Мақолалар

Шайтоннинг фитнасига учган роҳиб

Чоп этилди Avgust 31, 2019 Шайтоннинг фитнасига учган роҳибda fikr bildirishni o'chirish

Бани Исроилдан бир киши ҳужрасида тинимсиз ибодат қиларди. Одамлар уни “Обид Барсисо”, деб атарди. У шу даражага етдики, дуо қилса, ижобат бўлмасдан қолмасди. Унинг дуоси сабабли касаллар шифо топар эди. Иблис (алайҳилаъна) кунларнинг бирида барча шайтонларни чақириб: “Ким бу кишини фитна қилиб, йўлдан адаштиради”, деди. Улардан Ифрит бу таклифни бўйнига олди. Бани Исроил подшоҳларидан бирининг ҳуснда тенги йўқ қизи бор эди. Қиз ота-онаси ва ака-укалари даврасида ўтирганида, Ифрит уларнинг олдига келиб, қаттиқ қичқирди. Барчалари жуда қўрқиб кетишди. Қиз эса мажнун бўлиб қолди. Орадан бир неча кун ўтса ҳам дарди енгиллашмади. Шундан сўнг Ифрит одам суратида келиб: “Агар унинг тузалишини хоҳласангиз, фалончи роҳибнинг олдига олиб боринглар, роҳиб дуо қилса, бемор шифо топади”, деди. Улар қизни Барсисонинг олдига олиб борди. Роҳиб дуо қилган эди, қиз тузалди. Лекин уйларига қайтгач, яна мажнун бўлиб қолди. Шайтон уларга: “Агар унинг бутунлай тузалиб кетишини хоҳласангиз, роҳибнинг олдида бир неча кун қолдиринглар”, деди.

Улар Барсисонинг олдига қайтадан келиб, роҳиб кўнмаса ҳам, бир неча кунга қизни қолдириб кетишди. Роҳиб қизни дастурхонга таклиф қилиб, уни таомлантирди. Қиз бир неча кун унинг олдида қолди. Кунларнинг бирида роҳиб қизга шаҳват назари билан қаради ва унинг гўзаллигига мафтун бўлди. Шайтоннинг васвасаси туфайли сабр этолмай, қизга яқинлик қилди. Сўнг қиз ундан ҳомиладор бўлди. Шунда шайтон роҳибнинг олдига келди ва унга: “Қиз сендан ҳомиладор бўлди. Энди подшоҳдан қутула олмайсан, фақат қизни ўлдирсанггина омон қоласан. Агар уни сўраб келишса: “ўлиб қолди”, десанг, улар сенга ишонади”, деди. Роҳиб қизни ўлдириб, ҳужрасининг олдига кўмиб қўйди. Уни сўраб келишганида: “У ўлиб қолди”, деди. Улар ҳам роҳибнинг гапига ишониб, қайтиб кетди. Шунда шайтон подшоҳнинг олдига бориб: “Роҳиб қизингнинг номусига тегди ва қилган ишидан қўрқиб, уни ўлдириб, ҳужраси олдига кўмиб қўйди”, деди. Подшоҳ одамлари билан роҳибнинг олдига келди. Қабрни очишганида, қизни сўйилган ҳолатда топишди. Шунда улар роҳибнинг кўл-оёқларидан осиб, михлаб қўйди. Шайтон роҳибнинг олдига келиб: “Агар менга сажда қилсанг, сени қутқараман”, деди. “Мен сенга бу аҳволда қандай сажда қилайин”, деди роҳиб. Шайтон: “Бошинг билан ишора қилган ҳолда сажда қилсанг ҳам розиман”, деди. У боши билан саждага ишора қилган эди, шайтон: “Мен сендан безорман, албатта мен одамларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан кўрқаман”, деди-да, кўздан ғойиб бўлди. Роҳиб Барсисо эса кофир ҳолида ўлиб кетди ва абадий дўзахийлардан бўлди.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 34000 сўм