Мақолалар

Шайтондан сақланиш йўллари

Чоп этилди Avgust 29, 2019 Шайтондан сақланиш йўллариda fikr bildirishni o'chirish

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қили­нади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин киши шайтонининг тинкасини қуритади, худди сизлардан бирингиз сафарда туясини чарчатганидек”, дедилар».

Шарҳ:

Абу Абдуллоҳ шундай деди: «Мўмин бандага бир шайтон бириктирилган бўлади ва у Аллоҳ мадади билан ундан сақланади. Шайтон банданинг қалбига йўл олса, Яратганнинг маърифати билан ундан сақланади. Борди-ю, унинг нафсига кўз тикиб, шаҳватини уйғотса, Аллоҳнинг зикри билан ундан халос бўлади. Агар шайтон банданинг кундалик юмуши ва ҳолатида васваса қилиш учун юзланса, Аллоҳнинг исми билан ундан сақланади. Яратганнинг исми ўзидан нур таратиб, шайтонни ҳайдайди. Туя сафари давомида оғир юк сабабли қийналиб чарчайди. Шу билан бирга қорни оч, чанқоқ бўлса, турли яйловлардан ўтади ва суви ҳам чучук эмас, лойқа бўлади. Натижада, буларнинг ҳаммаси туяни ҳолдан тойдиради. Худди шу каби мўминнинг шайтони ҳам бандадаги Аллоҳга итоат ва вафони кўриб нафратининг зўридан тинкаси қурийди. Шайтон унинг таоми, ичимлиги, либоси, уйқуси, мажлиси ва турли ҳолатларида шерик бўлишни хоҳласа, банда бисмиллаҳ билан уни ҳайдаб қувади. Шунда шайтон (эгаси томонидан жеркиб ташланган) ит каби бир чеккада туради. Банда уни четлатиб, ўз нафсидан ҳам уни буткул қувишни истаса, ваҳдоният калимаси, яъни у сабабли Арш тебранадиган қуйидаги олий калимани айтади: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” (Аллоҳдан ўзга маъбуд йўқ). Шайтон уни эшитишига юзтубан бўлади, яъни (умиди пучга чиқиб) бошини қуйи қилиб, бошпанасига қочади. Бу ҳолат Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятида шундай баён этилган:

Қачонки, Сиз Қуръонда ёлғиз Раббингизни зикр қилсангиз, орқаларига бурилиб кетурлар(Исро, 46)».

Абул Жавзодан ривоят қилинади: «У (шайтон)ни қалбдан “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимаси каби ҳайдовчи нарса йўқ», деб мазкур оятни тиловат қилди.

Ибн Зиёд Абул Жавзодан юқоридаги ривоятни нақл қилиб келтирган.

Амр ибн Моликдан ривоят қилинади: «Тавротда қуйидагиларни ўқиганман: “Сенинг (шайтонни енгиш) сиринг шуки, яқиний илмни эгаллашингдир. Шундай экан, ҳар он дунё ҳою ҳаваслари устидан ғолибликни қўлга кирит. Зеро, ким дунё шаҳватлари устидан ғолиб келса, шайтон унинг соясидан ҳам ўзини олиб қочади”».

Ҳафса (розияллоҳу анҳо): «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умар исломни қабул қилгандан буён, унга шайтон асло йўлиқмаган. (Борди-ю, йўлиқса ҳам) юз тубан бўлиб йиқилган”, деб айтаётганларини эшитганман», деди.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Шайтон Умарнинг овозини эшитган йўлда (асло) унга рўбарў келмаган. Балки, бошқа йўлга ўтиб олган”, дедилар».

Бу бобдаги Умар (розияллоҳу анҳу)нинг мисоли шаккок мулозим, яъни кирдикорлари, адовати Султонига маълум бўлиб қолган кишининг ўз подшоҳи ҳузуридаги ҳолатга ўхшайди. Қаранг, бу мулозим Подшоҳга рўбарў келганда нима содир бўлади? Агар у оёқлари чалишиб юз тубан йиқилса ҳам хунук бўлмайди.

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм