Мақолалар

Ўзимизга зулм қилмайлик

Чоп этилди Yanvar 16, 2019 No Comments

Халқимизнинг асрлар оша сақланиб келаётган удумларидан бири тўйлардир. Бунда чиройли дастурхон ёзилиб, яхши тилаклар билдирилади. Карнай-сурнай чалинади, хонандалар таклиф этилади… Тўйхонага товуш кучайтирувчи жиҳозлар ўрнатилади…

Қадимги асрларда ҳам ота-боболаримиз ҳаётида товушлар муҳим ўрин тутган. Товушларга қараб улар атроф-муҳитга мослашган, хавф-хатарни сезган. Оналар фарзандларини алла айтиб, оҳанг билан тинчлантиришган, тарбиялашган. Товушлар ҳақидаги фан “Акустика”дир. Товушларнинг берк жойларда кўп марта қайтиши “реверберация” дейилади. Хона ёки ҳовлида реверберацияни камайтириш мумкин. Бунинг учун хонага гилам, ғовак нарсалар осиб қўйилса бўлди. Реверберацияни кучайтириш ҳам мумкин. Мисол учун концерт заллари товуш кучайтиришга мослаштирилади. Товушлар оҳанг ва шовқинга бўлинади. Оҳанг деб доимий ёки маълум вақт оралиғида товуш тебранишлари ўзгариб туришига айтилади. Шовқин эса бир неча мураккаб оҳангларнинг тартибсиз йиғиндисидир.

Товушни кучи телефон ихтирочиси Александр Бел шарафига “бел” бирлигида ўлчанади. Қулай бўлиши учун “бел”нинг ўндан бири – “децибел” бирлиги ишлатилади. Мисол учун: 0-13 бел эмас, балки 0-130 децибелгача, деб қўлланилади. Қуйида ҳар хил товушларнинг децибел бирлигини кўриб чиқамиз.

  1. Шивирлаш, пичирлаш, барглар шитирлаши – 20-30 децибел.
  2. Оддий сўзлашув, қоғоз йиртилгандаги товуш – 40-60 децибел.
  3. Қаттиқ сўзлашув, йўтал, кундузи кўчадаги товуш – 60-70 децибел.
  4. Оркестр, радиодаги мусиқа, автомобил товуши – 70-80 децибел.
  5. Қичқириқ, поезд товуши, мотоцикл товуши – 80-90 децибел.
  6. Самолёт мотори, кемасозлик цехи, артиллерия товуши – 100-120 децибел.
  7. Реактив двигател шовқини – 120-140 децибел.

Товуш тўлқинлари, шовқиннинг таъсир доираси, кучига кўра 3 гуруҳга бўлинади:

1-гуруҳ ўзининг доимий ёқимсиз таъсирига қарамай марказий асаб тизими ва эшитиш органларига ножўя таъсир қилмайди, чунки унинг кучи 80 децибелгача бўлади. 2-гуруҳ шовқинларни узоқ муддат эшитганда эшитиш қобилияти сезиларли даражада пасаяди. Бу шовқинларнинг кучи, таъсири 85–95 (дб)дан 130-135 децибелгача. 3-гуруҳ – механик шовқинлар таъсир доираси анча юқори бўлиб, қисқа муддатда кар бўлишга, ундан бошқа зарарланишга ҳам олиб келади. Чунки бундай шовқинлар кучи 140 (дб)дан юқори бўлиб, ҳалокатли чегара ҳисобланади. Айтганимиздек, 80 (дб)дан ошган товушлар юрак фаолияти, асаб тизими ва эшитув органларига зарарли таъсир қилади.

Ўта юқори даражадаги шовқин эса инсоннинг ўлимига сабаб бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: «Биз уларнинг устига бир қичқириқ юборган эдик, улар худди қўранинг чўплари каби (яксон) бўлдилар» (Қамар сураси, 31-оят).

Ўрта асрларда ўта оғир жиноятга “Қўнғироқлар остида ўлим” деган қатл тури бўлган. Жиноятчи шовқин – кучли товуш остида азобланиб, узоқ давом этадиган, аста-секин ўлим топадиган қийноққа солинган.

Бугунга келиб тўй-маросимларда, замонавий товуш кучайтиргичлар ёрдамида 100–130 децибел ва ундан юқори шовқин кўтарилаётганига эътибор қиляпмизми? Ахир, бу билан биз ўзимизни ўзимиз бемор ёки ҳалок қилишга сабаб бўлмаяпмизми? “Чанг зарарли, у, зарарли, бу зарарли, микроб кўп, касал бўласан, деб болаларимизга уқтирамиз-у, шовқин ҳам ўта зарарли эканини унутиб қўямиз. Ҳеч ким ўйламайдики, бу шовқинлар маҳалладаги беморлар, ҳомиладор аёллар, кекса кишиларга қандай салбий таъсир қилмоқда? Барчамизни Яратган Зот қаттиқ огоҳлантиради: «Зулм қилганларни қичқириқ тутди. Бас, (улар ўз) уйларида мурдага айландилар» (Ҳуд сураси, 67-оят).

 

Абдувоҳид АКРАМОВ,

онколог шифокор,

Бешариқ тумани

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan