Мақолалар

Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!

Чоп этилди Avgust 30, 2019 Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!da fikr bildirishni o'chirish

 

Юртга мақтов эмас, муҳаббат керак,

Яна ўз сўзимга қайтдим, гумон йўқ:

«Ўзбек кўп бутун ер юзида, аммо

Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ!»

 

Азизлар исмига ватандир нисбат,

Елгай юрт номида суворий бўлиб:

Бежизми, Исмоил ўғли Муҳаммад

Жаҳонга танилди Бухорий бўлиб!

 

Жаҳолат нажотга бўлолмас гаров,

Гарчи дунё иши бўлур нисбатан.

Ватанни юксакка кўтарса биров,

Бировни юксакка кўтаргай Ватан!

 

Маҳшар талошида иймондан бўлак

Нима бор нажотга бергувчи имкон? –

Термизий бермаса маънодан дарак,

Термизни танирди қайси бир инсон?!

 

Пайғамбар боғида туш кўриб озод,

Фақиҳ деб аталди, бўлди юртга зеб:

Дунёни ғафлатдан уйғотган бу зот

Аталди Абул-Лайс Самарқандий деб!

 

Адолат зимнида гуркирар ҳаёт,

Бўлмас муҳаббатсиз шижоат, азм.

Ошиқ Хоразмийлар қоқмаса қанот,

Қайга ҳам учарди буюк Хоразм?!

 

Ёзувсиз харита қитъаларидек,

Юракка ёзилур Бистомий, Шомий.

Туғилиш ва ўлим нуқталаридек,

Мавлоно аталмиш Балхий ва Румий!

 

Азиз Ўзбекистон! Сени ким севмас,

Азизлар бешиги, эй шонли юрак!

Эл бахти сен билан бўлса чамбарчас,

Сенинг ҳам эл билан бахтинг муштарак.

 

Йўлинг пок, сафаринг бехатар бўлсин,

Абадият сари талпин, елиб уч!

Ким аслий Ватандан бехабар бўлса,

Умри пуч, сўзи пуч, ғоялари пуч!

 

Қайтсанг, яхшиликка қайтгил, эй дунё!

Мен ҳам ўз сўзимга қайтдим, гумон йўқ:

Ўзбек кўп бутун Ер юзида, аммо

Оламда бошқа ҳеч Ўзбекистон йўқ.

Мирзо КЕНЖАБЕК,

шоир