Мақолалар

Исломга талпинаётган қалблар

Чоп этилди Yanvar 15, 2019 No Comments

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дунё бўйлаб ҳидоят истаганлар Ислом сари талпинмоқдалар.

Бугунги кунда Ислом дини ва мусулмонларни ёмон отлиқ қилиш урфга айланиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари аксар ҳолатларда Ислом ҳақида Ҳақдан узоқ бўлган, нотўғри маълумотлар тарқатаётгани боис оддий одамлар бундай ёлғон, туҳмат ва бўҳтонлар орасида саргардон бўлмоқда. Шундай бўлса-да, барча социологлар бир овоздан: «Ислом дунёда энг тез ривожланаётган дин», деб баралла айтишмоқда. Дунёдаги барча ёмонликлар мусулмонларга тўнкалаётган бир вақтда жамиятнинг турли қатламларидан турли хил одамларнинг Исломга қараб талпинаётганини қандай тушуниш мумкин?!

Исломнинг дунёда тарқалиши турли хил кўринишларда рўй бермоқда – мусулмонлар жамоаси кенгаймоқда, кўплаб масжидлар ва Ислом марказлари очилмоқда. Уларни нафақат пойтахтларда, балки Оврўпанинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам кузатиш мумкин. Оврўпанинг юрагида қурилаётган масжидлар сони Рим, Париж ва Лондондаги черковлар сони билан рақобатлаша бошлади. Исломни янги қабул қилаётганлар ҳақида сўз юритишдан аввал расмий рақамларга мурожаат қилсак.

Мамлактлар бўйича тахминий статистика

Россия – мусулмонлар сони 23 миллиондан ошди. Бу мамлакатнинг 20 фоиз аҳолиси деганидир. Исломга янги кираётганлар сони Россияда кескин равишда кўтарилгани кузатилмоқда.

Испания – мусулмонлар сони бир ярим миллиондан ортди.

Швеция – одамлар орасида Ислом тарқалиши бўйича иккинчи ўринга чиқиб олди. Расмий маълумотларга кўра, Швецияда яшаётган мусулмонлар сони жадал равишда ошиб, бугунги кунга келиб улар 120 мингдан ошган.

Германия – расмий маълумотларига кўра, 2006, 2007 ва 2008 йилларда ҳар икки дақиқада битта инсон Исломни қабул қилган. Германия ҳукуматининг тарқатган баёнотга кўра, улар олмон халқининг камайиб бориши масаласини назорат қилолмай қолишган. 2050 йилда Германия Ислом республикасига айланиши тахмин қилинмоқда. Баёнотга кўра, йигирма йилдан сўнг Оврўпада қарийб 104 миллион мусулмон яшайди.

Франция – ҳисоб-китобларнинг кўрсатишича, Францияда 2300 масжид бор, мусулмонлар сони эса тахминан 7 миллион атрофида. Францияда Ислом дини насронийлардан кейинги иккинчи динга айланган. Франция ички ишлар вазирлиги тарафидан тайёрланган тадқиқотда айтилишича, ҳар йили қарийб 3600 та француз Исломни қабул қилаётган экан.

Дания – сўнгги икки йил ичида 2500 та даниялик ёш йигит-қизлар Исломни қабул қилишган. Дания ОАВларининг таъкидлашича, Исломни қабул қилаётган ёш данияликлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Ҳар куни камида битта Дания фуқароси Исломни қабул қилмоқда. Айниқса, карикатуралар чоп этилиши билан Исломни қабул қилган данияликлар сони 5 минг кишидан ортди.

Голландия – Нидерландия аҳолисининг ичида Исломга эътиқод қиладиганлар насроний (католик ва протестантлар) ва яқудийларни ҳам ортда қилдирган. Аср бошида мусулмонлар Голландиянинг энг йирик диний жамоасига айланди.

Буюк Британия – мусулмонлар 2,5 миллиондан орди.

АҚШ – 12 йил ичида 1200 га яқин масжид қурилди (ўртача ҳисоб билан ҳар йили юз масжиддан тўғри келади) Аксар тадқиқотчиларнинг айтишича, аниқ статистик маълумотлар йўқ, лекин 11 сентябр воқеаларига қарамай ҳар йили йигирма мингдан ортиқ америкаликлар Исломни қабул қилишмоқда. Исломни янги қабул қилганлар сони камайиши кутилган эди, аммо натижалар бунинг аксини кўрсатмоқда.

Бу маълумотлар ҳақиқатдан ҳам ажойиб! Бироқ одамларни Исломга етаклаётган нарса нима? Қуйида Ғарбда яшаб, Исломни қабул қилганларнинг сўзларини келтириб ўтсак.

Виктория Эдвардс, Канада:

«Исломни қабул қилганимдан сўнг мен сабрли бўлиб, одамларни яхши тушунадиган бўлдим. Мен аввалгидек ўлимдан қўрқмайман, чунки энди биламанки, ўлимдан сўнг ҳаёт бор. Кейинги ҳаётимиз эса бу ҳаётда қандай яшаганимизга боғлиқ. Бу ҳақда билимга эга бўлиш керак эмас, аҳамиятсиз нарсалардан озод бўлишга ёрдам беради. Энди мен кундалик ҳаётимни ва бошқалар билан бўлган муносабатимни ҳам янгидан ташкил қиляпман. Шахсий ҳаётимни айтадиган бўлсам, мен камтар ва оддийликка юз бурдим. Намозларни адо қилишим эса кунимни тўғри режалаштиришга ёрдам берди. Мен бир кунда беш марта ибодат қиламан, эрталабки намозга ҳам туришни ўргандим.

Айнан ўша беш маҳал намоз 15 дақиқа тинчланишим ва қалбим хотиржам бўлишига ёрдам беради. Масжидга қараб йўлга тушганимда барча муаммолар чекинади, масжиддан чиққач эса барча муаммоларга ечим топгандек бўламан. Олдинлари фақат ўзимга ишонар эдим. Энди эса ҳар бир қадамимни кузатиб, мадад берувчи Парвардигори олам бор эканини биламан. Ҳаётим буткул ўзгарди.

Агар бундан икки йил олдин кимдир менга муслима бўлиб, бошқа мақсадлар сари интиласан, деганида кулган бўлар эдим. Шу вақт оралиғида жуда ўзгардим, фикрлашим, дунёқарашим ҳам ўзгарди. Олдинги нарсаларга ҳозир бошқача қарайдиган бўлдим. Ислом – Парвардигорнинг улкан ҳадяси. Бу ҳадя туфайли мен нажот топдим. Энди яхши мусулмон бўлишим шарт, аксинча бўлса ношукрлардан бири бўламан».

Мери Фаллот, франциялик аёл:

«Ислом – муҳаббат, тинчлик ва фидойилик дини. Ишдаги ҳамкасбларимга Исломни қабул қилганимни айтганимда, уларнинг энг биринчи саволлари: «Сен мусулмон билан турмуш қурмоқчимисан», деб сўрашар эди. Ҳеч қандай шахсий ғаразсиз, ўз ихтиёрим билан Исломни қабул қилганимга ҳеч қайси ишонгани йўқ».

«Аллоҳга яқинлашиш учун Ислом кўрсатган йўл менга хуш келди, чунки Ислом энг осон йўлни ва шунинг билан бирга энг тартиб-интизомли йўлни таклиф қилган. Бу енгиллик эса йўлнинг аниқлигидан келиб чиқаётган бўлса керак».

Ислом ҳаётларни тартиб-интизомга тўлдириши билан спорт, илм-фан ва санъат оламида машхур бўлганларни ўзига жалб қилган. Саудия Арабистони нашрларида таъкидланишича, Исломни қабул қилгани жуда кўп француз спортчилари муқаддас жойларни зиёрат қилган. Бу билан Оврўпа спорт гуруҳларида (команда) Ислом кенг тарқалишига урғу беришмоқда.
Сенегаллик француз футболчиси Жак Фати, француз футболининг юлдузи Франк Риберилар Исломни ўзларига дастуруламал қилиб қабул қилган баъзи машҳур спортчилар холос. Бироқ, Ислом билан фақат французларгина қизиқмаяптилар.

Янги Зеландиянинг машҳур спортчи Сони Бил Уилльям ҳам Исломни қабул қилганлардан. Уилльямс All Black гуруҳида иштирок этган ва ҳалол маҳсулот истеъмол қиладиган энг биринчи мусулмон ҳисобланади.

 

* * *

Бугун Ғарбдаги миссионерлик таъсиридаги ҳукуматлар ва ташкилотлар дунё бўйлаб Ислом тарқалишининг олдини олиши учун катта сармоя тикиб жамғармалар (фондлар) ташкил қилишмоқда. Улар Исломни ва мусулмонлар истиқомат қилаётган ўлкаларни қора рангда кўрсатишга уринишмоқда. Шундай бўлса ҳам, бугун одамларнинг Исломни қабул қилиш жараёнини ҳеч ким тўхта олишга қодир эмаслиги тобора аён бўлиб бормоқда. Аллоҳ таоло ўз марҳаматини кўрсатиб, одамларни ҳидоятга йўллаб, Исломни ҳимоя қилиб, унга қувват ато қилмоқда. Аллоҳ таоло инсонни яратиб унга Яратувчи борлиги табиий ҳиссини ҳам ато қилган. Ислом – инсоннинг яширин ва ошкора сирларини, табиатини яхши билувчи диндир. Тинчлик ва хотиржамлик топиши учун одамларга энг тўғри йўлни, яшаш тарзини белгилаб берган ҳам Исломдир. Шунинг учун дунё бўйлаб ҳидоят истаганлар Ислом сари талпинмоқдалар.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Манба:  islom.uz

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan