Мақолалар

Пайғамбаримиз алайҳиссалом муаззин бўлмаганларининг сабаблари

Чоп этилди Avgust 27, 2019 Пайғамбаримиз алайҳиссалом муаззин бўлмаганларининг сабаблариda fikr bildirishni o'chirish

Тарихдан маълум, Пайғамбаримиз алайҳиссалом имом бўлганлар, аммо муаззинлик қилмаганлар. Уламолар бунинг сабабини ўрганиб, бир неча  ҳикматларини баён этганлар.

Шайх Изуддин ибн Абдуссалом айтади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам амалларни давомли бажарардилар. У зот алайҳиссалом рисолатни етказиш билан бандликлари сабаб мунтазам муаззинликни қилолмасликларини билганлар”.

Имом Баҳватий Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ “Кашшафул Қинно” китобида бундай келтиради: “Набий алайҳиссалом муаззинлик қилмаганларининг яна бир сабаби, ўзларидан сўнг келадиган халифаларнинг вақтлари тиғиз бўлиб, у зот алайҳиссаломга эргашишга қийналиб қолишарди”.

Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий раҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Имом жавобгар, муаззин омонатдордир” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти). Шунинг учун бундай омонатли ишни алоҳида бир шахсга топширганлар.

Яна баъзи олимлар айтишадики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбаридирлар. Чақириқларига ижобат қилмаслик Парвардигорга осий бўлиш билан тенг. Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади: (Эй мўминлар!) Пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангиз! Сизлардан беркинган ҳолларида (пайғамбар ҳузуридан) суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Аллоҳ яхши билур. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!” (Нур сураси, 63-оят)».

Яна бир ҳикмати, азон чақиришни Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳу тушида кўрган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса уни айтишни Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳуга топширганлар. Чунки ҳазрат Билолнинг овози баландроқ бўлган.

Айрим олимлар айтишади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватчи бўлганлар. Шунинг учун ўзларига ўзлари гувоҳлик беришлари жоиз эмасди. Қолаверса, агар у зот алайҳиссалом азон айтиб: “Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ” десалар, баъзилар: “У кишидан бошқа пайғамбар бор экан”, деб гумон қилиши мумкин бўларди». Аммо бу фикр унчалик тўғри эмас. Чунки у зот алайҳиссалом хутбаларида: “Ашҳаду анна Муҳаммадар расулуллоҳ”ни  айтар эдилар.

Шавконий “Найлул автор” китобида: “Имомлик устунми ё муаззинликми?” деган саволга қуйидагича жавоб берган: «Имомлик афзал. Чунки  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидинлар, қолаверса, кейинги кўпгина буюк уламолар ҳам имомлик қилишган, муаззинлик эмас. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳам: “Агар халифалигим бўлмаганида, албатта азон айтардим”, деганлар».

 

Манбалар асосида Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ҳошимжон НИЗОМИДДИНОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан