Мақолалар

Аллоҳ таолога ҳеч нарсани шерик келтирма

Чоп этилди Avgust 27, 2019 Аллоҳ таолога ҳеч нарсани шерик келтирмаda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло Ер юзида яратган махлуқотлари орасида фақат инсон ва жинларгагина ақл неъматини ато этган. Уларни яратиш билан бирга, Ўзидан бошқага ибодат қилмасликни буюрган. Ўзига бирор нарсани шерик келтиришни ҳаром қилган.

“Айтинг: “Келингиз, Раббингиз сизларга ҳаром қил­ган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз…” (Анъом, 151).

Аллоҳ таоло инсониятга ширкни ҳаром қилиб, Унинг ўзигагина холис ибодат қилишни буюрган. Ҳадиси шарифда айтилганидек, бу Аллоҳ таолонинг ҳақидир. Муоз (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб бундай дейди: «Мен (маркабда) Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг орқаларига мингашиб олган эдим, шунда у зот менга: “Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳақи ва бандалар­нинг Аллоҳдаги ҳақи нималигини биласанми?” дедилар. Мен: “Аллоҳ ва Унинг расули билгувчироқдир”, дедим. У зот: “Аллоҳнинг банда­лари устидаги ҳақи – улар Аллоҳга ибодат қилиб, Унга бирор нарсани шерик келтирмасликдир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳақи эса, Унга бирор нарсани шерик келтирмаган бандаларини азобламасликдир”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, одамларга хушхабар берайми?” дедим. У зот: “Уларга билдирмагин, суяниб қолишади”, дедилар».

Аллоҳни якка билишимиз ва ҳар доим Яратган Зотга бўлган имонимизни қувватлантириб туришимиз даркор. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни саҳобаларига: «Имонларингизни янгилаб туринглар”, дедилар. Саҳобалар: “Имонларимизни қандай янгилаймиз, ё Расулуллоҳ?” дейишганда: “Лаа илаҳа иллаллоҳ – Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ”, деб кўп айтинглар», дедилар.

Тавҳид илми уламолари мусулмон оилада улғайган мў­мин киши зиммасидаги вожибни адо қилиш ниятида умрида бир марта бўлса ҳам тавҳид калимасини айтиши вожибдир, дейдилар. Акс ҳолда, гуноҳкор бўлади. Бу вожибни бажаргач, тавҳид калимасининг маъноларини анг­лаган ҳолда, қалбан ҳис этиб, кўп зикр қилиб юриш даркор. Шунга амал қилган одамнинг қалби ҳикмат ну­рига тўлади. Чунки тавҳид калимасининг маъноси “Ибо­дат қилишга Аллоҳдан бошқа ҳақли зот йўқдир” дегани бўлиб, бу Аллоҳ таоло барча нарсадан беҳожат, Ундан бошқа барча нарса Унга муҳтож эканини анг­латади. Бу маънони доимо такрорлаб юриш энг афзал зикр ҳисобланади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Зикрнинг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳ”дир, дуонинг афзали “Алҳамдулиллаҳ”дир», деганлар.

Аллоҳга ширк келтиришнинг бир қанча кўри­ниш­лари бор. Шулардан бири “яширин ширк” деб номланадиган риёдир. Яъни, қилаётган амалини Аллоҳ учун эмас, балки бошқалар кўриши ёки бирор мансабга эришиш ёхуд одамлар олдида ҳур­мат қозониш учун қилиш­дир. Аллоҳ таоло бу ҳақда дейди:

“Эй имон келтирганлар! Молини одамлар кўр­син деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақа­ларингизни миннат ва озор билан йўқ­қа чиқар­манг! У (риёкор) устини тупроқ қоплаган силлиқ қояга ўхшайди; устига жала ёққанда, (тупроқ ювилиб) сип-силлиқ тошнинг ўзини қолдиради. Улар топган (ва сарфлаган) бойликларидан ҳеч нарсага эга бўла олмайдилар” (Бақара, 264).

Ушбу ояти каримада молини одамлар кўрсин деб берадиган имонли киши Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсаларга ўхшатилаётганининг ўзи ҳам риё қай даражада мункар иш эканини тасдиқлайди.

