Мақолалар

Кел, болам, ўйнаймиз!

Чоп этилди Avgust 25, 2019 Кел, болам, ўйнаймиз!da fikr bildirishni o'chirish

Ўйин нима? Боланинг эҳтиёжи. Худди ейиш, ичиш, нафас олиш сингари. Ҳали ҳеч нимани билмаган мурғак чоғида кўзингизни беркитиб, очасиз ва: “А-жи!” дейсиз. Гўдак қийқириб кулади. Чунки бу унинг учун ўйин-да. Кўтариб, осмонга отганингизда-чи? Аввалига қўрқади, кейин “таъм”ини билгач, яна хоҳлайди. Ўзи ўтириб, эмаклаб, юра бошлагач, турли ўйинлар, ўйинчоқларга муҳтожлиги яна ортади.

Аксариятимиз боланинг эҳтиёжи деганда қорнини тўйдириш, тўғри овқатлантириш, қулай кийимлар кийдириш, ишончли қўлга топшириш, соғлигига эътиборли бўлиш… кабиларни тушунамиз. Бироқ: “Бугун фарзандим етарлича, фойдали ўйинлар ўйнадими?” деган саволдан кўп ҳам ташвишланмаймиз. Ваҳоланки, ўйин боланинг қувониши, вақтини чиройли ўтказиши учун; шу билан бирга, катталарга ҳам ҳузурланиш, стресслардан қутулиш, турмушнинг ҳеч тугамас машмашаларидан чалғиш учун зарур фаолиятдир.

Ўзимиз кўп такрорлайдиган, бошқалардан ҳам эшитадиган шикоятлар бор: “Ҳамма ишга улгураману, болам билан ўйнашга вақтим йўқ. Тузукроқ ўйин билмайман ҳам”. Ёки: “Ҳадеб ўйинчоқ олиб беришга пул қайда?” Ростдан ҳам шундайми? Болангизни орқасидан билдирмай бориб, секингина туртасиз. Ҳайрон бўлади. Иккинчи мартадан кейин сизлигингизни билгач, орқангиздан қувлашга тушади. Шу билан ўйин бошланади. Ёз кунларида ҳовлига резина ичак билан сув сепаётганимда қизимнинг “устимдан сочинг”, деб келишлари, уст-боши, сочлари шалаббо бўлиб, кулганча чопишларини кўриб: “Ҳамма нарса ўйин-а сенга?” дейману хаёлим узоқларга кетади. Кичкиналигимизда амаким таҳорат олиб бўлиб, бармоқларидаги сувни бошимизга томчилатардилар. Биз кулардик, “яна, яна”, деб орқаларидан югурардик. Шу ҳам бир ўйин бўлган экан, аслида…

Одам истаса, ўтирган жойидан қимирламай кичкинтойини қувонтириши мумкин. Масалан, қизим дадасига: “Қайси қўлимда ўйнайлик”, деб қолади. Жуда машҳур ва осон ўйин. Икки тараф рўпарама-рўпара ўтириб бир кафтига нарса яширади. Иккинчиси бўш бўлади. Топсангиз, сиз беркитасиз, тополмасангиз, қарши тараф давом эттиради. Кузатсам, шу соддагина жараёндан миттивойимиз катта завқ оларкан.

Доимий иш билан банд ота-оналар ўйинчоқдан халоскор сифатида фойдаланади. Ваҳоланки, бир кунда маълум вақтни бола учун ажратиш бизнинг ҳам диний, ҳам оилавий масъулиятимиздир.

Яшириб нима қилдик, “Ҳамма жой ивирсиб кетади”, деб болаларимизни ўйинлардан чеклашимиз бор гап. Шерик бўлиш у ёқда турсин, ўзининг ўйнашига ҳам қўймаймиз. Унинг ўрнига қўлига телефон тутқазамиз ёки телевизорда мультфильм қўйиб берамиз. Бола учун олинган (!) ўйинчоқларга зиён етмасин, хонаси деворига бирор нима тегизмасин, мебелларининг ранги очиқ, доғ қилиб қўйса, қандай кетказаман… Ташвишимиз шу. Кичкинтойимизга ўйинчоқлари тартибли туришидан, ўрни бузилмаслигидан, гиламига нарса сочилмаслигидан нима фойда?

