Ўзбекистон янгиликлари

Мисрдаги миллий меҳмондорчилик

Чоп этилди Yanvar 14, 2019 No Comments

Ўзбекистон делегациясининг Миср давлатида бўлиб турган сафари доирасида олийгоҳларда таълим олаётган ўзбекистонлик талабалар ва меҳнат қилаётган ватандошлар учун меҳмондорчилик ташкил этилди. Дастурхонга она-Ватандаги миришкор деҳқонлар томонидан етиштирилган сархил мевалар – узум, анор, олма ва писта, бодом, ёнғоқ каби қуруқ мевалар тортилди. Энг асосийси заминимиздан олиб борилган масаллиқлар асосида миллий таомлар тайёрланди. Ушбу самимий учрашув ва меҳмондорчилик талаба-ёшларнинг хотирасида бутун умрга муҳрланиб қоладиган бўлди.
Қоҳирадаги “Хилтон” меҳмонхонасининг шинам тантаналар залида ташкил этилган дастурхонга тортилган неъматлар бир оздан бўлса-да, она заминдан келган олма-анор ва узум барчани ватанга бўлган соғинчини бир оз бўлсада босди. Дастурхон атрофидагиларга бир-икки донадан узум донаси тегган бўлса-да, бу донанинг бир узум шодасидан кўп лаззат бахш этди. Бу доналар гўё халқнинг пешона тери томчилари, ватан ва миллат тараққиёти йўлида оналарнинг шодлик билан тўккан кўз ёшларига ўхшар эди. Ҳуддики, мусофирчиликда юрган инсонларни она-Ватан кутаётганига ишорадек бўлди.
Ватандошларнинг мурожаатига муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳудди ўз фарзандларидек ёндошиб, самимий суҳбатлари барчада ажиб бир таассурот қолдирди. Муфтий ҳазратлар бутун зал бўйлаб, талабаларнинг қизиқтирган савол ва муаммоларига қулоқ тутдилар. Барча саволлар ва муаммолар эшитилди, айримлари жойида, мураккаби эса тез фурсатда ҳал этиладиган бўлди.
Муфтий ҳазратлари ушбу талабаларни Ўзбекистон халқи кутаётгани ва диний-маърифий соҳани такомиллаштиришда уларга эҳтиёж юқори экани таъкидладилар. Ўз навбатида талабалар ҳам она-Ватанга ва миллатга хизмат қилиш катта бахт экани, ал-Азҳар каби минг йиллик кўҳна илм даргоҳида олган илму маърифатларини дин равнақи ва ватан тараққиёти учун сарфлашга тайёр эканларини изҳор қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan