Мақолалар

“Канзуд дақоиқ” – ноёб асар

Чоп этилди Sentabr 1, 2019 “Канзуд дақоиқ” – ноёб асарda fikr bildirishni o'chirish

Уламоларимиз томонидан ҳанафий фиқҳига доир кўплаб фиқҳий матнлар ёзилган. Шулардан бири Абул Баракот Насафийнинг “Канзуд дақоиқ” асаридир. Ибн Обидин раҳматуллоҳи алайҳ ушбу китобни таърифлаб: «Албатта, “Канзуд дақоиқ” ҳанафий мазҳабидаги масалаларни нақл қилиш учун битилган мўътабар матнлардан», дейди.

Ушбу китобнинг тўлиқ номи “Канзуд дақоиқ фи илмил фуруъ” (“Фуруъ илмида нозик масалалар хазинаси”) бўлиб, муаллифнинг “ал-Вофий фил фуруъ” (“Фуруъул фиқҳ борасида вафо қилувчи”) асаридан қисқартириб олинган . Муаллиф асар муқаддимасида толиби илмларнинг кенг ва катта ҳажмли китобларни ўқишдан зерикиши, инсон табиати қисқа битилган китобларга рағбатли экани сабабли ушбу китобни таълиф этганини айтган.

Ҳанафий мазҳаби уламолари ушбу асарга юқори баҳо бериб, унга юздан ортиқ шарҳ, таълиқ, ҳошия ва манзумалар битишган.

Муаллиф “Канзуд дақоиқ”да фиқҳнинг барча бобига тегишли қирқ мингта масалани келтирган. Бироқ бирортасининг далили зикр этилмасдан, гоҳида иллатлари баён этилган, холос. Энг муҳими одамлар ўртасида кўп содир бўладиган масалалар билан чекланган.

Юқорида айтилганидек, муаллиф асарда далиллар ва ихтилофларга тўхталмаган, балки машҳур мужтаҳидларнинг исмларидаги бош ҳарфларини белги қилган холос. Масалан, “ҳа” ҳарфи Абу Ҳанифа, “син” Абу Юсуф, “мим” Муҳаммад, “за” Зуфар, “фо” Шофиъий, “коф” Молик, “вов” ҳанафий мазҳаби олимлари ривоятлари учун белги қилиб олинган.

“Канзуд дақоиқ” асари Имом Муҳаммаднинг “ал-Жомиъуссағир”, “ал-Жомиъул-кабир”, “аз-Зиёдот” (“Зиёда масалалар”), Имом Қудурийнинг “Мухтасарул Қудурий”, Имом Абу Ҳафс Насафийнинг “Манзуматул хилафият” (“Қиёсий ҳуқуқшуносликка оид назм”) ва фатво китобларидаги турли масалалар ни ўзида жамлаган. У фиқҳга оид барча китоб лар каби таҳорат китобидан бошланган. Лекин “Ҳидоя”, “Мухтасарул виқоя” (“Виқоянинг қисқартирилгани”) каби асарлардан фарқли ўлароқ, “фароиз”, яъни мерос илми боби ҳам киритилган. Асар тартиб жиҳатидан Муҳаммад ибн Ҳасаннинг “ал-Жомиъус-сағир” китобига ўхшаб яхши тартибланган ҳамда нозик сўзлар, қисқа ва лўнда иборалар қўлланилган.

Айрим ўринларда фақат муаллифнинг ўзи тушунадиган ҳарфлар келтирилган, холос. Ҳар бир ҳарф хос бир сўзга далолат қилиб, бундан муаллиф нимани ирода қилгани бошқа фиқҳий манбаларда келган тегишли масалалар орқали билиб олинади. Масалан, “Сувнинг ҳукмлари” бобида «Қудуқ масаласи “жаҳт”дир», деган. Бу билан “Агар бир жунуб одам суви бор қудуққа тушиб кетса, ушбу одам ва сувнинг поклик ҳукми нима бўлади?” деган масалага жавоб беришни кўзлаган. Масаланинг баёни: Имом Абу Ҳанифанинг наздида одам (нажас) нопоклигида қолади ва сувни ҳам нопок қилади. Бунга “ж” ҳарфи билан ишора қилган. Имом Абу Юсуфнинг наздида одам нопоклигида, сув пок ҳолида қолади. Бунга “ҳ” ҳарфи билан ишора қилган. Имом Муҳаммаднинг наздида одам покланади ва сув (тоҳир) поклигича қолади. Бунга “т”  ҳарфи билан ишора қилган. Яъни, “нажас” сўзидаги “ж”, “ҳоли” сўзидаги “ҳ” ва “тоҳир” сўзидаги “т” ҳарфларини олиб ишора қилган.

Хулоса қилиб айтганда, асарни ўқиган толиби илм қисқа фурсатда фиқҳнинг барча бобларидан бохабар бўлади.

Фарҳод ЖЎРАЕВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси магистранти

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 7-сонидан