Кишининг бирор ишни мақтаниш нияти билан қилиши риё ҳисобланади. Аммо садақани ҳамма кў­риб турган ҳолда қилиб, кўнглига риё, бошқаларга мақтаниш каби иллатларни йўлатмаса, у одам риёкор ҳисоблан­майди. Чунки баъзан одамларни ундаш ва тарғиб қилиш мақсадида закот каби амалларни бошқаларга кўрсатиб адо қилиш яхшироқдир. Ана шу тарзда, яъни қалбида бошқаларга мақтаниш эмас, балки тарғиб қилиш мақсадида берилган закотда икки ҳисса ажрга эга бўлинади.

Аллоҳ таолодан бошқа нарсани яратувчи деб улуғлаш ва Аллоҳни севгандек ёки ундан-да қаттиқроқ севиш ҳам ширк­нинг бир кўриниши саналади. Қуръони каримда бундай дейилади:

“Одамлар орасида Аллоҳдан ўзга нарсаларни (сохта маъбудларни) Унга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиган кимсалар ҳам бордир. Имон келтирганларнинг Аллоҳга бўлган севгилари эса (уларникидан) кучлироқдир” (Бақара, 165).

Мусулмон кишида ўзини яратган, унга ризқ берган ва сон-саноқсиз неъматларни ато этган Раббисига бўлган севги бош­қа барча нарсалар севгисидан устун бўлиши даркор.

Жоҳилият даврида арабларда ширкнинг мана шу кўриниши кенг таомилда бўлганини кузатиш мумкин. Улар бизни Аллоҳга яқинлаштиради, деган даъво билан ўз қўллари билан ясаб олган санамларига ибодат қилишарди. Сизларни ким яратган, дейилса: Аллоҳ, деб жавоб беришарди. Аллоҳ таоло уларнинг айнан шу ҳолатлари ҳақида хабар бериб, дейди:

 «…Ундан ўзга “дўстлар”ни (“илоҳ”) қилиб олган кимсалар: “Биз фақат уларга бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз” (дерлар). Шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур…» (Зумар, 3).

Минг афсуслар билан айтиш мумкин, жоҳилликнинг ана шундай кўриниши Қуръони карим қўлларимизда бўлган, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадиси шарифлари қулоқларимиз тагида жаранглаб турган бугунги кунларимизда ҳам учраб туради. Баъзи ғофил одамлар қабрлар устида туриб олиб, ўликлардан фарзанд, бойлик каби фақат Аллоҳ таолодан сўраладиган ва ижобати фақат у Зотдангина бўладиган эҳтиёжларини сўрайдилар. Бу катта гуноҳлар жумласига киради.

Ҳадиси шарифда: “Дуо ибодатнинг мағзидир”, дейилган. Демак, дуо ҳам ибодат экан, Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилиб бўлмаслиги ҳаммага маълум. Шунинг учун Аллоҳ таолодан бошқага эҳтиёжини сўраб дуо ҳам қилин­майди. Қуръони каримда яна бундай дейилади:

 «Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуола­ринг­изни) ижобат қилай!” деди. Албатта, Менга ибодат қилишдан кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар» (Ғофир, 60).

Мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло: “Мендан сў­ранг, Мен ижобат қиламан”, деб ваъда беряпти. Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ бўлиб, бу борада шубҳага бориш асло мумкин эмас. Лекин кўплаб дуоларимиз ижобатини дарҳол кўрмаётганимиз бизни гумонга бошламаслиги керак. Чунки дуолар ижобати асосан икки нарсага боғлиқ. Яъни, аввало дуо чин қалбдан бўлиши, иккинчидан дуо қилувчининг ейиши, ичиши ва кийинишига ҳаром аралашмаган бўлиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло ҳаромдан озиқланиб турган, ҳаромдан кияётган одамнинг дуо­сини қабул қилмайди.

Бундан ташқари, баъзи дуолар ижобати охиратга олиб қўйи­лади. Банда қиёмат куни танг аҳволга тушган маҳал­да унинг бу дунёда ижобат бўлмаган дуо­ла­ри ижобат этилиб, сўрагани кўпайтириб берилади. Шунинг учун доимо ҳожатла­ри­мизни Аллоҳ таолодан сўрашимиз ва ибодатларимизда Унга бирор нарсани шерик қилиб қўймаслигимиз шарт.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм