Мақолалар

ҚАБРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ҲАҚИДА

Чоп этилди Avgust 25, 2019 ҚАБРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛИШ ҲАҚИДАda fikr bildirishni o'chirish

Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан дафн маросимида иштирок этдик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтганларида биз ҳам бирга қайтдик. У зот уйларининг ёнига келганларида йўлнинг ўртасида тўхтаб турдилар. Бир аёл келаётган эди. Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни танимадилар, деб ўйладик. Яқинроқ келганда у аёл Фотима (розияллоҳу анҳо) эканлиги маълум бўлди. Унга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Эй Фотима, нима сабаб билан уйингдан чиқдинг?, дедилар. Фотима (розияллоҳу анҳо): “Мен бу маййит аҳлларининг уйларига бориб, уларга таъзия билдириб қайтиб келдим”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Балки улар билан қабристон­га ҳам бор­гандурсан”, дедилар. Фотима (розияллоҳу анҳо): “Аллоҳ сақласин! Мен сизни бу иш ҳақида айтган гапларингизни эшитганман”, дедилар. Шунда У зот: “Агар сен улар билан қабристонгача борганингда, отангнинг отаси (бобонг) жаннатни кўрмагунча жаннатни кўрмаган бўлардинг”, дедилар».

Абу Абдуллоҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ  таоло Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни жоҳилият амалларини буткул йўқ қилиш учун юборди. Жо­ҳилиятнинг одатларидан бири шундай эдики, агар улардан бирортаси вафот этадиган бўлса, юзларини тирнардилар, сочларини юлардилар, кийимларини
йиртардилар, уйларига ўт қўярдилар”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «“Сочини қирган ва ўт қўйган” биздан эмас», дедилар. Бошқа ҳадиси шарифларда эса сочини ёзган ва эшакнинг овозига ўхшаб инграйдиганлар лаънатланган ва уларни бу ишдан қаттиқ қайтарилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларнинг ҳидоятсиз юрган вақтларига ҳали кўп бўлмагани ҳамда жоҳилиятда қабрларни зиёрат қилишда фитна бўлганлиги сабаб уни зиёрат қилишдан қайтарганлар. Вақтики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни Исломда мустаҳкам бўлганларини кўрганларида, улар имон, яхшилик ва тақво соҳибларига айланганларида эса қабрлар ҳам уларга аввал фитна бўлган бўлса, энди ибрат оладиган жойларга айланди. Шу туфайли У зот уларга қабр зиёратига рухсат бердилар ва дедилар: “Мен сизларни қабрларни зиёрат қилиш­дан қайтарган эдим, уни зиёрат қилинглар чунки унда сизларга ибрат бор”.

Аёллар заифа ҳамда кўнгиллари юмшоқ ва тез фитнага дучор бўлишлари, бу қайтарилган амалларни қилиб қўйишда улардаги кўнгилчанлик ҳамда ақллари эркакларнинг ақлларининг ярми эканлиги сабабли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни бу ҳукмда зикр қилмадилар. У зот аёллар ҳақида: “Эркаклар учун аёллардан кўра дини ва ақли ноқис бўлган бирор кишини кўрмадим” дедилар. Шунда: “Эй Расулуллоҳ, уларни ақллари ва динларининг нуқсон­лиги қаерда?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай жавоб бердилар: “Уларнинг ақлларининг нуқсонлиги бир эркакнинг гувоҳлигига икки аёлнинг гувоҳлиги тўғри келишидир. Уларнинг динлари ноқислиги эса ҳайз ҳолатида рўза ва намозни тарк қилишларидир”. Расулуллоҳ (соллалло­ҳу алайҳи ва саллам)га Макка фатҳида аёллар байъат қилганларида улардан ўликка йиғламасликка байъат олдилар.

Умму Атийя (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўлим бўлганда йиғламасликка байъат олдилар. Биздан фақат еттита аёлгина бунга вафо қилди холос, уларнинг ичида Умму Сулайм ҳам бор эди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларни жаноза (намози)га ҳозир бўлишдан қайтарардилар”.

Абу Бакра отасидан, у бобосидан ривоят қилади: «Пайғамбарим (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир жанозада аёлларни кўрдилар ва уларга шундай деди-
лар: “Қайтинглар! Ажр олмай, гуноҳга қоладиганлар”».

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бир жаноза намозига чиқдик. Шунда У зот аёлларни кўриб: “Маййитни кўтарасизларми?!”, дедилар. Улар: “Йўқ”, деб жавоб беришди. “Дафн қиласизларми?”, дедилар. Улар: “Йўқ”, дейишди. “Унда қайтинглар! Ажр ол­май, гуноҳга қоладиганлар”, дедилар Расулуллоҳ».

Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабрларни кўп зиёрат қилувчи аёллар, уларни устини масжид қилган ва устига чироқ қўйган инсонларни лаънатладилар».

Абу Абдуллоҳ Ҳаким Термизий юқоридаги ҳадисни шарҳлаб айтадики: “Замоннинг охиригача аёллар ҳақида бу борада хавф-хатар боқийдир. Агар аёл ушбу зикр қилинган ишлардан омонда бўлиб, қабрни тузатиш ёки унга салом бериш ёки унга дуо қилиш ёки ибрат олиш учун келса, ўз нафсини бақириб йиғлашдан сақласа, ҳиссиётлари ўлган, фитнаси ҳам тўхтаган бўлса, у бизнинг наздимизда жоиз ҳисобланади ва бу қайтариқ остига кирмайди”.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эркаклар хусусида бу масалада хотиржам бўлганлари сабабли уларга қабр зиёратига рухсат бердилар. Чунки қайтариқ иллати кетгани боис бу ишга Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) изн бердилар.

Шунингдек, аёллар борасида ҳам ҳукм шундай. Агар уларда ҳам ушбу иллат, яъни фитналаниш иллати кетадиган бўлса, аёллар ва эркаклар бу ҳукм борасида баробар бўладилар. Шунингдек, ҳар бир нарса бирор сабабдан қайтарилган бўлиб, агар ушбу сабаб йўқолса, ҳукм аслига қайтарилади ва жоизга айланади.

Фотима (розияллоҳу анҳо) Ҳамза (розияллоҳу анҳу) қабрларини ҳар йили келиб, уни тўғирлаб кетардилар. Бир неча аёллардан Фотима (розияллоҳу анҳу)нинг шаҳидлар қабрларига бориб, уларга салом берган­ликлари ривоят қилинади.

Абу Жаъфар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Фотима розияллоҳу анҳо Ҳамза (розияллоҳу анҳу)нинг қабрларига келиб, уни таъмирлар эдилар”.

Қабрларни таъмирлаш масаласига келсак, унинг изи ўчиб кетмаслиги ва очилиб қолмаслиги ва билмай қолиб ковлаб юборилмаслиги сабабидан амалга оширилади. Агар қабрнинг белгиси йўқолса, бошқа маййит учун ковлаб юборилиши мумкин. Бу ерда яна бошқа бир сабаби ҳам борки, маййитларни зиёрат қилгани келган инсонлар учун қабр номаълум бўлиб қолади. Агар ўша қабр белгиси йўқ бўлиб кетса, зиёрат қилиш ҳам йўққа чиқади. Бу эса мусулмоннинг ҳақларидан ҳисобланиб, узоқдан салом бериш эса ундай эмас (ўрнини тўлиқ босмайди).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қили­нади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Кимки ота-онаси ёки уларнинг бирини қабрини ҳар жума зиёрат қилса, унинг гуноҳлари кечирилади ва яхши бандалар қаторида ёзилади”».

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Кимки ота-онаси ёки уларнинг бирини қабрини савоб умидида зиёрат қиладиган бўлса, ҳажжи мабрур сингари амал қилган билан баробар бўлади”. Бошқа бир ҳадисда эса: “Кимки ота-онаси қабрини тез-тез зиёрат қилиб турса, фаришталар унинг қабрини  зиёрат қилади”, дейилган.

Юқоридаги Фазл ибн Фузоланинг ҳадисида келган қаттиқ қайтариқ ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Фотима (розияллоҳу анҳо)га айтган сўз­ларини Исломнинг аввалида содир бўлган иш деб биламиз. Чунки жоҳилият амалларига арлашиб қолмаслиги ва жоҳилият суннатларидан умуман юз ўгириш­лари ва жоҳилият амаллари буткул йўқ бўлиб кетиши учун аввалида аёлларга ҳам эркакларга ҳам қаттиқ турилган. Бинобарин, юқорида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Агар сен улар билан борганингда, отангнинг отаси – бобонг жаннатни кўрмагунича жаннатни кўрмаган бўлардинг”, деб айтган сўзлари эса бу ишдан қаттиқ қайтариш ҳисобланади. Лекин, бу амал жаннатни ҳаром қилиб, дўзахда абадий қол­дирувчи амаллардан ҳисобланмайди. Чунки У зот: “Ҳатто бобонг жаннатни кўрмагунича”, дедилар.

Бунинг маъноси шуки, ким бу амални қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло ундан исломни тортиб қўйиш хавфи бор. Натижада эса диндан ажраб қолиши мумкин. Агар Аллоҳ таоло ундан исломни тортиб оладиган бўлса, жаннатни абадий кўрмайди. Аллоҳ таоло бандаларига берган энг улуғ неъмат бу ислом неъматидир. Исломнинг ўзини йўл-йўриқлари ва нури бор, худдики кўчани ёритиб турган нур сингари. Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саъйи-ҳаракатлари ва жанглари ҳамда муҳожир ва ансорларнинг олиб борган курашлари сабаб йўқ қилинган жоҳилият амалларидан бирортасини қайта тирилтириш каби бирор амални қиладиган бўлса, у ислом неъматига куфр келтирган бўлади. Кофир эса ғазабга дучордир. Бундай киши имондан чиқиб қолишидан омонда эмас. Қабрларни бориб кўриш эса жоҳилият амалларидан бўлган. Бу ишдан (исломнинг аввалида) қаттиқ қайтариқ сабаби эса жоҳилий одатларни йўқ қилиш бўлган.

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм