Мақолалар

НИГОҲИНГИЗНИ АСРАНГ!

Чоп этилди Avgust 25, 2019 НИГОҲИНГИЗНИ АСРАНГ!da fikr bildirishni o'chirish

Бир онахон куюниб гапиряпти:

– Ҳамма айб ўғлимда. Раҳбар бўлиб сайланди-ю айниди. Аёлларга суяги йўқ, хирси ўпқонга айланди. Яқинда набирам қон йиғлаб келди. Коллежда синфдоши шилқимлик қилиб, кофтасини йиртиб юборибди. Номусидан ўлай, деб келган набирам шўрлик ўз жонига қасд қилишига сал қолди. Кейин билсам, отаси ўзи раҳбарлик қилаётган корхонадаги бир қизга гап отиб, тегажоқлик қилиб юраркан. Худо ҳаммасини кўриб, билиб турибди. Қайтар дунё бу.

Онахоннинг гаплари ҳақ эканлигига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Баъзи эркаклар кўчадаги аёлларга суқланиб қарайди, керак бўлса, уларни илинтиришдан ҳам тап тортмайди. “Ахир бу ҳам кимнингдир ё онаси, ё қизи, ё синглиси, ё аёли”, деб ўйлаб ҳам кўрмайди. Динимизда бу ҳақда кўплаб огоҳлантиришлар келганки, ундан хабари бор одам сал бўлсада кўзини бегона аёлларга тикишдан тийган бўларди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки кўз ҳам зино қилади. Унинг зиноси назардир” (Муттафақун алайҳ).

Шайх Абдулқосим Асфахоний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Инсонда уч қувват бор: фикрлаш қуввати, ғазабланиш қуввати ва шаҳват қуввати. Бу уч қувватдан энг кучлиси шаҳват бўлиб, уни бостириш осон эмас. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло “Нур” сурасининг 30-оятида:

“(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта, Аллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларидан хабардордир”, деб марҳамат қилган. Ҳа, кўзни номаҳрамлардан тийишнинг фойдалари улкан. У бандага иймон ҳаловати, қалб нури, нафс поклиги ва салоҳиятини олиб келади”.

Шу оятнинг тафсирида Қатода раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтадилар: “Аллоҳ таоло оятнинг аввалида кўзни номаҳрамлардан пастга қаратишни зикр қилгандан кейин авратларни зинодан сақлашга буюрди. Чунки шаҳвоний назар зинога олиб борувчи йўлнинг бошидир”.

Тобеинларнинг устози бўлмиш Саид ибн Мусайяб раҳматуллоҳи алайҳ: “Шайтон ҳамма нарсадан ноумид бўлса-да, аёллар томонидан эркакларга фитна бўлиб келишдан асло умидини узмайди”, деганлар.

Динимизда бу каби қайтариқлар жуда кўп. Шундай экан, ҳар бир эркак ўзининг аёли, онаси, опа-сингиллари ва қизларига қандай муомала қилинишини хоҳласа, ўзи ҳам бегона аёлларга шундай муомалада бўлсин. Зеро, унинг кўча-кўйда қилиб юрган амали бир кунмас бир кун ўзига қайтиши бор.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг ҳидоятида собитқадам қилсин!

Мансурбек Рўзиев

Андижон вилояти, Марҳамат тумани