Янгиликлар

Лорд Муҳаммад Илтоф Шайх: ўзбек халқи дин, илм-маърифат, санъат, меъморликда дунёга ибратли асарлар яратган

Чоп этилди Avgust 27, 2019 Лорд Муҳаммад Илтоф Шайх: ўзбек халқи дин, илм-маърифат, санъат, меъморликда дунёга ибратли асарлар яратганda fikr bildirishni o'chirish

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мажлислар залида халқаро анжуман ташкил этилди. Унда кўплаб меҳмонлар қаторида Буюк Британия Консерватив мусулмон форуми президенти Лорд Муҳаммад Илтоф Шайх ҳам иштирок этди.

Анжуманда Лорд Муҳаммад Илтоф Шайх сўзга чиқиб, Ўзбекистонда рўй бераётган ислоҳотлар, дин ва диний маърифат соҳасидаги янгиликлар ҳақида қуйидагиларни қайд этди.

– Бу замин улуғ алломалар, буюк мутафаккирлар, дунёга донғи кетган саркардалар юрти. Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган, минтақадаги халқлар миллий маънавиятининг бешигидир. Бу қадимий маърифат бешигидан бутун инсоният озиқ олган.

Бу халқ ислом дини қадриятларида ўзининг азалий ҳикматларини топди ва ислом тамаддуни жаҳоншумул тараққий этишига катта ҳисса қўшди. Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий ноль рақамини кашф қилиб, ўнлик саноқ системасини бутун инсоният истеъмолига киритди. Унинг “Алгебра”си ва алгоритмик тартиботи математика ва ахборотлаштиришда кенг қўлланилмоқда. Бугунги мобиль телефонларнинг илдизи ҳам Хоразмий даҳосига бориб тақалади. Бу халқнинг доно фарзандлари мисрликларга миқёси Нил (Фарғоний), мусиқачиларга нота (Форобий) тақдим қилди. Беруний эса ўндан ортиқ табиий-илмий фанларга асос солди, бугунги тиббиёт ва мантиқ фанлари эса Форобий ва ибн Синога таянади.

Ислом динига оид илмларни тўғри талқин этувчи алломалар ҳам шу тупроқдан қувват олган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муъин Насафий ҳадис илмида, Имом Мотуридий калом илмида, Абу Лайс Самарқандий ва Бурҳониддин Марғиноний фиқҳ илмида, Абдухолиқ Ғиждувоний, Аҳмад Яссавий ва Баҳоуддин Нақшбанд эса тасаввуф илмида бутун ислом оламига устозлик қилган. Аллоҳнинг қўшниси – Жоруллоҳ унвонига сазовор бўлган Маҳмуд Замахшарий эса араб тили грамматикаси асосларини ишлаб чиқиб, бутун дунёга араб тилида тўғри мулоқот қилиш илмини ўргатган.

Бу юртда кўплаб илмий академиялар фаолият юритган. Хоразмда Маъмун академияси, Бухорода Сомонийлар кутубхонаси, Самарқанд ва Бухорода Қорахонийлар олий мадрасалари (Умар Хайём Самарқандда таълим олган), темурийлар даврида эса бутун бошли илмий академиялар фаолият бошлаган ва Мирзо Улуғбек даврига келиб астрономик мактаб даражасига кўтарилган. Улуғбек ва унинг атрофидаги олимларнинг (Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид, Али Қушчи ва бошқалар) илмий изланишлари бугунги кунгача инсониятни ҳайратга солмоқда.

Бу юртда йирик ахлоқшунос олимлар (Саъдиддин Тафтазоний, Ҳусайн Воиз Кошифий, Алишер Навоий, Мавлоно Муҳаммад Қози, Махдуми Аъзам) ҳам дунёвий, ҳам диний ахлоқ тамойиллари тараққиётига катта ҳисса қўшган. Улар ичида Алишер Навоийнинг инсонпарварлик ғоялари ҳозирги замон ва келажакда ҳам бутун дунёга ибрат бўлувчи бой ахлоқий-маънавий мерос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбек халқи нафақат дин ва илм-маърифатда, санъат ва адабиётда, амалий санъат ва меъморликда ҳам бутун дунёга ибрат бўладиган асарлар ва ёдгорликлар бунёд қилган. Анжуман ўтказилаётган марказ биноси ҳам бу фикрнинг далилидир.

Бугунги кунда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон эшикларини бутун дунё учун кенг очди. Ушбу марказни ташкил этиш ғояси ҳам, бинонинг асосий меъмори ҳам, бугунги қизиқарли тадбиримизнинг ташаббускори ҳам ана шу инсон – Шавкат Мирзиёевдир.

Шу юртга келиб, шу халқ қаршисида туриб, маъруза қилаётганимдан беҳад миннатдорман.