Ўзбекистон янгиликлари

Хоразмда 60 ўринли «Халқаро физика ва математика мактаби» очилади

Чоп этилди Avgust 30, 2019 Хоразмда 60 ўринли «Халқаро физика ва математика мактаби» очиладиda fikr bildirishni o'chirish

Хоразмда Ал-Хоразмий номидаги «Халқаро физика ва математика мактаби»ни ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори тайёрланди.

«Хоразм вилояти, Шовот тумани, Комилжон Отаниёзов кўчаси, 65-уй манзилда жойлашган айрим фанлар чуқур ўрганиладиган 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернатига Ал-Хоразмий номидаги «Халқаро физика ва математика мактаби» мақомини бериш; бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ва Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан халқаро мактабни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш, шунингдек, мактаб учун 20 ўринли меҳмонхона биносини қуриш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин», — дейилади ҳужжатда.

Лойиҳада айтилишича, 2020—2021-ўқув йилидан бошлаб халқаро мактабнинг 7-синфига 60 нафар ўқувчи қабул қилинади.

Халқ таълими вазирлигига халқаро мактабнинг моддий-техника базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

Халқаро мактабда хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳисобланган тегишли фанларни ўзлаштиришга иштиёқли ва иқтидорли ўқувчиларни шартнома асосида таълим олишига имконият яратилади.

2020—2021-ўқув йилидан бошлаб халқаро мактаб директори, ўринбосарлари ва ўқитувчиларига Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобига 100 фоиз қўшимча устама ҳақ тўланади.

Халқаро мактабда ўқувчиларга янада чуқурроқ билим бериш, хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаси ва ўқитиш методикасини татбиқ этиш учун хорижий мамлакатлардан ўқитувчиларни ишга қабул қилишга ҳамда аниқ ва табиий фанлар, шунингдек, чет тилларининг чуқур ўқитилишини таъминлаш мақсадида илғор хорижий мамлакатларнинг ўқув дастурларини татбиқ этишга русхат берилади.

Давлат тест маркази билан биргаликда халқаро мактабга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида математика ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик диагностика ўтказилади, икки ой муддатда халқаро мактабнинг устави тасдиқланиб, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилади.