Мақолалар

Хом гапга пишиқ жавоб: Ўзи ўтирган шохни кесувчидан ҳам аҳмоқроқлар бор

Чоп этилди Avgust 30, 2019 Хом гапга пишиқ жавоб: Ўзи ўтирган шохни кесувчидан ҳам аҳмоқроқлар борda fikr bildirishni o'chirish

Бир султон давлат арконларига деди:

– Одамлар ичидан энг аҳмоқ кимсани топиб келтиринглар.

Мамлакат улуғлар шу ишнинг кетига тушдилар. Ҳакамлар, ходимлар, зийрак, хуштаъб кишиларни мамлакатнинг атрофига юбордилар. Улар йўлга тушиб айтилган сифатли кишини қидирдилар. Мамлакатдаги аҳмоқ ва аблаҳ кишиларнинг аҳволидан огоҳ бўлишга жидду жаҳд қилдилар. Охири бир кишини топдилар. У дарахт устига чиқиб олиб, ўзи ўтирган шохни кесаётган эди. Агар ўша шох кесилиб бу аҳмоқ ундан йиқилса, мингта жони бўлса ҳам омон қолмас эди. Халойиқ ичида энг аҳмоқ киши шу деб қарор қилдилар. Уни олиб султоннинг олдига келтирдилар ва содир бўлган воқеани баён қилдилар. Султон эшитиб туриб:

– Бундан ҳам аҳмоқ кишини биламан, – деди.

– У қандай киши экан? – деб сўрадилар.

Султон бундай деди:

– Жабру ситам билан халққа озор берадиган ва ўз қўли билан давлат илдизига болта урадиган золим ҳокимдир! Бу иши билан у ўзини хор ва паришон қилган бўлади.