Дунё янгиликлари

Японияда кучли ёмғир сабаб 900 минг кишига уйларини тарк этиш буюрилди

Чоп этилди Avgust 29, 2019 Японияда кучли ёмғир сабаб 900 минг кишига уйларини тарк этиш буюрилдиda fikr bildirishni o'chirish

 

Шиддатли ёмғир Япониянинг жануби-ғарбий қисмида сув тошқини ва кўчкини келтириб чиқарди. Икки киши ҳалок бўлди ва ҳукумат 900 мингдан ошиқ одамга уйларини тарк этишни буюрди, бир миллион кишига хавфсизлик чораларини кўриш тавсия этилди.

Мамлакат об-ҳаво агентлиги чоршанба куни Япониянинг бешта асосий оролларидан бири бўлган жанубий Кюсу ороли учун огоҳлантиришни энг юқори даражага кўтарди.

«Дарёлар, кўчкилар ва тошқин туфайли турли ҳудудларга зарар етгани тўғрисида кўплаб хабарлар мавжуд, яқин соатларда зарар ҳажми ортиши мумкин», – дейилади расмий баёнотда.

Об-ҳаво агентлиги вакили Ясуши Каживара махсус огоҳлантиришлар берилган ҳудудларда «мисли кўрилмаган ёмғир» кузатилаётганини айтди.

Агентликнинг таъкидлашича, Сага ва Нагасаки префектураларида уйларни сув босган.

Эвакуация тўғрисидаги буйруқ ва маҳаллий ҳокимият томонидан берилган тавсиялар мажбурий эмас, аммо расмийлар аҳолини уларга қулоқ солишга ундамоқда.

Япония ҳарбий кучлари Сага префектураси раҳбариятининг илтимосига биноан табиий офатларни бартараф этиш учун 100 га яқин аскар юборган. Давомли ёмғирлар жамоат транспорти ва бизнесга жиддий таъсир кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойида Япониянинг ғарбий қисмида кучли ёмғир, шу жумладан, Хиросима ва Окаяма префектураларида тошқин содир бўлган, бунинг оқибатида 155 киши ҳалок бўлган эди.