Мақолалар

Султонободдаги энг бой хонадон

Чоп этилди Avgust 27, 2019 Султонободдаги энг бой хонадонda fikr bildirishni o'chirish

Бутун ҳаётий фаолияти давомида мактаб ўқувчиларига она тили ва адабиётдан сабоқ берган Набижон ота Ураимовнинг шахсий кутубхонаси китобхонлар ихтиёрига топширилганига ҳам қарийб ярим аср бўлди. Бу кутубхона отанинг файзли хонадонида жойлашган.

Унинг токчаларидан “Алпомиш”, “Гўрўғўғли”, “Зевархон” каби ўнлаб достонлар, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибатул ҳақойиқ”, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”, Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон”, Фаридуддин Атторнинг “Мантиқут тайр” асарларининг ноёб нашрлари; Абдураҳмон Жомий куллиёти, Хўжа Ҳофиз Шерозий баёзлари, Фузулий, Лутфий, Навоийнинг девон, баёзлари, “Бобурнома” каби асарлар ўрин олган.

Шунингдек, жаҳон ва қардош халқлар адабиётидан Шекспир, Гёте, Данте, Бокачче, Бальзак, Тагор, Драйзер, Пушкин, Толстой, Лермонтов, Рудакий, Руставели, Аҳмад Дониш, Махтумқули, Чингиз Айтматовнинг машҳур асарлари ҳам ҳавас ва муҳаббат билан жойлаштирилган. Ўзбек адабиётининг Муқимий, Фурқат, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Зулфия, Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов каби таниқли вакилларининг асарлари алоҳида кўзга ташланиб турибди. Бундан ташқари, кутубхонада ўзбекча-русча, русча-ўзбекча, русча-арабча, форсча-ўзбекча луғатлар, энциклопедиялар, турли соҳаларга оид оммабоп қўлланмалар бор.

Хона тўридаги токчада Ислом дини тарихига, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлари ва мўъжизаларига оид китоблар нур таратиб тургандек. Ўқувчилар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тафсири ҳилол” тўпла ми, “Одоблар хазинаси”, “Бахтиёр оила”, “Қуръон илми” каби асарларидан баҳраманд бўлмоқда.

Бугунги кунда бу кутубхона фонди ўн мингдан зиёд китобни, китобхонлар эса бир ярим мингдан ортиқни ташкил этади. Ўқувчилар нафақат Султонобод шаҳарчаси аҳолиси, балки яқинатрофдаги Қорасув, Чимён, Деҳқончек, Норбўта, Хонободдан ташриф буюрувчилар ҳам анчагина.

Уларнинг сони ортиб бормоқда.

– Бу кутубхонанинг ташкил этилишида дадам раҳматлининг ҳиссаси катта, – дейди Набижон ота. – Отам билимдон, китобсевар, ўқиган асарларидан баҳра олувчи ва уни бошқаларга ҳам илинадиган, китобни асровчи инсон эди. Шу муҳаббат менга ҳам ўтди. Дадам тўплаган китобларни кўпайтириб келяпмиз.

– Дарвоқе, бу ёққа юринг, – деб суҳбатдошим мени қўшни хонага бошлади. Жавонда терилиб турган китобларни бир-бир кўрсатиб сўзида давом этди. – Булар – Жомий, Фузулий, Лутфий, Навоий каби улуғ адибларнинг араб, форс тилларида ёзган асарлари. Ҳозир уларни ўқишга “тиши ўтадиганлар” деярли йўқ. Масъул ташкилотлардан бир вакил келса-ю, мен уларга топширсам, бу китоблардан халқи мизнинг китобсевар фарзандлари фойдаланса…

Саксондан ошган фидойи Набижон ота ҳамон китоб мутолаасини канда қилмайди. Бутун умри халққа зиё улашиб ўтмоқда. Аллоҳ савобли амаллар ажру мукофотини зиёда қилсин!

Тўйчибой ҲАЙДАРОВ

Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан