Мақолалар

АЛЛОҲНИНГ РАЗЗОҚЛИГИ

Чоп этилди Avgust 25, 2019 АЛЛОҲНИНГ РАЗЗОҚЛИГИda fikr bildirishni o'chirish

Шайх Али Тантовий ҳикоя қилади: “Шайх Содиқ Мажидий менга бир воқеани сўзлаб берди. Мисрда Афғонистоннинг бир элчиси хизмат қиларди. Бир кун унга Россияда амалга ошириладиган муҳим сиёсий топшириқ берилди. У (одамлари истеъмол қиладиган) ҳайвон гўштлари шариатга мувофиқ сўйилмайдиган давлатга боришини ўйлаб, хавотирга тушди. Унинг 2 та товуғи бор эди. У иккала товуқни ҳам сўйиб, тозалади, хотини эса уни пишириб, сафар халтасига солиб қўйди. Элчи Тошкентга етиб келганида уни бир мусулмон отахон уйига таклиф қилди. Элчи йўлда кетиб бораркан, товуқларни отахоннинг уйига қандай кўтариб киришга хижолат чекарди. Шунда унинг кўзи йўлда болалари билан турган бир фақир муслимага тушди. Уларнинг юзидан очлик асари шундоққина кўриниб турарди. Элчи пайтдан фойдаланиб, иккала товуқни уларга берди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, унга ортга қайтиши, юклатилган топшириқ аҳамиятини йўқотгани  ҳақида телеграмма келди.

Шундай қилиб, бу сафар фақатгина бир нарса учун қилинган эди: ўша 2 та товуқ элчининг мулкида бўлса-да, на ўзига ва на оиласига, балки Тошкентдаги бева аёл ва унинг болаларига тақдир қилинганди. Элчининг хотини уни пиширди, ўзи эса уни олиб, 4000 километр масофани ўша аёлга етказиш учун босиб ўтди”.

Азизбек ХОЛНАЗАРОВ