Мақолалар

Ҳанафий мазҳабининг тарқалиши

Чоп этилди Sentabr 1, 2019 Ҳанафий мазҳабининг тарқалишиda fikr bildirishni o'chirish

Имом Аъзам Абу Ҳанифа тобеин ва табаа тобеинлар даврида яшади. Бу вақтда илм-ирфон камолга етган, фиқҳ соҳаси ривожланган, мужтаҳидларнинг илмий фаолияти юксалганди. Ҳасан Басрий, Ибн Абу Лайло, Абу Ҳанифа, Абдураҳмон Авзоъий, Суфён Саврий, Муовия ибн Убайдуллоҳ ибн Ясор, Лайс ибн Саъд, Молик ибн Анас, Суфён ибн Уяйна, Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий каби мужтаҳидлар ўз фиқҳий мактабларини яратдилар. Уларнинг ҳар бири тўрт асосий манба – Қуръон, ҳадис, ижмо ва қиёс ёрдамида масалаларни ижтиҳод, ҳукмларни истинбот этишарди. Бу борада усулда ҳам, фуруъда ҳам бировга тақлид қилишмасди. Ҳар бирининг юзлаб-минглаб шогирдлари бўлган. Улардан фақат тўрт нафари асос солган мактабгина катта мазҳаб сифатида амалда қолди.

Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мактаби ривожланишига қози, муфтий, имом сифатида йирик мансабларда фаолият юритган шогирдлари – Абул Ҳузайл Зуфар ибн Ҳузайл, Қосим ибн Маън, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абу Исмат Нуҳ ибн Абу Марям, Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим, Ибн Абу Зоида Яҳё ибн Закариё, Асад ибн Амр, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний, Ҳафс ибн Ғиёс Кўфий, Вакиъ ибн Жарроҳ, Абу Мутиъ Балхий ва Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий беқиёс ҳиссаларини қўшишди.

Ибн Халдун фикрича, халифа Ҳорун Рашид даврида Абу Юсуфнинг “Қозиул қуззот”, яъни қозилар қозиси ёки қозикалон лавозимида узоқ муддат фаолият юритгани сабаб бўлди. Ўша даврда бутун Ислом олами у зотнинг маслаҳати билан иш кўрарди. Ундан кейинги қози Асад ибн Амр Куфий ҳам Абу Ҳанифанинг катта шогирдларидан эди. Умуман олганда, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг катта шогирдларидан ўн тўрт нафари қозиул қуззот ва қози бўлган.

Бағдодда бир неча аср давомида шайхул ислом ва қозиул қуззотлар ҳанафий олимларидан тайинланган. Шу сабаб Ироқ ва унинг пойтахти Бағдод нафақат Ислом мамлакатлари, балки ҳанафий мазҳабининг ҳам марказига айланди. Кейинроқ Мовароуннаҳр ҳанафий мазҳабининг иккинчи йирик маркази бўлди.

Шимолий Африкада Асад ибн Фурот қозилигидан бошлаб ҳанафий мазҳаби ҳам ривожлана бошлади. Сўнг ҳижрий 400 йилдан моликийлик расман эътироф қилингани боис у ерда ҳанафий мазҳаби тарқалиши сусайди.

Ҳижрий 164 йили Мисрда илк бор ҳанафий олим Исмоил ибн Ясаъ Куфий қози этиб тайинланди. Натижада ҳанафий мазҳаби у ерда ҳам ривожланиб, тарқалди. Мазҳаб ривожи шиа эътиқодига мансуб фотимийлар даврида тўхтаган бўлса-да, Султон Салоҳиддин Айюбий  мадрасаларда ҳанафий мазҳаби фиқҳидан дарс берилишини жорий этди. Кейинчалик усмонийлар  Мисрни эгаллагач, у ерда ҳанафийлар ҳам кўпайди. Усмонийлар таъсирида бўлган Шомда ҳам ҳанафий мазҳаби ривожланди.

Хуросонда Умар (Амр) ибн Маймун Балхий, Мовароуннаҳрда Муҳаммад Шайбонийнинг икки нафар шогирди – Абу Сулаймон Жузжоний ва Абу Ҳафс Кабир орқали тарқалди. Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг шогирдларининг ҳам хизмати катта. Абдулазиз ибн Холид ибн Зиёд Термизий  эса Абу Ҳанифадан сабоқ олиб, бир муддат Термиз ва Чағониёнда қозилик қилди ва мазҳаб тарқалишига ҳисса қўшди.

Мазкур тўрт нафар фақиҳдан ташқари, Абу Ҳанифанинг асли мовароуннаҳрлик шогирдлари ва уларнинг издошлари бўлган. Кейинчалик уларнинг Мовароуннаҳрга келиб яшашлари ёки бу юрт билан борди-келди қилиб туришлари натижасида ҳанафий мазҳаби бу диёрда ҳам тез тарқалди. Асли бухоролик Шурайк ибн Абдуллоҳ; 40 йиллар чамаси Абу Ҳанифага ҳамроҳлик қилган Абу Иброҳим Муҳаммад; Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Марвазий; Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг устозларидан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Салом Бойкандий; Абу Юсуфнинг шогирди, Мовароуннаҳрда қозилик қилган Мужоҳид ибн Амр; Абу Убайд Бухорий; Абу Ҳанифа лақабли дабусиялик ҳадис ровийси Усмон ибн Ҳумайд; Самарқандда қозилик қилган Абу Яъқуб Марвазий; Хоразмдан бориб Абу Ҳанифага шогирд тушган ва Басрада яшаб қолган Муғийра ибн Мусо Хоразмий кабилар ҳанафий мазҳабининг Мовароуннаҳрда ривожланиши ва тарқалишига ўз ҳиссаларини қўшганлари аниқ.

Булардан бироз кейин Абу Мансур Мотуридий Абу Ҳанифанинг эътиқодий қарашларини ривожлантириб, ақидада мотуридия мазҳаби ўлароқ Мовароуннаҳрда ҳанафийликнинг мустаҳкам ўрин олишига ҳисса қўшди.

Мовароуннаҳр ҳанафийлиги бутун атрофга – Хуросон, Шарқий Туркистон, Кавказ, Қозон тарафларга ҳам кенг ёйилди. Мўғуллар истилоси (XIII асрнинг биринчи чораги)дан сўнг бу ўлкалардаги фақиҳлар ҳар тарафга тарқаб кетишди. Кўпроқ усмонийлар давлатига тобе шаҳарларга – Рум диёрига тўпланишди. Истило натижасида сўниб бораётган фиқҳ янги ривожланишга юз тутди. Усмонийлар салтанати ҳудудларида 92 та фатво китобининг тартиб қилинганидан ҳанафийлик мазҳаби нақадар ривожланганини билиш мумкин. Усмонийлар давлатининг қозилари, шайхулисломлари фақат ҳанафийлардан тайинланди. Айтиш лозимки, Усмонлилар салтанати ҳудудларига ҳанафийлик Мовароуннаҳр орқали тарқалди, мазкур ҳудуддаги ҳанафийлар айнан Бағдод мактабини ҳам Мовароуннаҳр орқали ўрганишди.

Мўғуллар истилосидан кейин Мовароуннаҳр ва Хуросондаги фақиҳлар бир неча аср, айниқса, Темурийлар даврида қизғин фаолият олиб борган. Темурийлар давлати ҳуқуқи ҳанафийлик мазҳабига асосланган эди. Ҳанафийликда “Мухтасарул Виқоя” ва унинг бир неча шарҳи, “Жомеъул фусулайн”, “Шарифийя”, “Кифоя”, “Жавоҳирул фиқҳ”, “Талвиҳ”, “Фатовойи Баззозийя”, “Жомеъул музмарот” каби фиқҳий манбалар вужудга келди.

Темурийлардан кейин Хуросонда шиалар давлати вужудга келди, Мовароуннаҳрда эса Шайбонийлар (1500–1598) ҳукмронлик қилди. Шайбонийлар даврида турғунлик даврини бошдан кечираётган ҳанафийлик фиқҳида бир неча шуҳратли фиқҳий китоблар (масалан, “Мухтасарул Виқоя”нинг бир неча шарҳи), фатволар (масалан, “Фатовойи Шайбонийя”, “Фатовойи Алийя”, “Фатовойи Самарқандийя”, “Фатовойи Нақшбандийя” каби асарлар) яратилди.

Учта хонликка бўлиниб кетган Марказий Осиёда кейинги уч аср давомида илм-фан ва маданиятнинг барча қирралари каби фиқҳда ҳам сўниш кузатилди. Уламолар янги-янги фатво китоблар ёзишдан кўра, аввалги фатволарга кўпроқ суяниб қолдилар. Бу даврда мўътабар фиқҳий манбаларга ҳам шарҳ ёзилмаган. Шундай бўлса-да, амир Шоҳмурод ва унинг ўғли амир Ҳайдар даврида Бобурийлар сулоласи вакили Аврангзеб Оламгир бошчилигида ёзилган “Фатовойи Оламгирия” тўплами каби йирик ҳажмли “Фатовойи аҳли Бухоро” номли фатво тўплами яратилди. Кўпроқ амалий аҳамиятга эга фиқҳий масалалардан иборат бир қанча “Жунг”лар тасниф этилди.

Мовароуннаҳрдан Бобурийлар билан бирга борган ҳанафий уламолар Ҳинд диёрида ҳанафийлик ривожланишига буюк ҳисса қўшдилар. Усмонлилар орқали Синд (Покистон) ҳудудларида ҳам ҳанафийлик томир отиб улгурган эди. Ҳинд ва Синд диёрида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий ҳанафий мазҳаби ривожланишининг яловбардори бўлиб майдонга чиқди. Бу ерда ҳанафийлик фиқҳи, айниқса, ҳадисшунослик ва тафсир соҳалари билан бирга ривожланди.

Бугунги кунда Туркия, Болқон, Болгария, Босния, Юнонистон, Юголавия, Албания, Украина, Кавказ, Қозон, Уфа, Урал, Сибир, Ўрта Осиё, Чин, Манжурия, Япония, Афғонистон, Булужистон, Сиём, Ҳинд, Кашмир, Покистон халқларининг аксарияти ҳанафий мазҳабидадир. Қрим, Озарбайжон, Доғистонда кўпроқ, Яман, Адан, Ҳижоз, Миср ва Фаластинда озроқ, Сурия ва Тунисда эса ундан ҳам оз ҳанафийлар яшайди.

Ўрта Осиё халқлари асрлар давомида ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабни деярли кўрмаган, қабул қилмаган, ҳозиргача соф ҳолда асраб келмоқда.

 

“Жавоҳир музиъа фий табақот ҳанафийя”,

 “Başlangiçtan Zamanimiza Kadar Islam Hukuk tarihi”,

“Мадхал ала мазҳаб Имом Аби Ҳанифа Нўъмон” асарлари асосида

Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси

 Соатмурод ЎРОЛ ўғли тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 15-сонидан