Мақолалар

Афв этилган собиқ «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоси: «Нималарни бой берганимни яна бир карра ҳис қилдим»

Чоп этилди Avgust 29, 2019 Афв этилган собиқ «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоси: «Нималарни бой берганимни яна бир карра ҳис қилдим»da fikr bildirishni o'chirish

ЎзА афв этилган собиқ «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзоси ҳақида мақола чоп этди. Унда 2019 йил 27 августдаги «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармони билан афв этилган 65 нафар фуқаронинг бири ҳақида сўз борган. Қуйида ушбу мақола тўлиғича ҳавола этилди.

Йигирма ёшли йигит гарчи вояга етган бўлса ҳам у ҳали ҳаётда оқ ва қорани ажратадиган даражада мустақил шахсга айланмаган бўлади.

Ўшанда андижонлик Ҳасанбой ҳам айнан шу ёшда эди. Болалигидан отаси намоз ўқишни ўргатгани боис динга эътиқоди баланд эди. Унинг шу хусусиятидан бошқа мақсадда фойдаланишни ният қилган шахслар уни ўз даврасига чақиришди. Бу Ўзбекистонда фаолияти тақиқланган диний-экстремистик руҳдаги «Ҳизб ут-Таҳрир» ташкилотининг кичик бир ячейкаси эди. Бу ерда дин ҳақида чиройли гаплар айтилгани йигитчани тезда ўзига ром қилди.

Турли оқимлар ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган Ҳасанбой кирган йўлини тўғри, деб ўйларди. Ён-атрофда бўлаётган бошқа ишлар динга хилофлигини уқтиришгач, унинг жамиятга, давлатга муносабати ўзгарди.

«2000 йил арафасида Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик кўрилаётган эди, — дейди Ҳ.Тошбоев — Биз шу сайловга қарши чиқишга қаратилган чақириқлар ёзилган варақаларни тарқатардик. Шундай кунларнинг бирида қўлга тушиб қолдим. Узоқ йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлсам ҳам заррача афсусланмасдим, ўзимни гўёки дин йўлида фидойилик кўрсатган ‘қаҳрамон’, деб ўйлардим. Аммо қилмишимнинг динга мутлақо алоқаси йўқлигини, йигит умрим панжара ортида увол бўлишини, ‘Ҳизб ут-Таҳрир’ йўли хато йўл эканини жуда кеч англадим».

Инсон эрки чекланувчи панжара ортида йиллар ўтар экан гоҳ Қарши, гоҳ Навоийдаги қамоқхоналарда ўтириб, йигитнинг кўзи барибир очилди. Андижондаги вояга етган сўлим ота ҳовлиси ҳар куни кўзидан минг бор ўтар экан, афсус-надомати гоҳида еру кўкка сиғмасди. Йўқлаб келгувчи отаси вафот этгач, она юртдан келгувчи умид сабоси ҳам тўхтади.

Ҳали қирққа кирмай ҳаётдан умидини узган Ҳасанбой Тошбоевга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги арафасида афв этишга оид фармони эълон қилингани, унда унинг ўзи ҳам борлиги яна бир умид берди. Бу умид унинг кейинги ҳаёт йўлини ёрица, қолган умрини ҳалол яшаш, оила қуриш, фарзанд кўриш, яқинлари, дўстлари қуршовида кўнгли обод бўлиб яшашга йўл очган бўлса ажаб эмас.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 августдаги «Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармони билан афв этилган 65 нафар фуқаро орасида Ҳ.Тошбоев ҳам бор эди. Фармон ижроси шу куннинг ўзида таъминланиб, қаҳрамонимиз ҳам она юртига йўл олди.

Андижоннинг Қорасув шаҳридаги ота ҳовлисига кириб борар экан, Ҳасанбойни ака-укалари, опалари, дўстлари кўзда ёш билан қарши олишди. Болалигидан кўнгли тоза, меҳнаткаш, одамларнинг кўнглига тез йўл топа оладиган ўша беғубор йигитчани орадан шунча йил ўтган бўлса ҳам унутиб юборишмаган эди.

«Президентимизнинг мени кечириб, имкон берганидан бир суюнган бўлсам, яқинларимнинг илиқ муносабати ҳам кўнглимни тоғдек кўтарди», — дейди Ҳ.Тошбоев. — Айниқса, тенгқур жўраларим билан тонггача суҳбатлашдик. Уларнинг оилалари, вояга етиб қолган фарзандларига жуда ҳавас қилдим. Нималарни бой берганимни яна бир карра ҳис қилдим. Ҳаётнинг мазмун-моҳияти мана нимада экан, дедим ўзимга-ўзим. Яхшиямки, болалигимдан ота-онам турли ҳунарлар ўрганишимга шароит яратган. Ёғоч ўймакорлигининг мураккаб усуллари билан бир қаторда қурилиш-таъмирлаш ишларидан ҳам яхши хабарим бор. Тезда ишга киришаман, ҳаётимни изга соламан, деган ниятдаман».

Мулоҳазали, одоб билан сўзлаётган бу инсондаги қатъият энди унинг тўғри йўлдан кетишига кўмаклашади, шубҳасиз.