Ҳамма жойда кузатиш мумкин бўлган ҳолат: шундоқ ҳам эҳтиёткорлик билан бир-бирига тўп отаётган ота-болаларга бека танбеҳ беради: “Ҳамма ёқ чангиб кетади” ёки: “Секинроқ ўйнанглар” ёхуд: “Бирон нима синмасайди-да…”

Чунки бизга тинчлик маъқул. Бу борада телевизор ёки телефон энг яхши ёрдамчимиз. Бола индамай ўтиради. Кейин нима бўлади? Интернет орқали мультфильм кўраётган, ўйин ўйнаётганда бехос чиқиб қоладиган беҳаё рекламаларга кўзи тушади. Секин-секин белгилаб берилгандан бошқа саҳифаларга ўтади. Ўйинлар юклаб олади. Сўнг шикоятлар бошланади:

– Бу қанақа бола бўлди, билмайман. Ҳамма нарсага лоқайд, эътиборсиз, гапирсанг, эшитмайди ҳам. Хаёли компьютерда, хаёли ўйинда…

Шу тарзда ҳали у руҳшуносга, ҳали бу руҳшуносга чопиб, сабаб ва чора излаётган оналар ҳолати оч қолганида боласини еб қўйиб, кейин йиғлаб юрган тимсоҳга ўхшайди.

Кичкиналигимизда “Dendy”, “Sega” каби ўйинлар чиққанди. Телевизор орқали ўйнар, бутун дунёни унутардик. Катталар қанча урушмасин, бола эканмиз-да, ҳеч воз кечгимиз келмасди. Мен учун энг қўрқинчлиси эса, сўкиш эшитишдан ҳам кўра экран қаршисида ўйнаб ўтиравергач, кун бўйи бошимнинг оғриши эди. Ваҳоланки, кўчада соатлаб қувлашмачоқ, беркинмачоқ ўйнаб, асло чарчамасдим. Демак, бизга инглизчада “game” дейилган виртуал ўйинлар эмас, “play” керак… Ҳаракат керак. Болани ҳам жисмоний, ҳам руҳий шаклланишига ёрдам берадиган жисмоний ўйинлар керак.

Шундай экан, хонасининг, мебелининг шакли, ранги қандай бўлишидан олдин, уйимизда болаларимизни сиқмайдиган, эркин ҳаракатланиши учун қулай муҳит яратишни ўйлайлик. Уларни ойнаи жаҳон ёки компьютер олдида михланиб, тинчгина ўтиришидан эмас, завқи ичига сиғмай ўйнашидан ҳузурланишни ўрганайлик.

Телефонимда, компьютеримда виртуал ўйинлар борми? Бор бўлса, уларни кимга сақлаяпман? Агар болам учун бўлса, ундан нима фойда олади, руҳиятига қандай таъсир қилади? Йўқ, агар ўзим учун бўлса, бундан менга нима наф? Қўлга киритаётган балларим охиратда қандай ёрдам беради? Ўйинга чалғиб ибодатни бой бериб ўтказган вақт сарфидан сўралганимда, жавобини қандай бераман?..

Шу каби саволларни ўзимизга беришдан қўрқмайлик. Телефонимиздан ўзимизга ҳам, боламизга ҳам фақат зиён етказадиган ўйинларни ўчириб ташлашга иккиланмайлик. Фарзандимнинг зеҳнини оширади деган баҳона билан юклаб олаётган виртуал ўйинларни ҳақиқийсига алмаштирайлик. Уйим тўзиб кетади деган қўрқувни қувиб, болаларимизга ўртоқлари билан хонасида ўйнашига рухсат берайлик. Токи дилбандларимиз бағрикенгликни, сахийликни, жамиятга тез сингишиб кетишни ўргансин. Гўдакларимиз билан бирга бўлайлик: ёмғир остида қўл ушлашиб югурайлик, қорбўрон ўйнайлик, тўкилган дарахт япроқларини терайлик, капалаклар учишини томоша қилайлик. Токи яратиқларни, Яратганни севсин. Болага қўшилиб бола бўлайлик, улар билан мазза қилиб ўйнайликки, қалбимиз тозарсин. Набий алайҳиссалом ҳазрат Ҳусайнни қувиб, тутиб олганларидек (Ибн Можа ривояти) ўғил-қизларимиз билан қувлашмачоқ ўйнайлик. Сажда пайти Пайғамбар алайҳиссаломнинг елкаларига чиқиб олган ҳазрат Ҳасандек (Ҳайсамий ривояти) устимизга минган кичкинтойимизни урушмайлик. Ибодатни битиргач, у хоҳлагандек от бўлайлик. Ҳазрат Ҳусайндек елкамизда қувониб ўтирган “чавандоз”имизга: “Қандай яхши маркабинг бор!” деганларга “Минувчининг ўзи қандоқ яхши”, дейлик (Термизий ривояти). Набий алайҳиссалом кичкина Маҳмуд ибн Рабиъга сув пуркаганларидек (Имом Бухорий ривояти), гўдакларимизга сув сепиб севинтирайлик. Ҳам фарзандимизни ўйнатиб қувонайлик, ҳам “Кимнинг ёш боласи бўлса, у билан ёш боладек муомалада бўлсин” (Ибн Асокир ривояти), деган набавий амрга амал қилиб, савоб қозонайлик.

Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан