Мақолалар

Саҳобаларни сўкманг!

Чоп этилди Avgust 26, 2019 Саҳобаларни сўкманг!da fikr bildirishni o'chirish

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: Саҳобаларимдан ҳеч бирини сўкманглар. Жоним измида бўлган Зотга қасамки, бирортангиз Уҳуд тоғидек тиллани инфоқ қилсангиз ҳам, улардан бирининг бир муд (бир ҳовуч) ёки унинг ярмичалик инфоқининг савобини топа олмайсиз(Муттафақун алайҳ).

Саҳобаларнинг фазилати ва мақоми юксаклигини уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга муносабатини, ҳаётини ўрганиш орқали билиш қийин эмас. Улар Аллоҳ ва расулининг сўзлари олий бўлиши учун бор куч-ғайрати, ҳимматини сарфлаган, Пайғамбар алайҳиссаломни ота-онасидан ҳам ортиқ севган, у зот учун жонини фидо этишга тайёр турган, имон ва солиҳ амалларда мусобақалашган, мусулмон одоби, маданиятини тарқатишда фидойилик кўрсатган, дин душманларига қарши кези келганда маърифат, керак бўлганда қурол орқали курашган. Улар Ислом энг гўзал, маърифатпарвар, ҳақиқатпарвар, тараққийпарвар динлигини ва ҳукмлари марказида инсон манфаати, унинг икки дунё саодати турганини дунёга кўрсата билган зотлардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни севаман деган мўмин у зотни яхши кўрганларни, яъни саҳобаларни ҳам яхши кўриши лозим. Зеро, чин имон уларга бўлган муҳаббат билан камол топади. Бунга кўплаб ҳадислар ва саҳобаларнинг амаллари далилдир.

Асҳобни ҳақоратлаган, обрўсига путур етказишга уринган киши аҳли сунна вал жамоа ақидасига зид иш қилган ҳисобланади ва диндан чиқади. Чунки нақл этувчини нишонга олиш манқулни, яъни манбани нишонга олишдир. Демак, саҳобаларни сўккан одам Аллоҳ ва расулини ҳам ҳақоратлаган бўлиб чиқади.

Бу хусусда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари кифоядир: Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло бандалари орасидан мени танлаб олди. Саҳобаларни ҳам мен учун Ўзи танлаб олди. Улар дан менга вазирлар, ёрдамчи ва қуда-анда бўладиганларини ҳам Ўзи танлади. Бас, ким уларни сўкса, унга ҳамма фаришталар ва одамларнинг лаънати бўлсин. Қиёмат куни унинг ҳеч қайси амаллари қабул бўлмайди” (Имом Ҳоким ва Имом Табароний ривояти).

Катта гуноҳлардан саналгани учун ҳам, аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, саҳобаларнинг ишларини муҳокама қилмай миз. Бирорталарини хато, гуноҳ, айб ёки беадаблик қилди, деб ҳукм чиқармаймиз. Қуръони каримда айтилади: “…Сизни улардан (ҳимоя этишга) Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур…” (Бақара сураси, 137-оят). Яъни, Аллоҳ таоло Пай ғамбар алайҳиссаломга озор берганларни жазолашини ваъда қилади. Худди шу каби асҳоби киром ҳам муҳофазага олинган. Қудсий ҳадисда Ҳақ таоло: “Ким Менинг дўстим билан ўзаро душманлик қилса, у билан жангга киришаман”, деб огоҳлантиради.

“Аллоҳдан сақланинглар! Аллоҳдан сақланинглар! Мендан кейин саҳобаларимга ғараз қилманглар! Бас, ким уларни севса, ўзига дўст тутса, дўстлигим, муҳаббатим билан уларни дўст тутаман, мен ҳам севаман. Ким уларни ёмон кўрса, уларга ғазабнок бўлса, мен ҳам уларга ғазаб қиламан. Ким уларга азият етказса, ҳақиқатда менга азият берган бўлади. Ким менга азият берса, аслида Аллоҳга азият берибди. Аллоҳ ўзига азият берган кимсани қаттиқ азоблаши аниқ” (Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифдан ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобаларини қандай ҳимоя қилаётганларига, уларнинг саодат эгалари эканига амин бўламиз. Ҳадис бошидаги “Аллоҳдан сақланинглар!” деган такрор сўзларда жиддий огоҳлантириш ва таъкидлаш бор. Жумла Аллоҳдан қўрқинглар!” маъносини ҳам ифодалайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу сўзлар билан умматларини Аллоҳ таолонинг ғазаби ёғилишига, раҳматидан маҳрум, азобига гирифтор бўлишга, аламли уқубатларда қолишга сабаб бўладиган гуноҳдан огоҳлантиряптилар.

Мазкур масалада вожиб бўлган амал шуки, мўмин киши учун Аллоҳ ва Унинг расулига, Пайғамбар алайҳиссалом келтирган нарсаларга имондан кейин у зотнинг йўлларини тутган, суннатларига амал қилганларга муҳаббатли бўлиш энг муҳимдир. Бу имонни камолга етказувчи омиллардан саналади. Улар яхши кўрган зотларни яхши кўриш, ёмон кўрганларини ёмон кўриш; дўстларини дўст ва душманларини душман тутиш чин имон белгисидир.

Айюб Сихтиёний розияллоҳу анҳу: “Ким Абу Бакр розияллоҳу анҳуни севса, дин минорасини барпо этибди (дин шамчироғини ёқибди). Ким Умар розияллоҳу анҳуни севса, ўз йўлини кенг билиб олибди. Ким Усмон розияллоҳу анҳуни севса, Аллоҳ нури билан ўзини ёритибди. Ким ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳуни севса, мустаҳкам арқонни, яъни Исломни маҳкам тутибди. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дўстлари – саҳобалари ҳақида яхшиликни гапирса, мунофиқлик иллатларидан омон қолибди”, деганини унутмайлик.

Зокиржон ШАРИФОВ

Тошкент шаҳридаги “Тўхтабой” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан