Мақолалар

КЎЗ ЗИНОСИ – АСР МУАММОСИ

Чоп этилди Avgust 24, 2019 КЎЗ ЗИНОСИ – АСР МУАММОСИda fikr bildirishni o'chirish

Олмалиқ шаҳар бош имом-хатиби Ҳусниддин Ортиқов билан суҳбат

 Ассалому алайкум. Домла, суҳбатимизни бевосита фаолиятингиз, сўнгги пайтда диний жабҳада содир бўлаётган янгиланишларнинг Олмалиқ шаҳридаги инъикосидан бошласак…

— Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ. Олмалиқда хизмат бошлаганимга икки йилдан ошди. Шаҳарда бир юз ўттиз минг аҳоли, 22 та мактаб, 6 та коллеж, 2 та олий таълим муассасаси, 3 та жазони ижро этиш муассасаси, бир нечта заводни ўз ичига олган, ўттиз мингга яқин ишчиси бўлган Олмалиқ кон-металлургия комбинати бор. Ушбу муассаса ва ташкилотлар билан ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида доимий маънавий-марифий тадбирлар ўтказиб келамиз.

Бу йил йўлга қўйган хайрли ишлардан сўзласак, эшитиш ва гапириш имконияти чекланган ҳамюртларимиз учун сурдо таржимонлари иштирокида, ойда икки марта “Рамазони шариф” жоме масжидида учрашувлар бўлаяпти. Рамазон ойидан бошлаб маҳаллий телеканалда ҳафтасига бир марта диний-маърифий кўрсатув ҳам ташкил этдик. Шунингдек, МФЙлар, шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда оилавий ажримларнинг олдини олишда ҳам сезиларли ишлар олиб бораяпмиз…

Аллоҳ таоло бошқа яратиқлар каби инсонни ҳам жуфтига эҳтиёжманд қилди. Жуфтига покиза йўл орқали никоҳланиб, оила қуришга амр этди. Зеро, мўмин-мусулмонлар покиза ҳаёт кечириши керак. Назаримда, аср муаммоларидан бири зино, хусусан, кўз зиноси бўлса керак. Балки оилавий ажримларнинг сабабларидан бири ҳам шудир…

— Динимиз ҳар жабҳада инсон фойдасини кўзловчи амри маъруф ва наҳйи мункарга асосланади. Ҳаром қилинган, қайтарилган нарсалар ичида зино олдинги ўринларда келади. Бу ишга олиб борувчи йўллар ҳам ҳаром саналади. Жумладан, кўриш орқали содир бўладиган кўз зиноси. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай таълим беради: “(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Шунингдек, (одатда) кўриниб турадиганидан бошқа зийнатларини кўрсатмасинлар ва рўмолларини кўкраклари узра тушириб олсинлар! Улар зеб-зийнатларини эрлари ё оталари, ё эрларининг оталари, ё ўғиллари, ё эрларининг ўғиллари, ё ўзларининг оға-инилари, ё оға-иниларининг ўғиллари, ё опа-сингилларининг ўғиллари, ё ўзлари (каби) аёллар, ё қўл остиларидаги (чўри)лар, ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни жуда кексайиб қолганлар, хунасалар ёки ақлсиз-девоналар каби) эркак хизматкорлар, аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдаклардан бошқа кишиларга кўрсатмасинлар!…” (Нур сураси 30-31-оятлар).

Ўзини мусулмон санаган кишига мана шу оятлар дастуриламалдир. Демак, зинога сабаб бўлувчи бош омил – номаҳрам аёлларга эркакларнинг шаҳват назари билан қараши экан. Бу, эркак аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, деганимас. Балки, номаҳрамга назари тушиши билан кўзини олиб қочсин, қараб турмасин, дегани. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаҳватли қарашни “кўз зиноси” деб атаган ва: Назарингизни пастга қаратинг ва фаржингизни сақланг”, “Назар шайтоннинг заҳарли ўқларидан бир ўқдир”, дея барча умматларини огоҳликка чорлаганлар.

Номаҳрамга шаҳват назари билан қарашдан қаттиқ қайтарилиш баробарида, бунга риоя этганлар учун ажр, маънавий мукофот ҳам ваъда қилинади.

— Зино нақадар ёмон иш эканки, Раббимиз бизни такрор ва такрор огоҳлантиради: Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир. (Исро сураси, 32-оят). Эътибор қилинг, оятда “зино қилманглар” эмас, балки “зинога яқинлашманглар”, дейилмоқда. Мўмин одам зино қилиш тугул, унинг яқинига йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан узоқ туриши даркор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар киши зино қилса, иймон ундан чиқади ва унга соябон каби бўлади. Агар (зинодан) бош тортса, иймон унга қайтади” (Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти).

Энди, ҳаромга қараш ҳаром бўлгани каби, ҳаромни тарк қилиш улкан савобли ишдир. Бундай киши Аллоҳ фарз қилган амални бажарган бўлади. Диққат қилиш керакки, Аллоҳ таоло кўзни ҳаромдан тийишни фарз қилган. Имом Табарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: “Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у (назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади”, дейилган.

Демакки, ким маъсуд бўлса, Аллоҳнинг буйруғига бўйсунганидан, ким бадбахт бўлса итоат қилмаганидан бўлади. Яратган барчамизни икки дунёда саодатли бандаларидан қилиб, кўзларимизни Ўз дийдорига мушарраф қилсин!

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ  суҳбатлашди.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан