Мақолалар

ТИНЧЛИГИМИЗГА КЎЗ ТЕГМАСИН

Чоп этилди Yanvar 16, 2019 No Comments

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ билан суҳбат

 – Муҳтарам домла, аввало, кейинги пайтларда диний соҳада бўлаётган ўзгаришларнинг вилоят миқёсидаги инъикоси ҳақида цисқача айтиб ўтсангиз?

– Бисмиллоҳир раҳмонир раҳим. Бугун юртимизнинг барча жойларида бўлаётгани каби Сирдарё вилоятида ҳам бунёдкорлик ишлари авж олган. Жумладан, жорий йилда Ховос туманида “Ховос” жоме масжиди ва Боёвут туманида “Ҳазрати Хизр” жоме масжиди замонавий лойиҳа асосида янгидан бунёд этилиб, халқимизга фойдаланиш учун топширилди. Сирдарё туманида муҳташам “Аҳмад ибн Малик” масжиди фаолият бошлади. Юртбошимиз ташаббуси билан ўтказилган “Қуръон мусобақаси – 2018” кўрик-танловида вилоят миқёсида 57 нафар қори, 31 нафар қория иштирок этди. Ушбу мусобақанинг Республика босқичи тиловат йўналишида 26-40 ёшгача бўлган аёл-қизлар ўртасидаги беллашувда Шохистахон Аллаева шарафли 3-ўринга муносиб топилди.

Жорий йилда имом-хатиблар томонидан таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинларида эктремизм, терроризм, миссионерлик ва “оммавий маданият” каби ёт ғояларга қарши 2600 га яқин маънавий-маърифий тадбир, давра суҳбати ташкил этилди.

Вилоятимизда фаолият юритаётган 74 та масжид имом-хатибларининг ярмига яқини олий маълумотли. Айни пайтда тўрт нафар ўрта-махсус маълумотли имом-хатибимиз Тошкент институти сиртқи бўлимида таҳсил олмоқда.

Имом-хатиблар оилавий ажримларнинг олдини олиш, ажрашмоқчи бўлган оилаларни яраштиришда маҳалла фуқаролар йиғини, Ёшлар иттифоқи, Нуроний хайрия жамғармаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан фаол ҳакорликда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. мутасадди ташкилотлар билан фаол ҳамкорликда тушунтириш ишлари олиб боришмоқда. Жорий йил давомида улар иштирокида ўтказилган яраштириш тадбирлари натижасида 194 та оилавий ажримнинг олди олинди.

Баъзида қонуний никоҳдан ўтмаганларга шаръий никоҳ ўқиш ҳолатлари учраб туради.

– 2018 йилда вилоят имом-хатиблари томонидан қонуний никоҳдан ўтмаганларга шаръий никоҳ ўқиш ҳолатлари кузатилмаган. Аксинча, жорий йил тажрида сифатида Сирдарё туманида масжид имом-хатиби ва отинойилар, шунингдек, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштироқида ҳар жума куни ФҲДЁ биносида никоҳланиш арафасидаги келин-куёвлар, уларнинг ота-оналари билан суҳбат ташкил қилинмоқда. Унда тўй-ҳашамни ихчам қилиш, ортиқча ҳаражатларни қисқартириш, турли бидъатларга йўл қўймаслик бўйича тушунтиришлар берилаётир. Тажрибани вилоятдаги барча туман ва шаҳарларда жорий қилиш ҳаракатидамиз.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, деган. Динимизнинг бағрикенгликни эъзозлаш таълимотини фарзандларимиз онгига янада чуқурроқ сингдириш бугунги кунда янада долзарб бўлиб бормоқда…

– Мамлакатимиз сингари ҳудудимиз ҳам кўп миллатлидир. Вилоятда 70 дан ортиқ миллат вакиллари тотувликда, ўзаро ҳурматда ҳаёт кечирмоқда. Аҳоли ичида мусулмон, православ, католик, яхудий, корейс-протестанг, арман апостол черкови вакиллари ва бошқа конфессия аъзолари бор. 82 та диний ташкилотдан 8 таси ноисломий диний ташкилотдир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва салам) бу борада ҳам бутун инсониятга ибрат ва намуна бўлдилар. Кўплаб ҳадисларида ғайридинларга ҳам яхши муомалада бўлишга тарғиб қилганлар. Ўзлари ҳам аҳли китоб қўшнилари билан яхши а ҳадялар бериб, улардан ҳадялар қабул қилганлар. Зеро, бундай ҳаракатлар замирида бошқа дин вакилларининг динимиз ҳақидаги тушунча ва тасаввурлари шаклланади…

– Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): “Икки неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди. У хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

– Дарҳақиқат, тинчлик – энг катта ва бебаҳо неъмат. Зеро, ҳар бир жон, қайси касб, қандай мартабада бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтож. Бу неъмат туфайли инсон яшайди, Аллоҳга хотиржам ибодат қилади. Неъматлар шукрини қилиш ҳам тинчликни сақловчи омиллардандир. Аллоҳ таоло айтади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди- ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси, 7-оят).

Аллоҳ таолога чексиз шукроналар бўлсин, диёримиз истиқлолга эришиши ва жамиятимизда рўй берган ижобий ўзгаришлар билан мамлакатимиз мусулмонлари ҳаётида ҳам улкан бурилишлар юз берди. Ислом дини равнақи учун янги имкониятлар очилди. Халқимизга берилган бу улуғ неъматлар ҳақида сўз юритиш, уларни ёдга олиш айни лозим ишлардан. Зотан, Аллоҳ таоло: «Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!» деб амр қилади (Зуҳо сураси).

Ҳар тонг осуда туннинг ҳаловатли уйқусидан уйғонамиз. Тўкин дастурхон атрофида яқинларимиз билан нонушта қиламиз. Сўнг дуога қўл очамиз, ўқишга, ишга отланамиз. Йўл-йўлакай атрофга кўз югуртирамиз: обод кўчалар, кундан-кунга чирой очаётган маҳаллалар, янги бунёд этилаётган замонавий кўркам бинолар…

Дилдан шукроналик ҳисси ўтади: “Шундай ёруғ кунларга етказганингга шукр! Тинч, мусаффо осмонимизга кўз тегмасин!”

Абдулатиф АБДУЛЛАЕВ

суҳбатлашди.

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan