Ўзбекистон янгиликлари

Соҳибзода Ҳазрат мадрасаси қайта таъмирланмоқда

Чоп этилди Sentabr 2, 2019 Соҳибзода Ҳазрат мадрасаси қайта таъмирланмоқдаda fikr bildirishni o'chirish

 

Қўқоннинг Худоёрхон ўрдаси, Жомеъ мажмуаси каби Соҳибзода Ҳазрат, Норбўтабий, Камол Қози, Дастурхончи мадрасалари, Даҳмаи Шоҳон ва Модарихон мақбаралари ҳам қадимий меъморчилик обидаларидандир.

Тарихчиларнинг берган маълумотларига кўра, ўтмишда шаҳарда 660 та масжид, 67 та мадраса, 26 та қорихона, 100 дан зиёд хонақоҳ, олтита марказий бозор, ўнлаб махсус бозорлар, ўттизга яқин карвонсарой ва бошқа турли миллий меъморчилик намуналари, ўнлаб оврўпоча иморатлар бор бўлган. Уларнинг бир қисми 1918 йилдаги уруш оқибатида вайрон бўлди, катта қисми собиқ тузим даврида бузиб юборилди. Шундай бўлсада Қўқон ёдгорликлари нуфузи бўйича водийда биринчи ўринда туради.

Қўқон шаҳрида илк бор ўтказиладиган халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик ишлари доирасида тарихий обидаларда ҳам реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, Муқимий ҳужра музейи жойлашган Соҳибзода Ҳазрат мадрасаси тажрибали усталар томонидан таъмирланмоқда.

Мазкур тарихий обида 1827-1860 йилларда тасаввуфнинг йирик намояндаси, уламо ва давлат арбоби Миён Фазл Аҳад – Соҳибзода Ҳазрат томонидан қурилган. Соҳибзода Ҳазрат 1825 йилда Қўқон хонларининг таклифига биноан Пешовар шаҳридан кўчиб келган. Маҳалла ҳовлилар оралиқларидаги бўш сайхонликларда қурилган. Шу туфайли мадраса тарихи ўзига хос бўлиб, уч ҳовлили мажмуа ҳосил қилган. Мадрасанинг асосий пештоқи жанубий ҳовлининг ғарбга қараган томонида бўлиб, бинога гумбазли дарвозахона орқали кирилади.

Бинонинг меъмори маълум эмас. Ўйма нақшли муҳташам дарвоза эса Искандар Ҳожа томонидан ясалган. Дарвозахонага ёндашган ҳужраларда ҳозирги пайтда Муқимий ҳужра музейи жойлашган. Шимолий ҳовлининг майдони ҳужралар билан ўралган. Ғарбий ҳовли ҳужралар ва дарсхоналар билан ўраб олинган. Мадрасанинг уч ҳовлидан иборат эканлиги шундан дарак берадики, ҳар бир ҳовли мадраса таҳсилининг турли босқичлари (адно, авсат, аъло – қуйи, ўрта, олий) учун мўлжалланган. Бино пишиқ ғиштдан қурилган бўлиб, ички томонлари – хоналар ганч билан сувалган. Мадрасада улуғ шоирлар Муҳаммад Аминхўжа Муқимий ва Муҳйи Хўқандий яшаб ижод қилган. Мадраса 24 ҳужрадан иборат бўлган.

Музей учта ҳовлидан иборат бўлиб, Шоҳи атлас тўқиш фабрикаси фойдаланиб турган қисми ҳам тарихий обида тасарруфига қайтарилди. Таъмирлаш ишлари давомида қаровсиз турган бу жойлар 50 машинадан зиёд чиқиндилардан тозаланди. 22 та ҳужра аслига мос ҳолда таъмирланмоқда, барча ҳужраларни тиклашга қаратилган қурилиш ишлари бажарилаётир. Захлашнинг олдини олиш, ушбу тарихий меъморчилик обидасини келгуси авлодларга ҳам етказиш мақсадида зарур чоралар кўрилмоқда.

 

М.Сулаймонов, ЎзА