Мақолалар

Сўраган эдингиз…

Чоп этилди Avgust 29, 2019 Сўраган эдингиз…da fikr bildirishni o'chirish

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ.

Ҳурматли Фатво ҳайъати аъзолари!

САВОЛ: Ҳаж ибодатининг шартлари ҳақида маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Ҳажни адо этиш дуруст бўлишининг учта шарти бор. Улар – эҳром, макон ва замон. Ҳажнинг фарзлари – эҳром боғлаш, Арафотда туриш, “Тавофи зиёрат” (Каъба тавофи). Вожиблари – Муздалифада туриш, Сафо билан Марва орасида (етти бор) юриш, шайтонга тош отиш, тавофи садр ва соч олдириш ёки қисқартириш. Суннатлари – тавофи қудум, унда ёки фарз тавофида “рамл” (паҳлавонча юриш), икки яшил чироқ орасида шитоб билан (лўкиллаб) юриш, Минода тунаш (наҳр кунлари), Минодан Арафотга қуёш чиққандан кейин жўнаш, Муздалифадан Минога қуёш чиқмасдан бурун жўнаш, Муздалифада тунаш, учта тош отиладиган жамаротларда белгиланган тартибда тош отиш (“Оламгирия”, “Фатҳул Қадир”, “Мухтасар”, “ал-Баҳр”).

 

САВОЛ: Ҳажга боришнинг ҳам одоблари бор, деб эшитдим. Илтимос, ана шу одоблар ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

ЖАВОБ: Ҳажнинг одоблари – ҳажга отланган одам, аввало, қарзларини адо этиб қўйсин. Ҳажга бориш хусусида ақлли, доно кишиларга маслаҳат солсин. Истихора қилса, янада яхши. Сўнгра тавба-тазарру билан ниятни холис қилсин. Бировнинг омонати бўлса, эгасига топширсин. Рози-ризолик сўрасин. Намоз ва рўзаларини қазоси бўлса, адо этсин. Хато ва камчиликлари учун надомат чекиб, қайта такрорламасликка азму қарор қилсин. Фахрланиш, риёкорлик, мақтанишдан сақлансин (“Оламгирия”, “Фатҳул Қадир”, “Қозихон”).

 

САВОЛ: Ҳожи Маккага зулҳижжа ойининг биринчи куни келиб, 15 кун туришни ният қилса, муқим саналадими?

ЖАВОБ: Ҳожи Макка шаҳрига зулҳижжа ойининг биринчи куни кириб келиб, 15 кун ёки ортиқроқ тураман, деб ният қилгани билан муқим бўлиб қолмайди. Зеро, ойнинг саккизинчи куни Минога, тўққизинчи куни Арафотга чиқиб кетиши керак. Демак, 15 кун бир жойда турмайди. Шунинг учун мусофир бўлади, намозларни қаср ўқийди (“Оламгирия”, “Баҳрур роиқ”).

 

САВОЛ: Нисоб миқдоридаги маблағга эга, бироқ ногирон ёки беморлик сабабли узри бор одамга ҳаж фарзми?

ЖАВОБ: Соғлиқ ҳам ҳажнинг фарз бўлиши учун шарт қилинган. Сурункали касалга чалинган, кўзи ожиз, фалаж, икки оёғи кесилган кишиларга ҳаж вожиб эмас. Уларни бошқа одамлар ҳаж қилдириб қўйишлари ҳам вожиб эмас, оғир касал бўлса, ҳажжи бадалга васият қилиши ҳам лозим эмас. Шунингдек, катта ёшли нотавон кишилар, беморларга ҳам ҳаж лозим эмас. Бу Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳнинг сўзлари. Агар улар бой бўлиб, ҳажжи бадал қилдирсалар, жоиз. Аммо кейин ожизлик кетиб, куч-қувватга кирсалар, ўзлари қайтадан ҳаж қилишлари вожиб бўлади.

Йўлга қодир, соғлом одам ҳажга бормай юрганида ногоҳ сурункали касал ёки фалаж бўлиб қолса, харажатини тўлаб, ҳажжи бадал қилдириши лозим. Агар узрли, нотавон бемор кишилар қийинчиликка қарамай, ўзлари ҳажни адо этсалар, ҳажлари ҳисобга ўтади. Соғайганларидан кейин қайтадан ҳаж қилишлари лозим эмас (“Оламгирия”, “Фатҳул Қадир”).

 

САВОЛ: Бир яқин қариндошимиз аёли билан ҳажга бориш учун тўлов қилиб қўйган эди. Тўсатдан вафот этиб қолди. Энди аёли ҳажга ўғли билан бормоқчи эди, баъзилар: “Эри ўлган аёл иддаси ўтгунича сафар қилиши мумкин эмас”, дейишди. Шу тўғрими?

ЖАВОБ: Ҳа, тўғри. Аёл кишига ҳаж фарз бўлиши учун қўйилган шартлардан бири иддада ўтирган бўлмаслигидир. Иддаси эри ўлгани ёки талоқ қилингани сабабли бўлишининг фарқи йўқ. Ҳатто ҳажнинг йўлида эри ўлиб ёки талоқ билан идда ўтиришга тўғри келиб қолса, иддаси тугагунча етган жой идаги шаҳардан чиқмаслиги лозим (“Оламгирия”, “Қозихон”).

Шайх Абдулазиз МАНСУР

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан