва ёзувчиларнинг бутун бир авлоди етишиб чиқдики, улар орасида Муқимий, Фурқат каби улкан адиблар бор. Буларнинг ҳаммаси ўзбекларнинг маданияти, фани, санъатига тааллуқлидир, буларнинг ҳаммаси ўзбек халқининг миллий хазинасидаги дурдоналардир”.

Ана сизга эскирмайдиган бир мақоланинг қандай ёзилиши кераклиги ҳақида сабоқ. Ўша мақола бизнинг муҳаррирларимиз қўлига тушиб қолганда борми, буларнинг пахтага нима алоқаси бор, дея қайчилаб ташлаган бўлар эдик.

Келинг, юрагингиз сиқилмасин, ўша мақоладан яна бир парчага разм солайлик: “Кўз ўнгингизга Ўрта Осиё куз тунини келтиринг. Юлдузли тунда қорли тоғлар, улкан чўллар бағрида ям-яшил водийлар, қишлоқлар, йўл ва дарёлар ястаниб ётибди. Сиз фақат самодагина эмас, балки бу ерда, йўлларда, далаларда ҳаракат қилиб юрган чароғон юлдузларни кўрасиз. Бу – пахтакор тунининг чироқларидир. Энди космосга қараб йўналган, Ой томон турна қатор тизилган “оқ олтин” ортилган шафақранг эшелонларни тасаввур қилинг. Шунда сиз пахта ортилган бу эшелоннинг узунлиги Ой билан Ер ўртасига тўрт марта бориб келишга етади, деб хаёлан қиёс қиласиз. Бу ерда ҳеч қандай муболаға йўқ. Буни академик Қори Ниёзий ҳисоблаб чиққан. Бу – старт майдони ўзбек пахтакорлари даласидан Ойга томон учирилган улкан оқ ракета арифметикасидир”.

Агар диққат билан эътибор берсангиз, булар шунчаки, деҳқонни улуғлаш эмаслигини сезиб қоласиз. Чунки ҳар бир туп ғўза атрофида парвона бўлиб пахта етиштириш нари турсин, бир этак момиқни тарозидан олиб, тележкага ортишнинг ўзи қанча машаққат эканини уни қилиб кўрган билади. Бу ерда эса гап бутун бир эшолонларнинг Ой билан Ер ўртасичалик масофага бир эмас, тўрт марта бориб, келиши ҳақида боряпти. Бунинг учун эса деҳқон тинимсиз, “кечаю кундуз, туну кун” меҳнат билан машғул бўлиши мақолада таъкид билан келади. Публицист ана шу тариқа деҳқон меҳнатининг нақадар машаққатли эканига эътиборни қаратади.

Кўриб турганингиздек, эскирмайдиган газета эскирмайдиган, рост сўз билан йўғрилган мақолалардан таркиб топади. Ўзбекистон журналистикаси тарихида бундай газеталар мавжуд бўлгани фахрлидир. Марҳум профессор Бегали Қосимовнинг ёзишича, энг машҳур газеталардан бири “Садойи Туркистон” бўлган. Газетанинг биринчи сони 1914 йилнинг 4-апрелида чиққан. Расмий муҳаррири Убайдуллахўжа Асатиллахўжаев эди. Унда Мунавварқори, Мискин, Хислат, Тавалло каби тошкентлик ижодкорлар қатори, Самарқанддан Васлий, Ҳожи Муин, Фарғона водийсидан Сўфизода, Ҳамза, Чўлпон, Лутфулла Олимий, Иброҳим Даврон каби ўнлаб қалам эгаларининг асарлари чоп этилган.

Газета бир йилча чиқиб, 66-сондан кейин моддий танглик туфайли тўхтайди. Кейинчалик “Садойи Фарғона”, “Нажот”,”Шўрои ислом”,”Турон”, “Хуррият” ва бошқа бир қатор газеталар пайдо бўлдики, улар Туркистоннинг ижтимоий-маънавий ҳаётидаги янгиланишнинг ўзига хос бир кўриниши сифатида намоён бўлди ва миллатнинг уйғонишида муҳим рол ўйнади, деб ёзган эди таниқли адабиётшунос олим Б.Қосимов.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, “Таржимон”, “Вақт”,”Шўро”, “Онг” каби Кавказ ва Волга бўйида чиқиб турган, чор ҳукуматининг мустамлакачилик тузумига қарши курашда катта тажрибага эга бўлган газеталар Туркистон матбуотчилигининг оёққа туришида муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, Исмоил Гаспралининг “Таржимон” газетаси ҳақиқатан ҳам эскирмайдиган газета бўлиб, унинг довруғи бугун ҳам акс-садо бериб турибди.

Хўш, кейинчи?

Кейинги етмиш йилда эскирмайдиган газета чиқмади, ҳисоб. Ҳа, ўтган асрнинг 20-йиллари охирларида “Муштум” эскирмас чопонини кийган жойида уни қайта ечиб, янгилашди. Бу улуғ адибимиз Абдулла Қодирийнинг 1926 йилнинг бошларида “Муштум” журналида чоп этилган “Йиғинди гаплар” номли ҳажвий мақоласи билан боғлиқ. Унда, жумладан, шундай сўзлар бор: “Ўқувчилар билан дардлашмаганимга қарийб бир ярим ой бўлди. Қайси бурчакда ухлаб қолдинг?, деб сўрама, жиян. Бу ўлкада нима кўп экан – ухлайдирган бурчак ва унда ўмпайиб, тўмпайиб ухлагучи менга ўхшаш овсарлар! Мен сенга айтсам, ўзбекнинг ишчиси, деҳқони, маорифи, маданияти, иқтисоди, шалтай-балтайи, хуллас, барчаси ҳам ухлайди. Аммо, ўчоқбошини холи топган олақарғалар бўлса, хўбам билган номаъқулчилигини қиляпти! Қилаверсин, эгасига товоқ-қошиқ керак бўлса, ахир бир кун қатрон-патрон қилиб оларов, оғайни! Ишқилиб, ўлмасдан баҳорга чиқиб олсак бўпти… “ўпса нетар, ювса кетар”, деган экан ота-бобо. Мен шу дунёдаги одамзоднинг куйди-пишдисини темиртакда қийнаб ўлдурсам, дейман: – Ерлилашдириш! – ўзбеклашдириш! – Фалончининг виждонига куйдирги чиққанми? – ўлиб бўлдик-ку! (тўнғиз қўпсанг йўқ, дедимми!) – ярам янгиланди! – Кўрчинқонимни кимнинг олдида ёрай?! – (бувингни олдида ёр!) – маҳалламдан мунчаси ишсиз, фалончаси оч! – (оч бўлса, кафанини ҳозирла!)

Кўчага чиқсанг кўринган кишидан эшитадирган сўзинг шу. Қулоғингга пахта тиқмасанг, бошқа иложинг йўқ! – Вой, ўша куйди-пиштини йиғиб-териб эгам чақирсин! Ҳали-ку бу оғзаки ғишғиша. Аммо кечаги кун газетада Охунбобоевдек битта саркорингдан ҳам феълим айнай ёзди. Ҳаммадан ҳам буники қизиқ.

Маданглик маориф ходимлари қурилтойида маъруза ўқиб нима дейди, денг: – Жумҳуриятимизда ҳар 200 муроссаъ чақирим ерга ёхуд ҳар 4909 одамга битта мактаб бор. Ёки ўқиш-ёзишда бўлган болаларнинг ҳар (эмас, хўтук) 979 тасига бир мактаб тўғри келадир!…”

Хуллас, юқоридаги каби “Йиғинди гаплар” учун Абдулла Қодирий қамалади. “Муштум”га эса янги тўн кийгизишади… Ўшандан буён эскирмайдиган газета қолмади. Ҳаммаси ҳар куни янгиланадиган бўлди. Дарвоқе, Горбачёвнинг ошкоралик даврида бир қатор газеталар, айниқса, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси эскирмасликка аҳд қилганлар орасида байроқдор эди.

“Газета бир кунлик бўлиб қолмаслиги керак. Уни одамлар эртага, индинга ҳам ўқишсин”, деган гапни Одил Ёқубов ўша пайтлари айтган. Ростдан ҳам мазкур нашрнинг 1980-1990 йиллар оралиғидаги сонларида чоп этилган мақолаларнинг аксарияти газетани эскиртмасдан шу кунгача олиб келяпти. Бу йиллар орасида унга Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Аҳмаджон Мелибоев бош муҳаррир бўлган.

Энди мақоламизга мавзу топиб берган “Маърифат саодати” газетаси ҳақида икки оғиз сўз. Мен мазкур газета хусусида кўп гапириб ўтирмай-да, унинг биттагина сонида чоп этилган мақолаларнинг сарлавҳаларини келтирай: “Инвестицияни тушунмайдиган муаллимлар”, “Ёзувчи ва цензор”, “Мусофир онани айбламанг!”, “Пора бериш касаллиги”,“Тўртинчи ҳокимият нима?”, “ПЎПКЎРН”, ”КАЗИНАКИ”, ” ХЎББИ” ва “ШОУ”лар… “Фаросатсизликнинг чегараси борми?”, “Қизил бозор” қаерда?”, “Баҳс ва тортишувлардаги офат” ва ҳоказо.

Ўзингиз айтинг, юқорида тилга олинган мавзулар кимга ёқади-ю, кимга ёқмайди? Ёққанлардан ёқмаганлар хавфда (ичида мени ўша сотган, дейди). Ёққанларнинг чироғи ёнган. Ёқмаганларнинг диллари хуфтон ва яна ҳоказо. Эскирмайдиган газета ана шундай бўлади. Ҳар қандай ўқувчини алғов-далғов қилиб юборади.

 

Ёқубжон Хўжамбердиев

ЎзА