Слайдер

“Энг яхши ёш китобхон” танлови ғолиблари аниқланди

Чоп этилди Avgust 26, 2019 “Энг яхши ёш китобхон” танлови ғолиблари аниқландиda fikr bildirishni o'chirish

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Мудофаа вазирлиги қўшинлари ҳарбий хизматчилари ўртасида ташкил этилган “Энг яхши ёш китобхон” танловининг якуний босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов ёш ҳарбий хизматчилар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, буюк адиб ва мутафаккирларимизнинг нодир меросини ўрганиш, ёшларни китоб мутолаасига қизиқтириш ҳамда маънавий-интеллектуал салоҳияти ва дунёқарашини янада юксалтириш мақсадида ташкил этилди.
Танловнинг дастлабки саралаш босқичида 1000 дан ортиқ ёш китобхон – ҳарбий хизматчилар беллашган бўлса, иккинчи саралашда 125 нафари ўз билимларини синаб кўрди. Саралашнинг якуний босқичида иштирок этиш ҳар бир ҳарбий округ миқёсида ва олий ҳарбий билим юртларида ғолиб бўлган 12 нафар ҳарбий хизматчига насиб этди.
Уч шарт натижаларига кўра, Махсус авария тиклаш бошқармасидан кичик сержант Нигорахон Алимуҳаммедова 89 балл тўплаб, “Энг яхши ёш китобхон” танловининг мутлақ ғолиби деб топилди. Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигидан шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Рустам Ғофуров 87 балл билан иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий авиация билим юрти курсанти Фаррух Жуманазаров 84 балл билан учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Танлов якунида Қуролли Кучлар Марказий ашула ва рақс ансамбли санъаткорларининг дастурлари намойиш этилиб, энг яхши ёш китобхонларга масъуллар томонидан диплом ва эсдалик совғалар топширилди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва 
оммавий коммуникациялар департаменти.
ЎзА