Мақолалар

Дунё иқтисодий бўҳронларининг янги белгилари

Чоп этилди Avgust 22, 2019 Дунё иқтисодий бўҳронларининг янги белгилариda fikr bildirishni o'chirish

Иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши ва савдо соҳасидаги таранглик дунё иқтисодиёти босим остида қолиши хавфини тобора кучайтирмоқда. 14 август санасида бу барча молиявий бозорларда сезилди.

Гап шу кунда Уол-Стритдаги акциялар нархи кескин тушиб кетиши ҳақида кетмоқда. Облигациялар бозоридаги вазият АҚШ иқтисодиётига огоҳлантириш бўлдики, бу облигациялардан фойдани мисли кўрилмаган даражада пасайтирди.

Пайшанба куни Осиё бозорларида котировкалар пасайиши немис иқтисодиётидаги рецессия ва Хитой иқтисодининг сўнгги 17 йилдаги энг паст кўрсаткични қайд этгани манзарасида юз берди.

Узоқ вақт мобайнида иқтисодиёти ва саноати қудратли саналган АҚШ ва Хитойдаги муаммолар Трамп бошлаган савдо уруши икки мамлакат учун ҳам бирдек кучли зарба бўлганидан дарак. АҚШдаги Merrill Lynch сармоя банки экспертлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ҳамда автомобиль савдосининг камайиши туфайли АҚШда яқин вақтлар ичида рецессия бардавом бўлиб қолишини учга бир нисбатда баҳоламоқда.

Бундай ларзалар савдо урушининг таъсири ҳажминигина кўрсатиб қолмай, Трампнинг бу урушни олиб бориш сиёсатига ҳам салбий таъсир этади.

Пекин билан савдо уруши бошланган 2018 йилда президент Трамп томонида кучли иттифоқчи – АҚШ иқтисодиёти турган эди. 2018 йил баҳорида Хитойга қарши божлар киритилиши вақтида АҚШ иқтисодиёти Трамп президент бўлган даврдан бери энг юқори чўққисига етиб, ўша кезларда чораклик ўсиш 3,5 фоизни ташкил этганди.

Лекин ўсиш пасая бошлади: ўтган чоракда ўсиш суръати 2,1 фоизни ташкил этган бўлса, кейинги чоракда бу миқдор янада пастроқ бўлади. Сешанба куни президентнинг Хитой маҳсулотлари импортига божларни пасайтириш борасидаги қарори америкалик истеъмолчиларга етказиладиган зарарни бир бўлса-да юмшатиш истагидандир. АҚШ федерал захира банки кейинги 10 йилда биринчи марта фоиз ставкаларини пасайтирди ва бу билан савдо соҳасидаги зўриқиш ҳамда дунёдаги иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши билан юзага келган таҳдидларнинг олдини олишга қаратилган сиёсат бўлди. Яқин орада фоиз ставкалари янада пасайтирилишини кутиш мумкин.

14 август куни биржалар ёпилганидан бир неча соат ўтгач, Трамп Twitter’да «кучайиб бораётган савдо урушида келишув учун имкониятлар борлиги»ни ёзди. «Хитой томони ҳам келишувни истайди, бунинг учун аввало Пекин Гонконг билан муроса қилиб олсин», деб пост қолдирди президент.

Трамп юқори иқтисодий кўрсаткичларга ишора қилар экан, бу унинг ютуғи эканини ва бу ютуқлар 2020 йилда қайта сайланишо учун асос бўлишини таъкидлади. Чиндан ҳам кўпгина кўрсаткичлар юқорилигича қолмоқда. Ишсизлик даражаси 3,7 фоиз бўлиб туриши АҚШ тарихидаги энг паст кўрсаткичдир, истеъмолчиларнинг ишонч даражаси эса ўта юқори.

Қолаверса, АҚШ бошқа йирик давлатларга қараганда иқтисодий ларзалардан кўпроқ ҳимояланган, чунки унинг экспорти ялпи ички маҳсулотнинг 12 фоизини ташкил этади. Германия ва Хитой эса ташқи савдога боғлиқ.

Экспортга Германия ишлаб чиқариш ҳажмининг ярми, Хитой ишлаб чиқаришининг бешдан бир қисмига тўғри келади. Шунга қарамасдан, АҚШ иқтисодиётида фаол ўсиш пасайиб бораётгани кузатилмоқда.

Германия банки молиявий таҳлилчилари ҳам Германия иқтисодиёти қисқариб бораётганини башорат қилмоқда. Мисол тариқасида немис автоконцернлари – Volkswagen, BMW ва Daimler’ларнинг Хитой автомобиль бозоридаги фойдаси камайган. Савдо уруши оқибатларидан азият чекаётган хитойликлар қиммат турадиган автомобилларни сотиб олишни камайтирган.

Тадқиқот натижаларига кўра, АҚШдан кейинги ўринда турадиган Хитой, Германия, Япония ва Буюк Британияда ҳам ишлаб чиқариш ҳажми камайиб бормоқда. Натижада алюминий, мис ва пўлат ишлаб чиқарадиган компанияларнинг даромади сезиларли равишда камайган.

Саноат ишлаб чиқаришдаги тушкунлик дунё иқтисодиёти ҳам тушкунликка учрайди дегани эмас. Саноат ишлаб чиқариши бундай тушкунликни 2016 йилда бошдан кечирган. Бунга Хитой сармоя бозоридаги нархлар пасайиши ва нефть нархи тушиб кетиши сабаб бўлганди. Саноатдаги бу тушкунлик АҚШ ва бутун дунёга салбий таъсир ўтказган. Лекин ҳали катта ҳажмдаги рецессия бошланмади, сабаби нефть нархи кўтарила бошлади ва марказий банклар рецессиянинг олдини олиш чора-тадбирларини кўриб қўйди. Бу сафар вазият қандай тус олиши номаълум.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади. Daryo.uz