Мақолалар

Исроф – динимизга хилоф

Чоп этилди Sentabr 1, 2019 Исроф – динимизга хилофda fikr bildirishni o'chirish

Кичкиналигимизда ёши улуғлардан сувни тежаш ҳақида жуда кўп насиҳат эшитардик. Улар таҳоратни ҳам дарахт остида олар, “Беҳуда тўккан сувларимиз учун жавоб берамиз. Бежиз мисгарлар қумғон жўмрагини тор қилиб ясамайди”, дейишарди. “Сувга тупурманг, бавл қилманг, ахлат ташламанг”, деб қайта-қайта тайинларди раҳматли отам. Агар айтганини қилмасак, жазо олардик. Бугун эса ана шу меъёрлар унутилаётгандек, назаримда.
Авваллари сувига нон оқизиб ей диган тоза ариқлар бугун қўл ювишга ҳам ярамайдиган ҳолга келгани ҳақиқат. Негаки, боболар, оталар насиҳатларига амал қилмай қўйилди. Шугина эмас, уларнинг оддий , лекин сув тежашдаги энг самарали усуллари ҳам унутилди.

Масалан, ўтмишда канал, ариқлар баланд ердан қазиб келтирилган. Чунки бунинг натижасида оқим тез бўлган. Қўшимча равишда сув йўли торай тирилса, тез оқим ҳисобига сувнинг беҳуда ерга сингиши камаяди. Ён қирғоқларга мевали, манзарали дарахтлар экилса, нур устига нур – ҳаво тозаланади.

Демак, ҳар қандай ҳолатда сув тўпланиб, тўхтаб қолишининг олдини олиш зарур. Чунки бундай сувлар яроқсиз бўлибгина қолмай , катта исроф ҳамдир. Ерга сингиб, ҳавога учиб йўқ бўлиб кетади. Ҳар йили катта каналлардан электронасос ёрдамида олиниб, чуқур ва энли ариқ, анҳорларга қуйиладиган сувларда бу ҳолатни аниқ кузатиш мумкин. Экин майдонларининг нотекислиги ҳам катта миқдордаги обиҳаётнинг беҳуда сарфланишига, ҳосилдорлик пасай ишига олиб келади. Бундай жойларга текис сатҳли далаларга қараганда икки баробар кўп сув сарфланади.

Раҳматли дадамнинг ажойиб тарбиявий услублари бор эди. “Ёзда миянг қай намаса, қишда қозон қайнамас!” деб эшак аравалар ёрдамида молхонадаги маҳаллий ўғитни томорқамизга ташиттириб, тўктириб чиқарди. Кейин: “Чарчамадингизми? Энди тўкимларни ёйиб чиқинг!” деб буюрарди. Ўзи эса тайёр турган сувни очиб юборарди. Бизлар сувда қолиб кетмаслик учун ўғитни бирпасда ёйиб ташлардик. Ишни қандай битирганимизни сезмай ҳам қолардик.

Шуларни эслаб, оталаримиз фақат миришкор деҳқонгина бўлиб қолмай, динимиз арконларига оғишмай амал қилган одамлар бўлишганига амин бўлдим. Чунки ҳамма сир-асрорини пухта ўрганиб, ишининг устаси бўлиш – динимиз тавсияси, барча неъматлар қаторида сувни ҳам тежаб-тергаб ишлатиш Исломнинг қатъий буйруғидир. Уларга эргашсак, асло кам бўлмаймиз.

Алимбой ИСМОИЛОВ

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани

“Ҳидоят”журналининг 2019 йил, 7-сонидан