Мақолалар

Ўн кишига етмайдиган таомдан уч минг кишининг қорни тўйди ва яна таом ортиб қолди

Чоп этилди Avgust 26, 2019 Ўн кишига етмайдиган таомдан уч минг кишининг қорни тўйди ва яна таом ортиб қолдиda fikr bildirishni o'chirish

Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:

«Хандақ[1] қазилаётганда, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қоринлари очликдан ичига тортиб кетганини кўрдим ва аёлимнинг олдига бориб: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг очликдан қийналганларини кўрдим, егулик бирор нарсанг борми?” деб сўрадим. Менга ичида озроқ арпаси бўлган бир қопни узатди. Уни янчиб ун қилдим. Ҳовлимизда боқиб юрган бир жонлиғимиз бор эди, уни сўйдим. Ун билан гўштни қўшиб таом тайёрладим, идишга солиб Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига йўл олдим.

Овқат солинган идишни[2] кўрган аёлим: “Мени Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва атрофидаги кишилар олдида уятга қўйманг”, деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг олдиларига келгач, ҳеч кимга билдирмасдан, ўзларига секин: “Ё Расулуллоҳ! Мен бир жонлиқ сўйиб, арпани янчиб, ун қилиб, улардан сизга таом тайёрладим. Ўзингиз ва ёнингиздаги кишилар билан юринг, овқатланиб келасиз”, дедим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) баланд овозда: “Эй хандақ аҳли! Келинглар, Жобир овқат тайёрлабди”, дедилар.

Уйга келдим, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам одамлар билан келдилар. Буни кўрган аёлим менга: “Сиздан бўлди, сиздан бўлди”, деди. Мен: “Сен айтганингдек қилдим”, дедим.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Идишга ҳам, ичидаги хамирига ҳам тегмай туринглар”, дедилар ва ичидаги хамирини олиб, унга туфлаб барака тиладилар, сўнг идишга ҳам шу сингари туфлаб барака тиладилар.

– Энди идишларга қуйиб бер, – дедилар.

Аллоҳга қасам ичиб айтаман, улар еб, ичиб кетавердилар, аммо идишдаги овқат қандай бўлса шундайлигича камаймасдан қолаверди»[3].

Бир ривоятда: “Хандақ қазишда қатнашган барчани чақирганлар”, дейилган. Уларнинг сони уч минг киши эди.

 

[1] Мадинада мусулмонлар муҳофаза учун, Салмон Форсий маслаҳатига биноан шаҳар атрофида хандақ қазишган.

[2] У идиш, ҳозир ўзимиздаги овқат солишга мўлжалланган сингари унча катта бўлмаган идиш эди. Хандақда ишловчилар сони эса уч минг киши эди.

[3] Саҳиҳ ҳадис. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 23000 сўм