Мақолалар

СОҒ ТАНДА – СОҒЛОМ АҚЛ

Чоп этилди Avgust 26, 2019 СОҒ ТАНДА – СОҒЛОМ АҚЛda fikr bildirishni o'chirish

Ислом фақат инсон ҳаётининг руҳий, маънавий камолотига эътибор берибгина қолмай, айни вақтда унинг жисмоний жиҳатларини ҳам қамраб олган. Уламолар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки зинапоясига ўхшатишади, яъни икки тараф баравар – тенг бўлишига эътибор бермоқлик лозимлиги уқтирилади. Инсоннинг эъти­қоди кучли, мустаҳкам бўлиши билан бирга бадани, жисми ҳам соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга бардош бера оладиган бўлмоғи лозим. Бу хусусда Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кучли ишқ Аллоҳ ҳузурида кучсиз мўминдан яхшироқ ва маҳбуб­роқдир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Мўминларнинг имони кучли ё кучсиз бўлишидан қатъи назар, хайр-яхшилик доим улар билан биргадир. Мўмин киши доим дунё ва охиратга фойдали бўлган нарсаларни излаб топиб, уни бажариши лозим. Аммо бу ҳаракатни ёлғиз ўзи уддалай олмайди. Албатта, Аллоҳ таолонинг ҳидояти, инояти, тавфиқи шарт. Бунинг учун ҳар жойда, ҳар вақтда Аллоҳ таолога сиғинмоқ, унга илтижо қилмоқ банданинг асосий вазифаларидандир. Агар буни бажармаса, оқибатда муваффақиятга эришмоқнинг ҳеч имкони йўқ. Ҳаётингда ожизлик сезсанг, у сенинг хатоингдир. Сен Аллоҳ таолони қидир, топ ва ундан ҳеч қачон умидингни узма! Иложи борича, Унга астойдил суян, қолганидан қўрқма! У ўзига ихлос билан таваккул қилганларни асло ёлғиз ташлаб қўймайди. У Шафиқ ва Раҳимдир. Лутфу эҳсони битмас-туганмасдир.

Ҳозирги кунимизда соғлиқни сақлаш, хасталикка чалинмаслик учун бадантарбия қанчалик аҳамиятли эканини ҳамма тушуниб етган. Каттаю кичик иложи борича бадантарбияга эътибор беришга ҳаракат қилади.

Ҳазрат Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган мазкур ҳадис хайр-яхшилик фақатгина кучли мўминда мавжуд, деган тушунчани бартараф этади. Чунки ҳадисда таъкидланганидек, кучли ёки кучсиз имон эгаси бўлсин, иккови ҳам яхшидир, бу гўё цементга қум қўшилганда жипс­лашув, бирдамлик ҳосил бўлгани кабидир.

Ҳамманинг кучли бўлгиси, қувватли бўлгиси, чапдаст, эпчил, соғ-саломат бўлгиси келади. Бунинг учун эса мунтазам бадантарбия билан шуғулланиш керак.

Юқорида айтилганидек, Ислом динида бу ишга алоҳида эътибор берилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу борадаги ҳадиси шарифларини ўргансак, масалани тўғри тушунишимизга ёрдам бўлади.

Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд (раҳматулло­ҳи алайҳим) Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)дан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мен билан мусобақалашган эдилар, мен у зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг менинг гўштим кўпайганида яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва: “Ҳалиги билан биру бир”, дедилар.

Имом Муслим ва Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳим) келтирган ривоятда саҳобалардан Салама ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу) қуйидагиларни айтади:

«Биз йўлда юриб борар эдик. Ансорийлардан мусобақада ҳеч енгилмаган бир киши: “Мадинагача мусобақалашувчи борми? Қани ким мусобақа қила олади?” дея бошлади. “Ҳурматли кишини ҳурмат, шарафлини шарафига риоя қилмайсанми?” – дедим. “Фақатгина Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни”, деди. “Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам сизга фидо бўлсин! Қўйиб беринг, шу одам билан мусобақалашай”, дедим. “Хоҳишинг бўлса, майли”, дедилар у зот. Мадинага ундан ўзиб етиб бордим».

Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари ичида доимий равишда спорт мусобақалари бўлиб турганини билиб оламиз.

Имом Абу Довуд Муҳаммад ибн Али ибн Руконадан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

“Рукона Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан кураш тушди. Бас, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни йиқитдилар”.

Уламоларимиз ушбу кураш мусобақаси ҳақидаги ҳадиси шарифнинг ўзига хос қиссасини ҳам ривоят қилишган.

Имом Абу Довуд ривоятида бу қисса қуйидагича баён этилади:

«Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Батҳода эдилар. У зотнинг ҳузурларига Рукона ибн Язид қўй-эчкиларини ҳайдаб келди ва: “Эй Муҳаммад, мен билан курашга тушасанми?!” деди. “Совринга нима қўясан?” – дедилар. “Қўйларимдан бирини”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у билан курашга тушдилар ва уни йиқитдилар. Кейин эса қўйни олдилар. Рукона: “Яна қайта тушасанми?” – деди. Бу ҳол бир неча марта такрорланди. Охири у: “Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким елкамни ерга теккиза олмаган эди. Мени йиқитган сен эмассан!” деди-да, Исломга кирди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга қўйларини қайтариб бердилар».

Бундан мусулмон киши билан мусулмон киши орасида мусобақа ўтказилганидек, мусулмон кишининг бошқа диндаги киши билан ҳам спорт мусобақаси ўтказиши мумкинлиги англашилади. Шунингдек, спорт мусобақаси орқали яхшиликлар тарқатиш ҳам тушунилади. Бунинг учун эса мусулмонлар доимий равишда бадантарбия ила шуғулланиб, соғ-саломат ҳолда тайёргарлик кўриб юришлари лозим бўлади.

Имом Бухорий ва Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳим) Салама ибн Акваъ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бозорда камон отиш мусобақаси ўтказаётган асламлик кишилар ҳузуридан ўтиб қолдилар ва: “Отинглар! Эй Бани Исмоиллар! Отангиз мерган эди. Отинглар! Мен фалончи биланман!” дедилар. Шунда тарафлардан бири қўлларини тийдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга нима бўлди? Отмай қўйдинглар?” дедилар. Улар: “Сиз улар билан бўлсангиз, қандоқ қилиб ҳам отар эдик”, дейишди. Бас, у зот: “Отинглар! Мен ҳаммангиз биланман!” дедилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёш авлодни соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни ўз фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар. У зот ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: “Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар”, деганлар.

Бу ҳадисдан яна шу нарса хулоса қилинадики: яхшилик, Аллоҳни севиш ва динни барпо қилишда мўминлар орасида тафовут ва даражалар бор.

وَلِكُلٍّ دَرَجَاتٌ مِمَّا عَمِلُوا وَلِيُوَفِّيَهُمْ أَعْمَالَهُمْ وَهُمْ لَا يُظْلَمُونَ

«Ҳамма учун қилган амаллари сабабли даражалар бор. (Аллоҳ) уларга қилган амаллари (мукофоти ва жазолари)ни мукаммал берур ва уларга ноҳақлик қилинмас» (Аҳқоф сураси, 19-оят).

Яхшилар амалларига қараб дунёда ҳам, охиратда ҳам турли мартаба ва даражаларда бўлганларидек, ёмонлар ҳам қилмишларининг кўп-камлиги сабабли турли табақаларга ажратилади.

Мўминлар дунёда уч тоифага бўлинади:

Биринчиси: Яхшиликларга ошиқувчилар. Булар фарз ва мустаҳаб амалларини чиройли адо этиб, ҳаром ва макруҳ амалларни тарк этган кишилар. Бундай кишилар қилиниши жоиз бўлган ортиқча ишларни ҳам қолдириб, ибодатларини комил суратда адо этадилар ва барча комил сифатлари билан сифатланадилар.

Иккинчиси: Иқтисод қилиб қониқарли йўл тутганлар. Бундай кишилар фақат фарз амалларини барпо қилиб, ҳаром ишларни тарк қиладиган кишилар.

Учинчиси: Ўз нафсларига зулм қилган кишилар. Бундай кимсалар солиҳ амалларининг орасига бузуқ қилмишлар ҳам аралаштириб юборадилар. Бундай кимсалар ибодат ҳам қилади, гуноҳга ҳам қўл уради.

Ҳадиснинг давомида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Сенга фойдали бўлган нарсага тиришгин. Аллоҳдан ёрдам сўра”, деган сўзлари дунё ва охират саодатини қамраб олувчи маънодор сўздир. Фойдали ишлар диний ишлар ва дунёвий ишларга бўлинади. Одам диний амалларга муҳтож бўлганидек, дунёвий ишларга ҳам ҳожатманддир. Бахтли инсон Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб ҳам диний, ҳам дунёвий манфаатли ишларга тиришади. Мана шу даража инсоннинг камолотга етганлиги ва охиратда нажот топиш аломатидир. Кимки фойдали ишларга тиришмасдан дангасалик қилган бўлса, юқоридаги ширин сўзлар ва олий мартабалар унга қаёқдан келсин?! Ялқовлик зиён кўриш ва бўшашишнинг аслидир. Ялқов на яхшиликка эришади, на ҳурмат кўради ва на дину дунёда насибадор бўлади.

Диндаги фойдали ишлар икки нарсадан иборат:

  1. Фойдали илм;
  2. Солиҳ амал.

Фойдали илм қалблар ва руҳларни поклаб, икки дунё саодатига эришишида самара беради.

Аллоҳ таолога ихлосни жамлаб ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиб қилинган солиҳ амал эса, инсонни Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Юқоридаги шартлар асосида буюрилган амалларни адо этиш ва қайтарилган ишларни тарк этишга солиҳ амал дейилади.

Дунёдаги фойдали ишлар деганда, банда ризқ излашининг лозимлиги назарда тутилади. Шунинг учун инсон ўзининг ҳолатига лойиқ равишда энг фойдали сабабларни топиши керак. Бу ишларда кучига суяниб қолмасдан, Раббисидан ризқ ва унга барака сўраши лозим.

“Касбларнинг энг яхшиси қайси?” деган саволга турлича жавоб берилади. Илм аҳли бу борада турли фикрлар билдиришган. Баъзилари деҳқончилик ишларини афзал кўрса, бошқалари олди-сотди ишларини афзал дейишган. Яна баъзилари ишлаб чиқариш корхоналарини юргизиш афзал бўлади, дейишади. Буларнинг ҳаммалари ўз фикрларига далиллар келтиришади. Бундай турли-туман фикрларни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Сенга фойдали бўлган нарсаларга тиришгин, ожизлик қилма”, деган сўзлари қувватлайди.

Дунёвий ишлар ҳолатлар ва шахсларга нисбатан турличадир. Кимгадир деҳқончилик фойдали бўлса, кимгадир олди-сотди, бошқасига эса корхона.

Ҳадиснинг охирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) куч сарф қилингандан кейин Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлишга чақирадилар. Агар инсонга мусибат етиб қолса, у ёки бу ишларни қилганимда эди, мусибат етмасди демасин. Аллоҳ таолонинг тақдирини аччиқлигига ҳам имон келтирсин. Шунда қалб таскин топиб, нафси ором олади.

Ҳозирги кунда ҳам касб-ҳунар эгаллаш учун юртимизда барча шароитлар яратилган. Энг муҳими, ҳалол касбни эгаллаб, аввало, рўзғоримиз учун, қолаверса, юртимиз учун хизмат қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳалол ризқ топиб яшашни ҳаммамизга насиб айласин.

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм