Мақолалар

“Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё!

Чоп этилди Avgust 28, 2019 “Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё!da fikr bildirishni o'chirish

Устозларимиздан бири бу йил Саудия Арабистони қиролининг меҳмони сифатида ҳаж ибодатларини адо этиб келди. Зиёратга бордик. Таассуротлар билан ўртоқлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак равзалари, Мино, Муздалифа, Арафот, Каъбаи муаззама ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Хулоса сифатида ҳаж мавсумида гувоҳи бўлган бир гапни айтди: “Бутун дунёдан ташриф буюрган барча ҳожиларнинг юзида нур балқиб турибди. Буни мен яққол сездим”.

Тижорат билан шуғулланадиган бир танишим ҳам Исломнинг бешинчи арконини адо этиб келди. Унинг хулосаси бундай: “Ҳажда ҳам киссавурлар бор экан. Юз долларимни ўғирлатдим”.

«Биз борган Мадина ва Макка шаҳарларида ҳайдовчилар йўл қоидаларига унчалик риоя қилмас экан. Пачақланмаган, урилмаган, туртилмаган машинани топиш амримаҳол”. Бу – ҳайдовчи бўлиб ишлайдиган ҳожи танишимнинг хулосаси.

Уч йил аввал таниш имом-хатиб элликбоши бўлиб ҳажга бориб келди. Табиийки, унинг ҳам зиёратига бордик. “Эллик кишига йўлкўрсатувчи бўлдингиз. Қийналмадингизми?” деган саволимизга жавоб тариқасида: “Гуруҳимизда машҳур бир хонанда бор эди. Унинг мухлислар ҳам дарҳол топилиб қолди. Ҳаж арконлари бир четда қолиб, айрим ҳожилар ўша хонанда билан Қизил денгизга суратга тушгани кетиб қолишибди. Шуни ҳисобга олмаганда, зиёратимиз яхши ўтди”, деганини эшитиб ҳайратдан ёқа ушладик.

Бир таниш аёл: “Арабистоннинг тилласи зўр бўлади. Ҳажга бориб, қизларимга тилла опкелдим”, деди.

Бошқа бир аёл эса фарзандлари учун Маккадан сарпо йиғиб келибди…

Динимизнинг сўнгги арконини адо этган ҳожилар орасида шундайлари ҳам учрайдики, улар билан суҳбатлашсангиз, ҳажнинг фазилатлари, табаррук заминдаги муҳит, Равзаи мутаҳҳарадаги ҳолат, Масжидун набавий ва Масжидул ҳаромда ўқилган намозларнинг савоби нақадар улуғлиги ҳақида гапиришдан кўра кўпроқ ижтимоий масалаларни тилга олишади.

Уларни тинглаб таниқли шоир Садриддин Салим Бухорийнинг:

Иллат излаганга – иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга – ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа, топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга – ҳикматдир дунё,

деган мисралари хаёлимга келди.

 

Т. НИЗОМ