Мақолалар

Германияда Ислом

Чоп этилди Avgust 30, 2019 Германияда Исломda fikr bildirishni o'chirish

Германияга Ислом дини XVI – XVII асрларда ёйила бошлади. Бунга усмонийлар султонлиги билан дипломатик, ҳарбий ва иқтисодий муносабатлар замин яратди. XVIII аср бошларида Пруссия қироли Фридрих Вилҳелм Биринчи қўшинида мусулмон аскарлар хизмат қилгани тарихдан маълум. 1745 йили қирол Фридрих II бошноқ, албан ва татарлардан иборат мусулмон лашкарий бўлинмасини тузган.

Германиядаги илк масжид 1915 йили Берлиннинг Вунсдорф туманида очилди. 1922 йили Берлин Ислом уюшмасига асос солинди, у 1930 йили Олмон мусулмонлари идорасига айланди. 1927 йили мусулмонлар олий таълим муассасаси – Маъҳадул Ислом иш бошлади. Бу институт ҳозир Германия марказий исломий архив институти деб аталади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг мамлакатда ишчи кучига талаб кескин ошди. Чунки уруш туфайли аҳолининг меҳнатга яроқли қисми жуда камайиб кетган, болалар, ярадор ва ногиронлар эса катта ҳажмдаги ишни бажара олмасди. 1961 йилдан бошлаб Ғарбий Германия ҳукумати хорижий ишчиларни мамлакатга таклиф этди. Туркия, Марокаш ва Тунисдан келган меҳнат муҳожирларининг аксарияти мусулмонлар эди. 1991 йили икки Германия бирлашгач, Югославия, Ливан, Фаластин ва Африка мамлакатлари вакиллари ҳам ўлкада қўним топди. Маҳаллий аҳоли орасида Ислом динини қабул қилганлар кўпайди. Бугун Германияда беш миллионга яқин мусулмон яшайди.

Германия мусулмонлари асосан суннийлик мазҳабида. Мамлакатда 2500дан ортиқ намозхона, 240 та масжид фаолият юритади. 2008 йил кузида Дуйсбургда очилган масжид ҳозирча нафақат Германиядаги, балки бутун Европадаги энг катта масжиддир.

 

Орифжон МАДВАЛИЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан