Мақолалар

МАДАГАСКАР

Чоп этилди Yanvar 16, 2019 No Comments

Расмий номи: Мадагаскар Республикаси

Пойтахти: Антананариву

Ҳудуди: 587 минг кв.км.

Аҳолиси: 24 млн. киши (2018 й.)

Давлат тили: малагаси ва француз

Пул бирлиги: малагаси франки

Йирик шаҳарлари: Тоамасина, Фианаранцуа

 

Жойлашуви. Ҳинд океанининг ғарбида, Африканинг жанубий-шарқий қирғоғидан 400 км. шарқдаги Мадагаскар ороли ва унга ёндош майда оролларда жойлашган.

Тарихи. Милоддан аввалги X–VI асрларда оролга индонезлар, полинезлар, меланезлар, кейинчалик араблар ва Африканинг шарқий соҳилидан банту халқлари келган. XIV асрда Мадагаскар марказида Имерина давлати ташкил топди.

XVI–XVII асрларда Мадагаскарнинг ғарбида Сакалава, шарқида Бецимисарака ва марказида Бецилеу давлатлари бўлган. XIX асрда улар марказлашган Малагаси (ёки Мадагаскар) қироллиги таркибига кирган. 1883 йил мамлакатга француз қўшинлари бостириб киради. Қонли урушлардан сўнг Мадагаскар Франция мустамлакасига айланди.

1960 йил 26 июнда Мадагаскар мустақилликка эришди. 1975 йил декабрдан мамлакат Мадагаскар Демократик Республикаси, 1992 йилдан эса Мадагаскар Республикаси деб атала бошлади. 1992 йил 4 апрелда Ўзбекистон Республикаси суверенитетини тан олди.

Иқтисоди. Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, зираворлар етиштириш иқтисодининг етакчи соҳаларидир. Асосан кофе, ванилин (етиштиришда жаҳонда етакчи), какао, шакарқамиш, гуруч, банан ва ерёнғоқ экспорт қилади. Айни вақтда туризм, тўқимачилик ва енгил саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини четга сотиш соҳалари ҳам ривожланган. Қулай экологик ҳудудда жойлашгани боис, йил сайин саёҳатчилар ташрифи ортиб бормоқда.

Таълим ва маданият. Тўрт йиллик тўлиқсиз ўрта мактаб ва тўлиқ ўрта маълумот берувчи лицейларни қамраб олган бепул ўрта таълим тизими жорий этилган. Хусусий мактаблар ҳам бор.

Мадагаскар миллий институти, Расадхона, Агрономия тадқиқот институти, Тропик ветеринария тадқиқот институти ва бошқа илмий муассасалар, Миллий кутубхона, Университет кутубхонаси, Муниципиал кутубхона, Миллий архив, Бадиий ва археология музейи, Миллий тарих музейи бор.

Дини. Мадагаскарга илк мусулмонлар Арабистон яриморолидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг вафотларидан кейин, милодий 632 йили кела бошлаган.

Кейинчалик X–XI асрларда араб ва занзибар савдогарлари ташриф буюради. Машҳур венециялик сайёҳ Марко Поло (XII аср) бу юрт ҳақида бундай ёзган: “Мадагаскарликлар Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг динига эътиқод қилишар, улар орасида шайхлар бўлиб, бутун оролни бошқаришарди. Улар бошқарган орол жуда катта ва машҳур эди”.

Шарқий Африка ва Ҳиндистон билан савдо-сотиқ алоқалари араблар назорати остида бўлиши ҳисобига бу ўлкада мусулмонларнинг сони ортди. Шу сабабли мамлакатдаги мусулмонларнинг аксарияти ҳиндистонлик ва африкаликлардир. Мусулмонлар оролнинг ғарбий соҳилларида яшайди. Айниқса, Тоамасина ва Махажанг каби йирик шаҳарларида мусулмонлар кўпчиликни ташкил этади. Аҳолининг 8 фоизи мусулмон бўлиб, шофиъий мазҳабида тоат-ибодат қилади.

Мамлакатда юздан ортиқ масжид бор. Оролнинг ҳар бир йирик шаҳрида мусулмон уюшмалари фаолият юритади. Қуръон ўргатувчи мактаблар очилган.

Диний мазмундаги китоблар француз, инглиз, араб тилларида чоп этилади. Алоҳида “Жума мавъизалари тўплами” нашрдан чиқади. Аммо улар фақат диний саводи бўлганлар учун мўлжалланган. Она тилидаги диний адабиётлар етишмаслиги, имомларнинг кенг аҳолига Ислом таълимотлари ҳақида маълумотларни етказа олиш салоҳияти сустлиги Мадагаскарда Ислом дини бошқа қўшни давлатларга қараганда секин тарқалишига сабаб қилиб кўрсатилади. Аммо сўнгги йилларда мамлакатда Исломни қабул қилувчилар ортиб бормоқда. Маҳаллий аҳоли ташаббуси билан янги масжидлар барпо этилаётир.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan