Мақолалар

Пайғамбаримиз алайҳиссалом муаззин бўлмаганларининг сабаблари

Чоп этилди Avgust 31, 2019 Пайғамбаримиз алайҳиссалом муаззин бўлмаганларининг сабаблариda fikr bildirishni o'chirish

Тарихдан маълум, Пайғамбаримиз алайҳиссалом муаззинлик қилмаганлар. Уламолар бунинг сабабини ўрганиб, қуйидагича изоҳлашган.

Шайх Изуддин ибн Абдуссалом айтади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам амалларни давомли бажарардилар. У зот алайҳиссалом рисолатни етказиш билан бандликлари сабаб мунтазам муаззинликни қилолмасликларини билганлар”.

Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ва Имом Термизий раҳимаҳумуллоҳлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай деганлар: “Имом масъул, муаззин  омонатдордир” (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Яна баъзи олимлар айтишадики: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбаридирлар. Чақириқларига (Азонларига) ижобат қилмаслик Парвардигорга осий бўлиш билан тенг. Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади: (Эй мўминлар!) Пайғамбарни чақиришни ўрталарингизда бир-бирларингизни чақириш каби қилмангиз! Сизлардан беркинган ҳолларида (Пайғамбар ҳузуридан) суғурилиб чиқиб кетадиган кимсаларни Аллоҳ яхши билур. (Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан сақлансинлар!” (Нур сураси, 63-оят)».

Шавконий “Найлул автор” китобида: “Имомлик устунми ё муаззинликми?” деган саволга қуйидагича жавоб берган: «Имомлик афзал. Чунки  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва хулафои рошидинлар, қолаверса, кейинги буюк уламолар имомлик қилишган, муаззин бўлишмаган. Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу ҳам: “Агар халифалигим бўлмаганида албатта азон айтардим”, деганлар».

 

Манбалар асосида Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ҳошимжон НИЗОМИДДИНОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан