Мақолалар

Турли таҳдидлардан ҳимоя

Чоп этилди Avgust 29, 2019 Турли таҳдидлардан ҳимояda fikr bildirishni o'chirish

Бугунги дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар ёшлар тарбиясига янада катта эътибор беришни талаб этмоқда. Бу борада Биринчи Президентимиз таъкидлаганларидек, «Табиийки, “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди»[1].

Халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг ахлоқи ва маънавиятига салбий таъсир кўрсатадиган омиллар асосан қуйидагилардир:

Биринчидан, хориж матбуоти хабарларига кўра, ҳо­зир Ғарб давлатлари телевизион дастурлари ва фильмлари жа­ҳон медиа бозорининг тўртдан уч қисмини эгаллаган. Уларнинг тушунарсиз мусиқаси, маъносиз ҳамда ғайриинсоний ҳаракатлардан иборат қўшиқлари, қизи­қиши, овқатланиш одати, ҳатто кийинишига бутун дунё тақлид қилаётгани боис, бундай жараёнлар таъсиридан ўз вақтида ёшларни  ҳимоя қилмасак, халқимиз маданияти, маънавияти ва миллий хусусиятларига зарар етади.

Иккинчидан, ҳозирги вақтда, Ғарб маданиятининг айрим вакиллари ахлоқсизликни маданият деб билиши ва аксинча, асл маънавий қад­риятларни менсимасдан, эс­килик сарқити, деб қараши бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила мустаҳкамлиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солаётган бир пайтда фарзанд тарбиясига катта эътибор бериш долзарб вазифа бўлиши керак.

Учинчидан, бугун айрим Ғарб давлатларида ёшлар маънавияти таназзулга учраб, ўзининг салбий натижаларини бераётгани  маълум. Ғарб турмуш тарзининг бундай салбий жиҳатлари баъзи ғарб оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилинаётгани ачинарли ҳолдир. Гарчи бундай ҳолатлар бошқа кўп мамлакатларда кузатилмаган бўлса-да, бу ҳол хотиржамликка берилишга асос бўлмайди. Ўз вақтида ёшлар қалбида бундай хунук ишларга нисбатан нафрат туйғусини шакллантириш лозим.

Одоб-ахлоқ, ҳаё-ибо, ор-номус, диёнат каби фазилатлар азалдан халқимиз маънавий оламининг ажралмас қисмига айланган. Бугунги глобаллашув шароитида “оммавий маданият” ниқоби остида ёшларимизга турли ёт ғоялар, маънавий тубанликларни тарғиб этишга урина­ётган айрим қабиҳ ниятли кучлар айнан ана шундай қад­риятларимизга чанг солаётгани сир эмас.

Биринчи Президентимиз “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобларида “Ҳозирги вақтда ахлоқсизликни маданият деб билиш ва аксинча, асл маънавий қадриятларни менсимасдан, эскилик сарқити деб қараш билан боғлиқ ҳолатлар бугунги тараққиётга, инсон ҳаёти, оила муқаддаслиги ва ёшлар тарбиясига катта хавф солмоқда ва кўпчилик бутун жаҳонда бамисоли бало-қазодек тарқа­либ бораётган бундай хуружларга қарши курашиш нақадар муҳим эканини англаб етмоқда”, дея маънавий таҳ­дидлардан ёш авлодни асрашимиз зарурлигини таъкидлаган эди.

XXI асрда турли ҳаёт тарзлари ва ғоялар рақобатга киришди. Бунда муваффақиятга эришиш учун ҳар бир давлат ўзлигини сақлаган ҳолда диний ва миллий қадриятларини бошқаларга англатишни асос қилган мафкурага эга бўлиши лозим. Акс ҳолда, ўзликни йўқотиш, бебаҳо қадриятлардан воз кечиш кишини тараққиётдан ажратиб, уни тобе, мустақил фикри йўқ манқуртга айлантириб қўяди. Ҳозирги кунда ғаразли мақсадларни амалга ошириш учун зимдан олиб борилаётган фитналар баъзи миллатларнинг ўзлигини йўқотишга қаратилганини сезиш мумкин. Бунда эътибор ҳудудларни эгаллаш эмас, инсон онгини эгаллашга йўналтирилган.

Маънавий даражада глобаллашувнинг салбий томони инсонни фақат истеъмолчига айлантиради. Бунда бахт-саодат моддий фаровонлик билан белгиланади. Яшашдан мақсад, ҳаётдан энг юқори даражада лаззатланишдан иборат бўлиб қолади. Руҳий-маънавий қадриятлар, эзгулик, савоб, беғараз ёрдам кўрсатиш каби олий тушунчалар унутилади. Инсонлараро муносабатлар фақат фойда ва зарар қонуни асосида ишлайди. Кўнгилхушликлар­нинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турлари юзага келади.

Юқоридагилардан кўриниб турибди, глобаллашув жараёнини ортга қайтариб бўлмайди. Бу худди отилган ўқни қайта ўқдонга тиқишга уринишдек гап. Бугун дунёдаги ҳар бир давлатнинг тараққиёти айни шу глобаллашув асосида шаклланмоқда. Глобаллашув ҳодисасининг ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Энг салбий жиҳати – замонавий дунёда одамийликни бой бериб қўйиш хавфи юқори.

Олим ва мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларига таянган ҳолда, ғарбга таҳдид солаётган хавф-хатарларни санаб ўтайлик:

Биринчиси, Ғарб мамлакатларида туғилиш даражасининг кескин пасайиши. Бу ҳақда Ғарб олими бундай ёзади: “Ғарб том маънода “ўлмоқда”, деярли барча ғарб мамлакатлари аҳолиси ақл бовар қилмас даражада камайиб бормоқда. Ўн тўртинчи асрда Оврупа аҳолисининг учдан бир қисмини қириб юборган “қора ўлат” офатидан буён Ғарб тамаддуни ҳали бу қадар хатарли таҳдидга дуч келмаган. Бу офат бутун ғарб аҳолисини қириб юбориши ҳеч гап эмас. Ҳозир Оврупа мамлакатларининг кўпида ўлим кўрсаткичи туғилишдан анча юқоридир.

Иккинчиси, дин ва одобга зид бўлган ғоя, қарашларнинг сингдирилиши оқибатида миллий қадрият, урф-одат ва анъаналар емирилмоқда. Маълумки, ғарб мамлакатлари тараққиётнинг юксак чўққиларига кўтарилишида диний қадрият, урф-одат ва анъаналар, ахлоқнинг аҳамияти катта бўлган. Жумладан, ғарб тарихчиларидан бири бундай ёзади: “Инсоният тарихий тараққиётининг қайси даврига назар ташламанг, диний эътиқод ҳар қандай буюк давлатнинг пойдевори сифатида хизмат қилиб келганига гувоҳ бўласиз. Ҳиндистон, Хитой, Юнонистон, Африка ёхуд Жанубий ва Марказий Америка тамаддунлари бўладими – уларнинг барчасида бир хил жараённи кузатиш мумкин: тамаддунлар дин негизида вужудга келган ва аксинча, қандайдир сабаблар туфайли анъанавий эътиқоднинг жамият ҳаётига таъсири сусайган ёхуд ундан бутунлай воз кечилган ҳолда миллатлар, халқлар ва давлатлар таназзулга юз тутган”.

Учинчиси, Ғарбда миллий қадрият ва анъаналар сиқиб чиқарилиб, ёш авлод қалби ва онгига ғайриинсоний ғоялар сингдирилмоқда. Бунинг оқибатида Ғарб мамлакатларида “оммавий маданият” тушунчаси юзага келди. У ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Гарчи “маданият” деб аталса-да, аслида, мазмун-моҳиятига, ният-мақсадига кўра, “оммавий маданият” ҳақиқий маданиятнинг кушандаси. “Оммавий маданият” кўпдан-кўп шаклларда ўзини намоён этади. Масалан, “китч” – заррача бадиий-эстетик қимматга эга бўлмаган нарса ва буюмларга юксак андоза тусини бериш. “Комикс” – тагига қисқа матн ёки луқмалар битилган беҳаё матбаа-расм маҳсулотлари. “Старизм” – субъектив эҳтиросларга берилган ҳолда эстрада артистлари, актёрлар, спортчилар, телебошловчиларни кўкка кўтариш. “Хэппининг” –  ногаҳон уюштириладиган “кескин” томошалар, масалан, пианино ёки автомобилларни уриб, абжағини чиқариш ёхуд ўт қўйиб ваҳшиёна, оммавий “кўнгил очиш”ларни ўтказиш. Ушбулар “оммавий маданият”нинг айрим кўринишлари, холос.

Тўртинчиси, ғарб маданияти ажралиш, аборт ва ўзбо­шимчаликни тараққиётнинг ўзига хос муҳим бос­қичлари сифатида талқин этаётганидан ташвишланиб, бир олим бундай ёзади: “Маънавият ва ахлоқнинг моҳияти хусусида якдилликка эриша олмас эканмиз, у ҳолда қандай қилиб маънавияти юксак жамиятни барпо этишимиз мумкин? Наҳотки, юртимиз тақдирига бефарқ бўлмаган кишилар маданий инқилобчиларнинг бутун саъй-ҳаракати одамларни имон-эътиқодидан қайтариш, Яратгандан юз ўгириш ва уларнинг онгига “турмуш тарзининг барча шакллари тенг ҳуқуқлидир” қабилидаги ғаразли ғоя ва қарашларни сингдиришга йўналтирилганини пайқамаётган бўлса?”

Бешинчиси, оила инқирози. Ўтган асрнинг 60-йилларида ғарб мамлакатларида содир бўлган “маданий инқилоб” эр, хотин ва болаларни оилавий вазифалар, бурч ва масъулиятдан озод этиб, оилага бўлган ижтимоий эҳтиёжни йўққа чиқарди. Бу ҳол оиланинг емирилишига сабаб бўлди. Ҳукмронликни қўлга олган “оммавий маданият” кечаю кундуз азалий қадриятларни камситиб, ҳатто аёлнинг эри ва болалари бўлиши табиий, ҳаётий эҳтиёж экани ҳақидаги тасаввурлар устидан ҳам кулиб келди. Бугунги кунда аёлни оналик вазифасидан буткул маҳрум этишга интилаётган кучлар ҳам пайдо бўлди.

Бундай вазият вужудга келишида ўтган асрнинг бошларида кўп ғарб мамлакатларида шаклланган ва бугунги кунга келиб ижтимоий ҳаракатга айланган феминизмнинг “хизмат”и катта бўлган. Масалан, ашаддий феминист аёллардан бири оила­никоҳ масаласи ҳақида тўхталиб, бундай хато фикрларни ёзган: “Никоҳ бу – қулликнинг бир шакли. Шундай экан, аёллар ҳаракати ана шу институтга қарши йўналтирилиши зарур. Негаки, никоҳ барҳам топмаган жамиятда аёлларнинг озод этилишига умид қилиш хомхаёлдир”. Афсус, бу ғоялар таъсирида миллион-миллион ғарблик аёллар оила қуриш ва бола туғишдан воз кечмоқда, оиланинг барча динларда қораланган ноанъанавий шакллари пайдо бўлмоқда.

1970 йилдан ҳозирги вақтгача никоҳсиз яшаётганлар сони 523 мингдан 6,5 миллионгача, яъни 1000 фоизга ошгани, фақат тўрт хонадондан биттасида тўлиқ оила истиқомат қилаётгани, бир жинслилар “никоҳ”и кўпайиб бораётгани, якка ўзи яшаётган америкаликлар мамлакат аҳолисининг 26 фоизини ташкил этаётгани фикримизни тасдиқлайди.

Британияда эса болаларнинг 34 фоизи никоҳсиз туғилмоқда, тахминан, шунча миқдордаги катта ёшлилар ажралиш аламидан азият чекмоқда. Келгуси йигирма йил давомида британиялик болаларнинг ярмидан озроғигина ота-она тарбиясини олиши мумкин.

АҚШда қамалганларнинг ярмидан кўпи бузилган оилаларнинг фарзандлари экани, ота-онаси ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба эркак ва аёлларга ўрта ёшда, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиб туриши аниқланган.

Оврупаликларда: “Эрлар аёллар учун биринчи бўлишни, аёллар эса эркаклар учун сўнггиси бўлишни орзу қилади”, деган гап бор. Бунинг маъноси бундай: Эр уйланмоқчи бўлган қизнинг аввал бошқа эркак билан бўлмаганини орзу қилади. Агар зинога аралашган бўлса, фарқи йўқ, бу ёғига тўғри юрса бас. Хотин эса, “Эрим менгача юрган бўлса юргандир, энди юрмасин”, деб орзу қилишидир[2]. Бу тушунча турли маданиятларда ҳар хил қабул қилинади.

Ҳозирги кунда ғарб мамлакатларида оилага муносабат ёмон томонга ўзгариб кетганини юқорида кўп бор таъкидлаб ўтдик. Ҳолбуки, аввалги замонларда уларда ҳам оила муқаддас, деб ҳисобланарди. Аммо оилага “эркинлик” мартабасининг берилиши жамиятни ҳам бора-бора издан чиқарди. Мисол учун, бугун ғарбда оила бобида қуйидагича бузилишларни учратиш мумкин:

  1. Бир жинслиларнинг никоҳланишига қонун доирасида йўл очиб қўйилгани.
  2. Оила қурмай, ёлғиз яшашга интилиш кучлилиги.
  3. Хотин эрни ёқтирмай қолгани учун уни ташлаб кетиши[3].

Хуллас, оила-никоҳ муносабатларининг инқирози ғарбона турмуш тарзининг эски қадриятлари саналган фидойилик, меҳрибонлик, садоқат, имон-эътиқод каби фазилатларнинг шахсий манфаатлар қондирилишини ёқловчи қарашлар томонидан сиқиб чиқарилгани билан изоҳланади.

 

[1] Каримов И. «Юксак маънавият – енгилмас куч». Тошкент. «Маънавият», 2008. Б  –117.

 

[2] Тоҳир Малик. «Одамийлик мулки». Тошкент. «Шарқ», 2008. 161-бет.

 

[3] Ўша китоб.162-бет

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм