Мақолалар

“САИД БАҲРОМХОН” ЖОМЕ МАСЖИДИ

Чоп этилди Yanvar 15, 2019 No Comments

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Сайроб маҳалласида “Саид Баҳромхон” жоме масжиди қайта қурилди. Таъкидлаш керак, ҳижрий ўн учинчи аср ўрталарида ушбу масжидни уста Соҳибназар қурдирган. Кейинчалик у “Чинори хурд” (Кичик чинор) номи билан ҳам фаолият юритган.

Масжидни қайта қуриш ишларида Арслон ҳожи Баҳромов, Абдужаббор Ҳасанов, Қарабек Сормонов, Авлиёқул Муродов, Бўрон Султонов (Аллоҳ раҳмат қилсин), Чоршанба ҳожи Эшонов, Тўрамурод Бозоров каби саховатпеша инсонларнинг хизматлари алоҳида.

Жоме-масжидга умрини имон эътиқод, ватанпарварлик, поклик, илм-маърифат, адолат билан халққа хизмат қилиб ўтказган инсон —  Саид Баҳромхон (Муллаев) номи берилди. У 1910 йилда шу қишлоқда деҳқон оиласида туғилган. 1927–1930 йилларда Бухоро мадрасасида таҳсил олиб қайтган. Узоқ йиллар эл корига яраб, ҳурмат қозонган. 1983 йилда вафот этган.

Ҳозирги кунда “Саид Баҳромхон” масжиди имом-хатиби Ўролхон Олимов, ноиби Фозилхон Баҳромов халқ хизматида. Намозхонлар юрт фаровонлиги, фарзандлар камолини тилаб дуо қилишмоқда.

Масжидда ташкилий ишлар яхши йўлга қўйилган. Жумладан, Президент асарлари бурчаги, Маънавият ва маърифат хонаси, ўқув зали, меҳмонхона мавжуд. “Ҳидоят” журналига, “Ислом нури” газетасига обуна тарғиботи яхши йўлга қўйилган.

Аллоҳ таоло шундай масканларни обод қилишда бош бўлганларни, хизмат қилганларни дунё ва охират бахтига муяссар айласин. Бутун дунё халқларига тинчлик-омонлик, хайру-баракот, сиҳат-саломатлик ва офият неъматларини бардавом қилсин.

Тўйчи БАРОТОВ,

Бойсун туманидаги

“Саид Баҳромхон” жоме масжиди ходими

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan