Мақолалар

АШУРО КУНИНИНГ ФАЗИЛАТИ

Чоп этилди Avgust 31, 2019 АШУРО КУНИНИНГ ФАЗИЛАТИda fikr bildirishni o'chirish

Абу Саид (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллал­лоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилдилар: “Кимки Ашуро куни (оила) аҳлига кенглик қилса, Аллоҳ таоло ўша йил давомида унга кенглик қилади”.  Ушбу куннинг асл моҳияти шуки, бу кунда Нуҳ (алайҳиссалом)нинг кемаси Жудий (тоғи)га – қуруқликка чиққан. Ояти каримада шундай дейилади:

 “Эй Нуҳ! Биздан (бўлмиш) саломатлик ва сенга ва сен билан биргаликдаги жамоаларга (аталган) баракотлар билан (кемадан ерга) тушгин!” Бу оятдан мурод Аллоҳни таниган бандалардир. (Умматингдан келажакда шундай кофир) жамоалар ҳам бўладики, уларни озгина баҳраманд қилурмиз, сўнгра уларни Биздан (юборилувчи) аламли азоб тутар” (Ҳуд, 48).

Бу оят мушрик бандалар учун. Ушбу омонлик, саломат­лик ва баракот охирзамонга қадар давом этади.

Нуҳ (алайҳиссалом)га: “Оиланг, бола-чақангга турар жой ҳозирлашинг, ушбу ато этилаётган баракот ва омонлик билан тирикчилик қилишинг, қўним топишинг ҳамда маскан барпо қилишинг учун “кемадан туш” дейилди. Кимки, ушбу кун баракотидан баҳраманд бўлиш учун, бу кунга мувофиқ иш қилса, оиласи, бола-чақасининг тирикчилигини таъминласа, уларнинг рўзғорини яхшилаш учун уларга харажатларини зиёда қилса, уларга яхши шароитлар қилиб берса, албатта, бу банда, ўша куни ваъда қилинган баракот ва омонликдан ўз насибасини олади. У худди ўша кема қуруқликка чиққан кун оилаларининг тирикчилиги учун ҳаракат қилганлар сингари бу омонлик ва баракотдан ўз улушига насибадор бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло бутун ер юзини сувга ғарқ қилиб, уни вайрон қилгандан сўнг, уларни қуруқликка чиқарди. Ваҳоланки, дунёда Нуҳ (алайҳиссалом) кемаси ва ундаги жонзотлардан бошқа ҳеч нарса қолмаган эди. Аллоҳ таоло уларни янги дунёга Ашуро куни чиқарди, уларни кемадан тушишга буюрди. Ҳамда уларга ва улардан тарқаладиган Аллоҳни таниган умматларга аталган омонлик ва баракот билан тирикчилик ўтказишга, рўзғорни таъминлашга амр қилди. Кимки шу куннинг моҳиятига мувофиқ иш қилса, у худди ўша кунда ўша кемадан тушиб, оиласининг тирикчилиги учун ҳаракат қилган инсонлар каби бўлади ва ўша кундаги саломатлик, омонлик ва барака йил бўйи унга етиб туради.

Ривоятларга кўра, “Кимки Ашуро куни кўзига сурма қўйса, албатта ўша йили кўзи оғримайди ва кўз касал­лигидан омонда бўлади”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Кўзга суртиладиган энг яхши нарса – исмид (сурматош)дир, зеро, у қовоқларга фойдали ва кўзни равшан қилади”. Сурма кўзга шифо, у кўриш қобилиятини оширади, уни равшан қилади, кўз пардасини кетказади, кўз четида кўз ёши (намлик туфайли) тортадиган турли нарсаларни, ғуборларни йўқотади. Зеро, сурма намликни кетказади ва кўз қорачиғини парда тўсиб қолишига йўл қўймайди. Бу эса инсоннинг руҳига ҳам мадад бўлади. Чунки руҳнинг кўриш қобилияти кўзнинг кўриш қуввати билан боғлиқ. Агар кўз пардаси йўқолса, бу ҳолат руҳнинг кўриш қувватига ҳам фойдали бўлади ва руҳ қушдек енгил тортади.

Кимки шу куни нафсини ислоҳ қилса, у ҳам бу кунда ато этилган саломатлик ва баракотлардан баҳраманд бўлиб, торликдан омонда, йил бўйи кенгликда бўлади.

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм